7.3. Ер участкаларини иморат қуриш учун бериш ва ундан фойдаланиш
7.4. Фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкалари бериш ёки реализация қилиш.
7.5. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилиниши.
Таянч иборалар: ер ажратиш, ер тузиш хизмати, фуқаролар, юридик шахслар, ижарачи, суднинг ҳал қилув қарори, комиссия, уй-жой қуриш, ободонлаштириш, мерос, ер участкасини сақлаш, экологик вазият, тупроқ унумдорлиги, жамоат эҳтиёжлари, мусодара.
Ер участкалари бериш (реализация қилиш) ва хусусийлаштириш
Ер участкалари бериш (реализация қилиш) Ер кодексининг 23-моддасига биноан тартибга солинади.
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилади.
Ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Эгаликдаги, фойдаланишдаги, ижарадаги ва мулк қилиб берилган ер участкасини бошқа шахсларга бериш (реализация қилиш) фақат шу участка белгиланган тартибда олиб қўйилганидан (сотиб олинганидан) кейин амалга оширилади.
Саноат корхоналари, темир йўллар ва автомобиль йўллари, алоқа ва электр ўтказиш линиялари, магистрал трубопроводлар қуриш учун, шунингдек қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ёки қишлоқ хўжалиги учун яроқсиз бўлган ерлар ёхуд қишлоқ хўжалигининг сифати ёмон ерлари берилади (реализация қилинади). Ўрмон фондига қарашли ерлардан мазкур мақсадлар учун ер участкалари бериш (реализация қилиш) асосан ўрмон билан қопланмаган майдонлар ёки бута ва арзонбаҳо дов-дарахтлар билан қопланган майдонлар ҳисобидан амалга оширилади.
Берилган (реализация қилинган) ер участкасининг чегараларини тегишли ер тузиш хизмати натурада (жойнинг ўзида) белгилагунига ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар мазкур ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга киришиш тақиқланади.
Ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ер ажратиб бериш икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда ер участкасини танлаш амалга оширилади. Иккинчи босқичда ер участкасида жойлаштириладиган обектлар лойиҳалаштирилади ва лойиҳа тегишли тартибда тасдиқланганидан сўнг ер участкасини ажратиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 34-моддасига мувофиқ қарор туман ёки вилоят ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш қомиссияларининг хулосалари асосида қабул қилинади. Ер тузиш хизмати органлари берилган ер участкасининг чегараларини натура (жойнинг ўзида) белгилагунларига ва ерга эгалик қилиш ёки фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар берилгунига қадар ана шу ер участкасига эгалик қилган ва фойдаланишга киришиш тақиқланади. Фермер хўжалиги юритиш учун ер участкаларини узоқ муддатли ижарага бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 300-сонли қарори билан тартибга солинган.
Ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ҳақ эвасига аукцион орқали реализация қилиниши мумкин. Фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 27-моддасига мувофиқ якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектар ва ушбу Кодекснинг 55-моддасига мувофиқ деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,06 гектар ер участкаси реализасия қилиниши мумкин. Фуқароларга ер участкаларини реализасия қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли қарори билан тасдиқланган «Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси обектларини улар жойлашган ер майдонлари билан биргаликда ҳамда ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун ҳусусий мулк сифатида сотиш тартиби тўғрисида»ги Низом (ҚТ, 1995 й., №4, 15-модда) билан тартибга солинади. Ер участкалари туман ва шаҳар ҳокимиятлари томонидан аниқланиб аукционга қўйилади. Аукцион давлат мулки қўмитаси органлари томонидан ташкил этилиб, аукционга қўйилган ер участкаларини бошланғич нархлари белгиланади. Аукционда энг юқори нарх таклиф этган шахс ерга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ордер беришади. Ер участкаси жойда ажратиб бериш ва ерга бўлган ҳуқуқларни рўйхатга олиш мазкур ордер асосида амалга оширилади.
Ер участкалари савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари билан бирга ҳусусийлаштирилганда аукцион орқали юридик ва жисмоний шахсларга Ер кодексининг 18-моддасига мувофиқ сотилиши мумкин. Ер участкаларини ҳусусий мулк асосида берилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 11 апрелдаги 126-сонли қарори билан тартибга солинган. Савдо ва хизмат кўрсатиш обектлари хусусийлаштириш жараёнида уларнинг қийматига ер участкаларининг қиймати қўшилиб аукционда бошланғич нарх белгиланади. Аукционда энг юқори нарх тавсия этган шахсга ер участкаси обектлар билан мулк бўлиб ўтади.
Ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиялари Ер кодексининг 34-моддасига биноан тартибга солинади.
Ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, ижарага бериш ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиялар тузилади. Комиссиялар таркибига ер ресурслари ва давлат кадастри (комиссия котиби), қишлоқ ва сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш, геология ва минерал ресурслар, давлат мулкини бошқариш, санитария-эпидемиология хизмати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари ва бошқа шахслар киритилади.
Ер участкаларидан қидирув ишлари учун фойдаланиш Ер кодексининг 25-моддасига биноан тартибга солинади.
Геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларини амалга оширувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар бу ишларни белгиланган тартибда қабул қилинган қарорлар ва тузилган шартномалар асосида барча тоифадаги ерларда ер эгаларидан, ердан фойдаланувчилардан, ижарачилардан ҳамда мулкдорлардан ер участкаларини олиб қўймаган ҳолда амалга оширишлари мумкин.
Суғориладиган ҳайдов ерларида, боғларда, токзорлар, тутзорлар, мевазорлар, тубдан яхшилаш ишлари амалга оширилган пичанзорлар ва яйловларда, ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерларда қидирув ишларини амалга ошириш учун рухсатномани вилоят ҳокими, бошқа ерларда эса, туман ва шаҳар ҳокимлари бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга берадилар, зарур ҳолларда бу муддатни узоғи билан яна бир йилга узайтиришга йўл қўйилади.
Табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларда қидирув ишларини амалга оширишга рухсатнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органлар томонидан берилади.
Қидирув ишларини олиб борувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар иш давомида бузилган ер участкаларини белгиланган мақсадларда фойдаланиш учун ўз ҳисобларидан яроқли ҳолатга келтиришлари ва ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига топширишлари, ерлар, экинзорлар, дов-дарахтлар, ўрмонлар, сувлар ва бошқа табиат объектларининг, трубопроводлар, канализация, мелиорация тармоқлари ва бошқа иншоотларнинг яроқли ҳолда сақланишини таъминлаш чораларини кўришлари, шунингдек ер участкаларини вақтинча эгаллаб туриш муносабати билан ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, ер участкаларининг ижарачиларига ҳамда мулкдорларига етказилган зарарни (шу жумладан бой берилган фойдани) қоплашлари шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |