Шаҳрисабз каштачилик мактаби. Шаҳрисабз каштаси бой, турфа рангдаги гуллар нақши ишлатилиши билан ажралиб туради. Кашталарни тайёрлаш учун қўлда тикилган пахта ёки шоҳи мато, шунингдек, ипак ва жун ипларидан фойдаланилган. Шаҳрисабз сўзанаси мато бўйлаб жимжимадор гулларнинг ўта майда чокда тикилиши ва юқори сифатлилиги билан диққатни ўзига тортади. Кулранг пахта матосида бир-бирига кескин қизил ва яшил рангдаги нақш гулининг тикилиши эътибордан холи эмас.
Шаҳрисабз чеварлари кандахаёл, ироқи чокларидан кўпроқ фойдаланган. Шунингдек, улар босма, йўрма, чоклари ҳам ишлатишган.
Шаҳрисабз каштачилигининг асосий ҳамда қўшимча безаклари бой ва турли-туман шакллари билан ажралиб туради. Барглар ва гул зангилларидан иборат чексиз безаклар табиатдаги мўл-кўлчилик, баҳор, ҳаёт рамзини ифодалайди. Улар дунёнинг гўзал гўшаларидан бири бўлган Шаҳрисабз тароватини ўзида мужассам этган.
Шаҳрисабз аҳолисида рангли шойи матога ёки ип газламага йўрма чоки билан тикилган камёб кашталар кўплаб сақланади. Кашта композицияси марказий доира, юлдуз ёки бурчакларга йўналган 4 шохдан иборат. Ҳошияларнинг мотивлари ҳам шунга ўхшаш. Қадимги кашталарда гулларни паррандалар шакли билан жонлантиришга интилиш характерлидир.
XIX аср охирига оид Шаҳрисабз кашталари халқ санъатининг ноёб асарлари бўлиши баробарида, бу шаҳарларда темурийлар давридан сақланиб келаётган анъанавий маданият нечоғлик даражада бўлганлигидан ҳам далолат беради. Улар ўзбек халқининг моддий ва маънавий меросида алоҳида ўрин тутади.
Ҳозирда кўплаб уста-ҳунармандлар Шаҳрисабз каштачилик мактабининг ривожига, туризм салоҳиятининг ошишига, ёшлар маънавиятини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Улар орасида С.Низомова, Г.Одилова, Г.Чориева каби кўплаб ҳунармандлар уста-шогирд мактабларини яратиб, каштачилик анъаналарини келажак авлодга етказиш йўлида меҳнат қилмоқда.
Саодат Низомова – ҳозирги Шаҳрисабз каштачилик мактаби ёрқин вакили. ЮНЕСКО Сифат белгиси соҳибаси. Каштачиликнинг қадимий анъаналари давомчиси. Ҳунар сирларини бувиси Хосият Жалиловадан ўрганган. С.Низомова анъанавий ва замонавий каштачилик буюмлари, жумладан, ёстиқ жилдлари, ироқи услубдаги костюм, дўппи, оёқ кийимлари, сумка, ҳамён, рюкзаклар ишлаб чиқаради.
Уста ҳар йили маҳаллий бозор ва дўконларга етказиб берадиган 33 турдаги турли ўлчамли миллий кашта ва безак маҳсулотларига чет эллик сайёҳларнинг қизиқиши катта. Устанинг ҳунармандчилик устахонаси маҳаллий ва чет эллик сайёҳлар доимий ташриф буюрадиган маскан.
С.Низомова Хитой, Туркия, Италия, Франция каби кўпгина хорижий мамлакатлар ва МДҲ давлатларида ташкил килинган кўргазмаларда маҳсулотларини намойиш қилган. Юзлаб шогирдлар етиштирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |