5. Фуқароларга, юридик шахсларга захира ерлардан ер участкасининг ўлчамидан қатъи назар, эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш.
Ер кодекси 8-моддасининг 1-7-бандларида кўрсатилган ер фонди тоифаларига киритилмаган ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб берилмаган (реализация қилинмаган) барча ерлар захира ерлардир.
Захира ерлар туман, шаҳар давлат ҳокимияти органларининг тасарруфида бўлади ва ушбу Кодексга мувофиқ асосан қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага беришга мўлжалланади14.
Захира ерлар Ўзбекистон ер фонди таркибининг мустақил категориясини ташкил этиб, уларнинг умумий майдони 7596,1 минг гектарни ёки ер фондининг 17,0%идан иборат.
Маълумки, ер участкаларининг давлат ҳокимияти органлари томонидан корхона, муассаса, ташкилотлар ўртасида тақсимланиши натижасида ерларнинг бир қисми тақсимланмай қолади, бу асосан, ўзлаштирилмаган ерлар бўлиб, улар заҳира ерларини ташкил этади. Бундан ташқари кўп ҳолларда ушбу ерлар уларни хўжалик муомиласига киритиш учун заҳира вазифасини ўтаб, бир вақтнинг ўзида экологик мувозанатни сақлайди.
Заҳира ерларидан фойдаланишни икки турга ажратиш мумкин. Биринчи тоифасини заҳира вазифасини бажарувчи ерлар, яъни келгусида, муайян шароитларда қишлоқ хўжалиги ва бошқа эҳтиёжлар учун фойдаланишга мўлжалланган ерлар; иккичи тоифасини – хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланишга яроқсиз бўлган ерлар ташкил этади.
Амалиёт гувоҳлик беришича, заҳира ерлари ер фондининг ҳар қандай бошқа тоифасига ўтказилиши мумкин. Бироқ бу фақатгина ер қонунчилиги талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилиши мумкин. Ер участкасини фойдаланиш мақсадига кўра бир тоифасидан бошқасига ўтказишда уларга янги категория мақоми тадбиқ этилади.
Ер участкаларидан муддатли фойдаланиш қисқа муддатли-уч йилгача ва узоқ муддатли-уч йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин. Қисқа муддатга фойдаланишга берилган ер участкалари муддати тугагач заҳира ерлари тоифасига киритилиши ёки ердан фойдаланувчига топширилиши мумкин. Ерлар узоқ муддатли фойдаланишга топширилганда ушбу ерлар захира ерлари категориясидан чиқади.
Захира ерлари асосан умумий боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантириш учун, шунингдек, бошқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган, транспорт, саноат, ишлаб чиқариш ёки қишлоқ хўжалиги учун фойдаланилиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, захира ерлар келгусида қишлоқ хўжалиги мақсадларида эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш учун имтиёзли ҳисобланади.
Захира ерлари туман ва шаҳар давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари захира ерлар қишлоқ хўжалиги ўзини-ўзи бошқариш органлари ихтиёрига ҳам берилиши мумкин.
Мазкур муассасалар санаб ўтилган мақсадлардан ташқари ерларни фуқароларга турар-жой қуриш ҳам беришлари мумкин. Албатта, бунда шуни инобатга олиш лозимки, ердан қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлмаслиги лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |