Безакни папирос қоғози билан кўчириш. Бунда мовут, бахмал ва ялтироқ газламалар устига кашта гулини папирос қоғози устидан кўклаш йўли билан кўчирилади. Бунинг учун безакни папирос қоғозига кўчириб олиб, уни газлама устига қўйилади-да, бутун контури бўйлаб майда зич қавиқлар билан игнани олдинга йўналтириб тикиб чиқилади. Кейин қоғоз йиртиб ташланади. Кашта тикиб бўлингач, кўкланган ип сўкиб ташланади.
Безакни тешма кўчириш. Уни қоғозга чизиб олинади, устига калька қоғози қоғозини қўйиб, иккала қоғозни игна билан тўғналади, юмшоқ газлама ёки бир неча қават газета қоғози устига қўйилади. Безак контури бўйлаб эҳтиёткорлик билан ҳар икки, уч миллиметр оралиқда игна билан тешиб чиқилади. Натижада калька қоғози устида нуқталардан тешма кашта гули ҳосил бўлади.
Безакни нусха олиш қоғози ёрдамида кўчириш. Газламани олдин дазмоллаб, текис юза (стол, тахта) устига ёзиб қўйилади, бунда газламанинг асос ва арқоқ иплари қийшайиб қолмаслигига қараш керак. Безак (контур ва текис чок, сув чок, устки чок ва бошқа чоклар билан тикиладиган) чизилган калька қоғозини газлама устига қўйиб, тўғноғич билан қадаб қўйилади. Копировка қоғозини тўқ томонини газламага қаратиб, калька қоғози тагига қўйилади, учи яхши очилган қалам билан безак устидан чизиб чиқилади. Нусха олиш учун турли рангдаги нусха олиш қоғозлари бўлгани маъқул, шунда оч рангдаги газламага тўқ рангли (қора, кўк, яшил), тўқ рангли газламага оч рангли (оқ, сариқ) нусха олиш қоғози ишлатилади. Безак кўчириб бўлингач, нусха олиш қоғози олиниб, бир томондаги тўғноғичлар чиқарилади ва безак текширилади. Шундан кейин калька қоғози олиб ташланади.
Анъанавий каштачиликда қизил рангли шойига ипакдан дуруя, босма, чиндахаёл чокли икки томонлама кашта тикилган. Тўртбурчак шаклдаги композицияли каштанинг марказий тўртбурчак майдонининг тўрт бурчагида икки томонлама яшил, сариқ, кўк, ҳаворангли ипак иплар билан бутагул нақши тикилган. Кенг ҳошия икки томонлама арра тиши нақши тор чизимга олинган. Кенг ҳошияда ислимий сафсаргул, бутагул, ўсимликсимон нақшлар тўқ кўк, зангори, сариқ, ҳаворанг ипларда тикилган.
Малла ранг матога қўлда дуруя, босма, чиндахаёл чокли икки томонлама кашта тикилган. Тўртбурчак шаклидаги кашта теварагининг икки энсиз томонида қўлда тайёрланган зангори ва қизил рангли бахрома қилинган. Кашта композицияси марказий тўртбурчакнинг икки томонидан ноксимон шаклда яшил рангли баргли бута ичига сариқ, қизил, қирмизи рангли аноргул шохчаси билан тасвирланган. Марказий тўртбурчак атрофи энсиз икки қатор орасига олинган. Ислимий аноргул нусхали нақш билан безатилган кенг ҳошия билан ўралган. Ҳошия гуллари, буталари, барглари тўқ яшил, қизил, қирмизи, сариқ, оқ рангли ипак иплардан тикилган.
Юқорида таъкидлаганимиздек, юртимиздаги мавжуд каштачилик мактаблари каштачиликдаги асрлар давомида шаклланган ўз услубига эга.
Бухоро кашталарининг композиция тузилиши ва гуллари ҳам жуда хилма-хилдир. Бухоро кашталарида марказ ва бурчаклари бўртиб кўринувчи ёпиқ композиция кўпроқ учрайди. Бунда асосий мотив давра – турунж ҳисобланади. Давра (турунж) деталлари ўзининг турли-туманлиги билан кишини ҳайрон қолдиради. Улар концентрик айланаларга, сектор ва юлдуз каби шаклларга бўлинган бўлиб, ҳаммаси мотивни янги вариантлар билан тўлдиради. Бигиз – Бухорода “даравш” деб юритилади.
Бухоро кашталарининг хилма-хиллиги сабаб уларни таснифлаш мушкул. Бухоро кашталарининг ўзига хос белгиларидан бири уларда йўрма чокнинг маҳорат билан қўлланилишидир. Юзада қўшимча рельефли гул ҳосил қилувчи ва гулдаги шакллар тонининг ўзаро уйғунлашишини таъминловчи орнаментнинг ҳар бир детали йўрма чок билан алоҳида-алоҳида тикилади.
Самарқанд кашталари гулларининг йириклиги ва уйғунлиги ҳамда кўпинча босма чокда тикилиши билан Нурота ва Бухоро кашталаридан фарқ қилади. Самарқанд кашталарининг асосий мотиви барглар билан ўралган турунждан иборатдир. Қадимги кашталар кишига нозиклиги гулларининг хилма-хиллиги, батартиблиги ҳамда рангларнинг бир-бирига монандлиги билан таъсир этса, замонавий кашталар шаклларининг ўйноқилиги, ифодалилиги ва гулларининг ранг-баранглиги билан кишиларни мафтун этади. Самарқанд кашталарида маҳобатлилик ва фикрни очиқ ифода қилиш жиҳати сезилиб туради. Буни доира - турунжларнинг аниқ ритми, қора жимжималарининг аниқ, эркин соялари таъминлайди.
Тошкент кашталари – палак ва гулкўрпаларини безашда масалан юлдуз, катта-катта доиралар, гулли шохчалар каби мотивлар ишлатилади. Тикишда асосан босма чок қўлланилади. Тошкент палакларининг композицияси тўқ қизил рангли бир текис тикилган доиралардан иборат бўлиб, доираларнинг сонига қараб “олти ойлик палак”, “ўн икки ойлик палак” деб юритилади. Ҳозирги Тошкент замонавий кашталарида доиралар сони камайиб, қатори ўрнини янги усулдаги битта катта доира эгаллайди. Бундай палаклар “ой палак”, “қиз палак” ва “тоғора палак” деб аталади. Улар бир текис, фон (асос)ида очиқ жой қолмайдиган қилиб тикилади. Шу билан бирга кашта ранглари ҳам бир-бирига бутунлай қарама-қарши тусдаги ранглардир. Тошкент кашталарининг бошқа мактаб кашталаридан фарқи шундаки, унда бутун фон ипда тикиб бўялади. Кейин ўша фонга нақш тикилади.
Нурота кашталари бошқа вилоят кашталаридан ўзининг мукаммаллиги, аниқ ифодалари билан ажралиб туради. Нурота кашталари матонинг оқ фонини зич эгалламаган гулдондаги гулдаста ва гулзорлар каби нақшлар билан безатилади. Шунинг учун Нурота кашталари кўпинча ўсимлик гуллари, қуш суратлари билан жонлантирилган. Ҳошия (жияк)лар йўрма чокда тикилади. Нурота кашталари енгил, ёрқин бўлган қумранг, олтинранг, ҳаворанг, малинаранг, пуштиранг, оч кўк ранг ипаклар билан тикилади.
Шаҳризабз каштачилик санъати ўзининг яхши анъанасига эга, унинг қадимги нусхалари композициялари каштадан кўра кўпроқ гиламни эслатади. Марказида битта катта медальон, тўрт бурчагида ҳам худди шундай медальонлар тикиларди.
Шаҳрисабз кашталари асосан оқ матога босма, кандахаёл, ироқи чоклари билан тикилади. Бу кашталарнинг баъзилари баргсимон тасвирлар билан ўралган доира турунжлари ва гулларидаги нурсиз тони Самарқанд каштасини эслатади, бошқалари эса деталларга бой бўлиб, нақшлари жуда жонли ишланган. Гуллари жиҳатидан Бухоро ва Нурота кашталарига ҳамоҳанглигини кўрамиз. Шаҳрисабз кашталарининг безаклари афсонавий эртакларни эслатади. Шаҳрисабзнинг энг гўзал кашталари ироқи чокда бажарилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |