АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ ҚУРИЛИШИ СМЕТА ҚИЙМАТИНИНГ ТАРКИБИ. 1.Қурилиш смета қийматини аниқлашнинг услубий асослари. Қурилишнинг смета қиймати - бу смета ҳужжалари лойиҳавий маълумотлар ва смета меъёрий базага мувофиқ аниқланган бутун қурилиш, алоҳида объектлар, ишлар ва харажатлар қийматидир.
Смета қиймати қуйидагилар учун асос бўлиб хизмат қилади:
фойдаланишга топшириладиган асосий фондларнинг баланс қийматини белгилаш учун.
Барча турдаги ишларни бажаришга кетган харажатлар иқтисодий моҳияти бўйича смета харажатларининг гуруҳланишини тасвирловчи мажмуавий калькулияцияли моддаларгабирлаштирилади. Калькуляцияли моддалар қурилишда сметали ҳисоблашларни бажаришининг қабул қилинган ягона услубиёти билан аниқланади.
Смета харажатларини гуруҳлаш қуйидаги моддаларни ажратишни назарда тутади:
тўғридан-тўғри харажатлар (ТТХ);
бошқа харажатлар (БХ);
рентабеллик (R).
Шундай қилиб, қурилиш-монтаж ишларининг смета қиймати қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:
СҚМИ=TTX+БX+R
Буюртмачи билан пудратчи ўртасида бажариладиган ишларнинг ҳисоб-китоблари учун зарур бўлган объектнинг тўлиқ қийматини аниқлаш мақсадида алоҳида конструктив элементлар ва ишларнинг қийматига лимитланган деб аталадиган қўшимча харажатлар (ЛХ) киритилади.
Лимитланган харажатларга, одатда, қуйидагилар киради:
вақтинчалик бино ва иншоатлар қурилишига сарф бўладиган харажатлар;
қиш вақтида амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари учун қўшимча харажатлар;
умумлашган сметали ҳисоблашда ҳисобга олинган бошқа харажатлар;
кўзда тутилган ишлар ва харажатдар учун заҳира маблағлари.
Тўғридан-тўғри харажатлар (ТТХ) – бу қурилиш ишлаб чиқаришининг технологияси ва маълум турдаги маҳсулотни тайёрлаш билан бевосита боғлиқ бўлган харажатлардир. Улар тўғридан-тўғри харажатлар деб аталади, чунки улар мавжуд смета меъёрлари ва нархлар асосида аниқ бир турдаги ишларнинг бирлигига нисбатан аниқланади.
Тўғридан-тўғри харажатларнинг миқдори ишларнинг қабул қилинган ўлчови (1000 м3, 1 м3 ва ҳ.з.)га нисбатан бирлик баҳо деб аталади.
Тўғридан-тўғри харажатлар лойиҳаларда назарда тутилган ишларнинг конструктив элементлари ва турлари бўйича ишлар ҳажмини бирлик баҳосига кўпайтириш билан аниқланади. Шундай қилиб, лойиҳавий ишларнинг ҳажми қанчалик катта бўлса, тўғридан-тўғри харажатлар миқдори ҳам шунга мувофиқ бўлади.
Тўғридан-тўғри харажатлар таркибига қуйидагилар киради:
қурилиш майдончалари доирасида қурилиш-монтаж ишларида банд бўлган ишчиларнинг асосий иш ҳақи (АИҲ);
машинистларнинг иш ҳаққини киритган ҳолда қурилиш ва йўл машиналари ҳамда транспорт воситалари қийматини (М ва МЭ);
материаллар, буюмлар, конструкциялар ва яримабъектлар (кейинчалик материаллар (М)) қиймати;
ишлаб чиқариш характеридаги бошқа харажатлар (БҚ).