Ўрмон фонди ерлари
Мамлакатимиз ер фонди таркибидаги муҳим тоифалардан бири ўрмон фонди ерларидир. Ушбу тоифа ерлар Ўзбекистон ер фонди таркибида мустақил фондни ташкил этади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 76-моддасида кўрсатилишича, ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар ўрмон фонди ерлари деб эътироф этилади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 8-модда 6-бандига кўра, ўрмон фонди ерлари икки қисмга: 1) ўрмон билан қопланган ва 2) ўрмон билан қопланмаган бўлса ҳам, ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерларга бўлинади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси (76-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 15 апрелда қабул қилинган «Ўрмон тўғрисида»ги Қонуни ўрмон фонди ва унинг ерларидан фойдаланиш режимига тааллуқли муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлардир. Бу қонун ҳужжатларида ўрмон фонди ерларининг ҳуқуқий ҳолати белгилаб берилган.
Кўрсатиб ўтилган норматив ҳужжатларга биноан Ўрмон фонди тушунчаси ва ўрмон фонди ерлари тушунчаси бир-бирига мутаносибдир. Шундай қилиб, ўрмон фонди деганда Давлат аҳамиятига эга бўлган ўрмонлар, яъни давлат ўрмон хўжалиги органлари қармоғидаги ўрмонлар, бошқа идоралар ва юридик шахслар фойдаланишидаги ўрмонлар англашилади (ЎзР «Ўрмон тўғрисида»ги қонуннинг, 5-моддаси).
Ўрмон фонди ерлари деганда ўрмон билан қопланган ерлар, шунингдек ўрмон билан қопланмаган, аммо ўрмон хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ерлар тушунилади (Ўрмон тўғрисидаги қонун 7-моддаси).
Давлат ўрмон фонди участкалари давлат ўрмон фондининг бир қисми бўлиб, уларнинг чегараси, майдони, жойлашган манзили, ҳуқуқий режими қайд этилган ҳамда чизма-картографик материалларда кўрсатилган бўлади.
Ўрмонлар билан қопланган барча майдонларни ўрмон фондига киритар экан қонунчилик баъзи бир истисноларни ҳам кўрсатиб ўтади. Масалан, дов-дарахтлар билан қопланган қуйидаги майдонлар ўрмон тушунчаси ва унинг мақсадига мос келмаслиги сабабли ўрмон фондига киритилмайди: 1) қишлоқ хўжалигига мўлжаланган ерлардаги иҳота дарахтлар ва тўп-тўп дарахтлар, экинзорларнинг иҳота дарахтзорлари, шунингдек бошқа дарахтзорлар ва бутазорлар; 2) темир йўл, автомобил йўллари, каналлар ва бошқа сув объектларининг ажратилган минтақаларидаги иҳота дарахтзорлари; 3) шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги дарахтлар ва тўп-тўп дарахтлар, шунингдек кўкаламзорлаштириш учун экилган ўсимликлар; 4) томорқалардаги ва боғ участкаларидаги дарахтлар ҳамда тўп-тўп дарахтлар. Ўрмон фонди ерларидан фойдаланишнинг асосий вазифаси ёғоч етиштиришдан иборат. Бу ерда ер бош ишлаб чиқариш воситаси сифатида бўлади. Шунинг учун ўрмон фонди ерларнинг катта қисмини ўрмонлар билан қопланган ерлар ташкил этади. Шу билан бир қаторда ўрмон фонди ерларига ўрмон билан қопланмаган, лекин ўрмон хўжалигига мўлжалланган ерлар ҳам киради. Буларга бўш жойлар, ниҳоллар вайрон бўлган жойлар, ёнган участкалар ва бошқаларни айтиш мумкин.
Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларига ўрмон билан қопланмаган ва дарахт ўстиришга ғам мўлжалланмаган, лекин ўрмон хўжалиги учун зарур бўлган ерлар ҳам киради. Буларга ўрмондаги йўллар, ариқ-зовурлар, ботқоқликлар, қумликлар киради. Ҳаракатдаги ўрмон қонунчилигига биноан мамлакатимиз ҳудудидаги барча ўрмонлар ягона давлат ўрмон фондини ташкил этади. Ана шу ўрмон фонди ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқининг объекти бўлиб ҳисобланади. Шуни таъкидлаш лозимки, барча дарахт-бутазорлар ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи объекти бўлмасдан, балки фақат ўрмон фонди таркибига киритилган, дарахт-бутазорлар билан қопланган ва дарахт-бутазорлар билан қопланмаган бўлсада, ўрмон фондига ажратилган ерлар ўрмонлардан фойдаланиш ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Ўрмон қонунчилигида давлат ўрмон фондига кирмайдиган, яьни ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи объекти ҳисобланмайдиган дарахтзор-бутазорлар ҳам кўрсатиб берилган. Демак, давлат ўрмон фондига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардаги дарахтлар ва дарахт гуруҳлари, темир йўл, автомобил йўллари ва каналлар бўйидаги иҳота дарахтзорлари, шаҳарларда ва бошқа аҳоли яшайдиган пунктларидаги шаҳар ўрмонлари билан банд бўлмаган ерларда ўсувчи дарахтлар ва дарахт гуруҳлари, шунингдек кўкаламзор ўсимликлар, томорқалардаги, дача ва боғ участкалардаги дарахтлар ҳамда дарахт гуруҳлари ўрмон фонди ерларига кирмайди.
Давлат ўрмон фонди участкалари юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилади. Ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижара асосида берилади. Демак, ўрмонлардан фойдаланиш ҳуқуқи доимий ёки вақтинчалик ҳарактер касб этади. Ўрмон фонди ерлари доимий эгалик қилишга берилган ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ўрмондан доимий фойдаланувчилардир. Ўрмондан вақтинчалик фойдаланиш қисқа муддатли, яъни уч йилгача ва узоқ муддатли ўн йилгача бўлиши мумкин. Ўрмондан фойдаланиш ҳуқуқи юридик ва жисмоний шахсларга давлат ўрмон хўжалиги органлари томонидан ёки улар ваколат берган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан берилади.
Ўрмонлардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасида пулликдир. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи белгиланган тартибда Давлат бюджетига ўрмон даромади сифатида келиб тушади ва ўрмон муҳофазаси, уни қайта ишлаш ва сифатини ошириш, ўрмон хўжаликларини рағбатлантириш, ўрмон тузиш ишлари каби мақсадларда ишлатилади. Ўрмондан фойдаланганлик учун тўлов ҳақи ёки ижара ҳақи ҳар йиллик ёки бир марталик ёҳуд ижара ҳақи шаклларида бўлиши мумкин. Уларнинг ҳажми ўрмонлардан фойдаланиш турларига кўра ўрмон билан қопланган ерлар, ўрмонлар билан қопланмаган ерларнинг ҳолати ва сифатига қараб белгиланади.
Ўзининг географик ҳолати, сув танқислиги, ҳавонинг қуруқлиги, кучли шамоллар бўлганлиги учун Ўзбекистон ҳудудининг фақат 18 фоизи ўрмонлар билан қопланган. Республика тоғларида арчазор ўрмонлар анчагина майдонларни ташкил этади. Ўрмон тақчиллигаи учун улар узоқ вақт давомида ёғоч тайёрлаш, кўмир сифатида, мол боқадиган майдонлар сифатида фойдаланилади. Ҳар йили кесишлар, мол боқишлар, болалар лагерлари қуриш, туристик базалар жойлаштириш бу қимматбаҳо ўрмонларни кунда майдонларига айлантириб қўйди, натижада улар ўзининг муҳим экологик вазифасини йўқотдилар. Буларнинг ҳаммаси ўрмонларга ўта муҳим муносабатда бўлишни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 76-моддасида Ўрмон фонди ерларини бошқа ер фонди ҳисобига кенгайтириш мумкинлиги белгиланган. Бунда қандай мақсадлар учун ўрмон фонди ерлари таркибига ер участкалари бериш мумкинлиги кўрсатилган. Бу ўрмонзорлар барпо этиш, жарликларнинг кенгайишини тўхтатиш, шаҳарлар ва саноат марказлари теварагида иҳота ўрмонзорлар ва кўкаламзор майдонлар яратиш, шунингдек кам ўрмонли ва ўрмонсиз районларни атрофини ўрмонлаштириш, дарё ва сув ҳавзаларини қирғоқларини дарахтлаштириш, тупроқ эрозиясини бартараф этиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва бошқаларга қаратилади.
Қоидага кўра, ўрмон фонди ерлари таркибига биринчи навбатда кам ҳосилли, ташландиқ ерлар, фойдаланилмаётган ерлар, заҳира ерлар, бутазор ерлар берилади. Ўрмон фонди ерлари таркибига ер бериш бу фақат қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўрмон фонди ерларидан қишлок хўжалиги мақсадлари учун ҳам фойдаланиши мумкин. Ўрмон фонди ерларида ўрмон хўжалиги учун ишлатилмаётган, лекин қишлоқ хўжалиги учун муҳим ахамият касб этадиган ерлар бўлади. Булар, масалан, пичанзорлар ва ўтлоқлардир. Туман ҳокимликлари ўрмон хўжалиги органлари билан келишиб, бу ер участкалардан вақтинчалик фойдаланиш учун ёки ижарага қишлоқ хўжалик корхоналарига беришга ҳақлидирлар. Бунда қишлоқ хўжалиги мақсадларида ишлатилаётган ўрмон фонди ерлари ўрмон хўжалигига зарар етказмаслиги керак Қишлоқ хўжалик корхоналарининг фаолияти шундай амалга оширилиши лозимки, улар ўрмонлар ёнғин хавфсизлиги ва санитария ҳолатларига риоя қилишлари шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |