9. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олинишини ташкил этиш. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ҳамда уларга оид битимларнинг давлат рўйхатига олиниши тартиби 1999 йил 27 майда №736 сон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган “Ўзбекистон Республикасида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида” Йўриқнома билан белгиланади.
Ер участкаларини давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
- ер участкаларига мулкчилик ҳуқуқи пайдо бўлганда - мулкчилик ҳуқуқига давлат ордери, олди-сотди шартномалари ва қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар асосида;
- ер участкаларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлганда - ерни бериш тўғрисида тегишли органнинг (мансабдор шахснинг) қарори асосида;
- ижара ҳуқуқи пайдо бўлганда - ер участкасини ижарага бериш тўғрисидаги қарор ва ижара шартномаси асосида;
- ер участкаларига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ўтказилганда - бинолар ва иншоотларнинг олди-сотди шартномаси, уларни алмаштириш, ҳадя қилиш, рента шартномаси, мерос ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома ёки мулк эгасининг ёхуд унинг ваколатли органининг (шахснинг) қарори асосида;
- сервитутларда - шартнома ёки суд қарори асосида;
- мушкуллаштиришда - тегишли органларнинг қарорлари асосида.
Ер участкаларига бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш қуйидаги изчилликда амалга оширилади:
- ариза қабул қилинади;
- ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ва материаллар текшириб кўрилади;
- аризаларни қабул қилиш реестрида ариза қайд этилади;
- ер участкасига бўлган ҳуқуқлар рўйхатга олинади;
- ер участкасига бўлган ҳуқуқлар рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома субъектга берилади.
Ер участкасига рўйхатга олинаётган ҳуқуқнинг турига қараб юридик ёки жимоний шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:
- ҳуқуқнинг пайдо бўлиши, ўтиши, чекланиши ёки тўхтатилишини тасдиқловчи ҳужжатлар (1-илова);
- ер участкасини баҳолаш материаллари (тупроқлар бонитети, қийматини баҳолаш ва ҳ.к.);
- белгиланган тартибда тасдиқланган ер участкасининг кадастр режаси.
10. Ерга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқларини ҳамда ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини белгиланган тартибда ушбу Кодекснинг 36-моддасига мувофиқ бекор қилиш. Бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда;
2) ер участкаси берилган муддат тугаганда;
3) юридик шахс тугатилганда;
4) ерларни ижарага олиш шартномаси бекор қилинганда ёки бекор бўлганда;
5) хизматда фойдаланиш учун чек ер бериб қўйишга асос бўлган меҳнатга оид муносабатлар бекор бўлганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳол назарда тутилган бўлмаса;
6) ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида;
7) ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;
8) ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;
9) қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;
10) қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун бериб қўйилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида;
11) мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ордер кимошди савдоси асосида сотиб олинганидан кейин ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида, ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи гаровда бўлган тақдирда эса, - гаров шартномаси муддати мобайнида фойдаланилмаганида. Фойдаланилмаётган ер участкалари аввалги эгаларидан улар тўлаган ҳақ қиймати қопланган ҳолда олиб қўйилади;
12) ер участкаси ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда олиб қўйилганида.
Қонун ҳужжатларида ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқи, ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ва ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа ҳоллари ҳам назарда тутилиши мумкин.
Ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
1) савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми шу бинолар жойлашган ер участкалари билан бирга сотилганда;
2) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа бинолар ёки биноларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда қайта сотиб олинганда;
3) қонунда белгиланган ҳолларда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари, шунингдек уй-жой бинолари ва бошқа иморатлар ёки иморатларнинг бир қисми улар жойлашган ер участкалари билан бирга мусодара этилганда.
Ушбу модда биринчи қисмининг 1-11-бандларида кўрсатилган ҳолларда ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ердан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг тақдимномасига мувофиқ ҳуқуқлар тугатилишининг асосли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларга асосан тегишинча туманлар, шаҳарлар, вилоятлар ҳокимларининг қарорлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини, ер участкаларидан доимий ёки вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда мазкур мансабдор шахсларнинг қарорларидан норози бўлган юридик ва жисмоний шахслар ушбу қарорлар устидан судга шикоят қилишлари мумкин. Ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқини ёки ер участкасидан доимий ёхуд вақтинча фойдаланиш ҳуқуқини тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 6-10, 12-бандларида назарда тутилган ҳолларда ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқини тугатиш Ер кодексининг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ер участкасининг ижара шартномасини бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.
Ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечишидан яққол далолат берувчи хатти-ҳаракатлар (чет элга жўнаб кетганлик, ер участкасидан белгиланганидан кўпроқ муддат давомида фойдаланмаслик) содир этган тақдирда, бу ер участкаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгасиз мол-мулк тариқасида ҳисобга олинади.
Ер участкасига бўлган ҳуқуқлардан воз кечиш мазкур ер участкасининг эгалик қилувчиси, фойдаланувчиси, ижарачиси ҳамда мулкдори мажбуриятларининг, ер участкаси бошқа шахсга берилгунга қадар, бироқ воз кечилган пайтдан ёки эгасиз мол-мулк тариқасида давлат рўйхатига олинган кундан эътиборан узоғи билан бир йил мобайнида, бекор қилинишига сабаб бўлмайди.
11. Қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ташкил этилган, қайта ташкил этилган ва тугатилган ҳолларда, уларнинг ерга эгалик қилиши ва ердан фойдаланиши масалаларини ҳал этиш. Ер кодексининг 43-моддасида таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бериб қўйилган ёки ана шу мақсадлар учун белгиланган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ҳуқуқий ҳолати деганда Республиканинг нисбатан қимматли ер фонди тоифасидан фойдаланишнинг махсус тартиби тушунилади.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли бўлган барча ерлар фойдаланишнинг имтиёзли мақомига эга ҳисобланади. Бу қуйидагиларни англатади: