1. Тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.
Туманлар давлат ҳокимияти органларининг тупроқнинг унумддорлигини ошириш, ерлардан самарали ва оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, хусусан, “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тўғрисида”ги Қонунннинг 10-моддасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари белгиланган бўлиб, унга кўра туман ҳокими корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, деҳқон хўжаликлари ва фуқароларга эгалик қилиш, фойдаланиш учун ва ижарага ер беришга, бу субъектларнинг ерга эгалик қилиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйишга, шунингдек ерларни олиб қўйишга ҳақли бўлиб, қабул қилинган бу хусусдаги қарорлар халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланади. Ушбу қонуннинг 24-моддасида халқ депутатлари туман Кенгашининг асосий ваколатлари сифатида ҳокимнинг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туманнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш белгиланган.
Булардан ташқари, ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ташкилий масалаларни ҳамда назоратни ҳал қиладилар.
Ҳоким қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида ва бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.
Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасида кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идораларининг табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатларига ўз ҳудудида табиатни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш, минтақанинг (ҳудуднинг) экология дастурини тасдиқлаш; табиий ресурсларни ҳисобга олиш ва уларнинг аҳволига баҳо бериш, экология жиҳатидан зарарли бўлган объектларни рўйхатга олиш; табиатни муҳофаза қилишга доир тадбирларни моддий-техника жиҳатидан таъминлаш; табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи, саноат чиқиндиларини ёки рўзғор чиқиндиларини тўплаш ёки кўмиб ташлашга рухсатномаларни белгиланган тартибда бериш ёки уларни бекор қилиш; табиий ресурслардан фойдаланганлик учун тўловлар ундириш; табиатнинг муҳофаза қилиниши устидан назорат ўрнатиш, атроф муҳитга зарар етказаётган маҳаллий аҳамиятга молик объектлар фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатиш ва қайта ихтисослаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган бошқа масалаларни тартибга солиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идораларининг ваколатига киради.
Ерлардан фойдаланишни ҳудудий режалаштириш давлатнинг ушбу соҳадаги асосий ваколатларидан ҳисобланади. У ернинг табиий сифатларини, уларнинг ижтимоий, иқтисодий ва бошқа мақсадларини таҳлил этиш асосида амалга оширилади. Ерлардан фойдаланишни режалаштириш, бошқа давлат режалаштиришлари каби мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини дастурлаштиришга мўлжалланган. Режалаштириш жараёнида ерлардан фойдаланишнинг асосий мақсади белгиланади.
Ерлардан фойдаланишни режалаштириш туман ва бошқа маъмурий-ҳудудий бирликлар ер-хўжалик тузилиши комплекс ҳудудий схемасини тузишга йўналтирилган. Мазкур схемалар мавжуд ер тузилиши ҳужжатлари, давлат ер мониторинги маълумотлари, давлат ер кадастри маълумотлари асосида шаклланади.
Тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қуйидаги қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солинади:
“Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 24.11.1994 йилдаги N УП-1009 сонли Президент Фармони;
“Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 29.11.1994 йилдаги N 575 сонли Вазирлар Маҳкамаси қарори.
“Қорақалпоғистон Республикасида фойдаланилмаётган ерларни ҳамда паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерларини фуқароларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилишлари учун тажриба тариқасида бериш тўғрисида”ги Низом (29.11.1994 йилдаги N 575 сонли Вазирлар Маҳкамаси қарорига 2- илова);
Ушбу ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |