6. Қадимги Хитой ҳуқуқи. Қадимги Хитой ҳуқуқий тизимининг муҳим хусусиятларидан бири шунда эдики, бу ерда ҳуқуқнинг шаклланишида иккита бир-бирига қарама-қарши фалсафий диний-ҳуқуқий таълимот - конфуцийлик ва легизм ўртасидаги ғоявий кураш жуда катта аҳамиятга эга бўлган.
Қадимги Хитой ҳуқуқи ривожланишида учта босқични ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчи босқич Шан (Ин) ва қадимги Чжоу даврига тўғри келиб, бу даврда Хитойда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда одоб-ахлоқ меъёрлари (ли) асосий рол ўйнаган.
Милоддан аввалги VI асрда хитойликлар орасида асрлар давомида шубҳасиз катта обрў-еътиборга сазовор бўлган Конфуций ўз таълимотини яратган. Конфуцийликнинг асосий фалсафий ғояси - уйғунлик ғояси бўлиб, унга кўра, уйғунлик умумий космик тартибнинг, дунёдаги мувозанатнинг ва, демак, одамлар бахтининг асосий шартидир. Бу ғоя ўз ичига одамлар ва табиат ўртасидаги уйғунлик сингари, одамларнинг "табиий тартибга", яъни яхши фазилатлар ва ахлоқ-одобга мос келиши лозим бўлган юриш-туришларида ифодаланадиган ўзлари орасидаги уйғунликни ҳам қамраб олади.
Қадимги Хитой ҳуқуқи ривожланишининг иккинчи босқичида, яъни Чжанго давридан (милоддан аввалги V-III аср) бошлаб мунтазам жазо комплексига ега бўлган ҳуқуқнинг роли кучайган. Бу даврда легизмнинг енг ёрқин вакили Шан Ян томонидан халқ ва давлатни бошқариш ҳақидаги легистларнинг мукаммал таълимоти яратилган.
Милоддан аввалги III асрнинг 2-ярмида қадимги Хитой ҳуқуқининг анъанавий белгилари ва институтларининг қарор топишига янги туртки берган иккита мафкуранинг қарама-қарши кураши жуда кескинлашган. Легизм биринчи Хитой империяси - Син давлатининг (милоддан аввалги 221-207 йиллар) расмий мафкураси бўлиб қолган. Син императори Шихуанди- милоддан аввалги 213 йилда конфуцийларнинг китобларини ёқиб юборишга буйруқ берган, конфуцийлик оқимига мансуб 400 та олимни қатл еттирган.
Хан сулоласининг ўрнатилиши билан қадимги Хитой ҳуқуқининг ташкил топишидаги охирги учинчи босқич (милоддан аввалги III аср - милоднинг III асри) - конфуцийларнинг расман ғалабаси босқичи бошланган.
Конфуцийлик ахлоқида ҳукмрон бўлган меъёрлар бундан буён куч билан, қаттиқ қонун ("фа") жазоси билан ўрнатилиши лозим бо`лган. Бу ортодоксал конфуцийликнинг қуйидагича қисқа ва аниқ қоидасида ҳам ўз аксини топган: "қаерда "ли" камлик қилса, ўша йерда "фа"ни қўллаш лозим, ёки нима "фа" бўйича жазоланса, у "ли" бўйича рухсат етилмайди, нимага "ли" бўйича рухсат етилган бўлса, уни "фа" бўйича жазолаш мумкин эмас".
Конфуцийлик ва легизмнинг қўшилиши шунга олиб келдики, "ли" меъёрлари енди мажбурийлик ва расмийлик характерини олган, ҳуқуққа еса ўша вақтда муқаддаслаштирилган кўпгина конфуцийлик асарлари - "Чжоу ли", "И ли", "Ли сзи" кабилар кўчирилган. Бу асарларда милоддан аввалги 1 минг йиллик 2-ярми бошларидаёқ конфуцийларнинг ахлоқ меъёрлари системалаштирилган ва мустаҳкамланган эди.
Милоддан аввалги Х асрда Чжоу давлатида ван – Му томонидан 3000 та моддага ега бўлган Жиноят кодекси - жазолар ҳақидаги қонуннома ишлаб чиқилган. Айбни енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар ҳақида гапирилган, еҳтиётсизликдан ва қасддан қилинган хатти-ҳаракатлар бир-биридан ажратилган. Қонуннома алоҳида суд қарорлари ёзуви бўлганлиги еҳтимолдан ҳоли емас, унда аввало одат ҳуқуқи меъёрлари мустаҳкамланган.
Хитойда ёзма қонунларнинг бир мунча кенг тарқалиши милоддан аввалги VI-V асрларга тўғри келади. Бу қадимги хитой жамиятининг табақалашуви кучайиши билан боғлиқ. Милоддан аввалги VI асрда Лу подшолигида қабул қилинган ер солиғи ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши, жамоа ер эгалигининг тугатилганлиги ва хусусий ер эгалигининг ўрнатилганлиги ҳам бежиз емас.
Хитойда айниқса Чжанго даврида қонунчилик фаолиятининг жуда тез ривожланиши еслатиб ўтилади. Бу милоддан аввалги V-III асрларда алоҳида хитой подшоликлари ўртасидаги оғир ва тинимсиз курашлар шароитида сиёсий аҳволни барқарорлаштириш мақсадларида қонунлардан фойдаланиш зарурияти билан боғлиқ.
Қадимги Хитойда милоддан аввалги 536 йилга тааллуқли "Қонунлар обзори" илк ёзма қонунларга ёрқин мисол бўла олади. Унда жиноятлар учун жазоларнинг қуйидаги бешта тури: тамға босиш, бурнини кесиш, битта ёки иккала оёғини кесиш, кастрация (ахталаш, бичиш) ва ўлим жазоси бериш назарда тутилган эди. Бу жазолар кейинчалик энг кўп тарқалган жазо турлари бўлиб қолган.
Милоддан аввалги V-IV асрларда легистларнинг илғор вакилларидан бири Ли Куй томонидан тузилган "Вей подшолиги қонунлари китоби" қадимги Хитойдаги илк қонунлар тўпламларидан муҳими ҳисобланади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ёзма қонунларнинг пайдо бўлиши одат ҳуқуқи меъёрларининг тугатилишига олиб келмаган.
Хитой анъанавий ҳуқуқида хусусий ҳуқуқ меъёрлари мустақил ривожланмаган. Лекин шунга қарамай Чжоу даврининг охирларидан бошлаб (милоддан аввалги IV-III асрларда) "ю" феъли "мулкка эга бўлиш" деган маънони билдирган.
Милоддан аввалги II аср ўрталаридан қатор подшоликлар ер олиш-сотиш ҳақида битимлар туза бошлаганлар.
Қадимги Хитойда ерлар билан бирга мулк ҳуқуқининг муҳим объекти қуллар бўлган. Шан (Ин) даврида қуллар чорвага тенглаштирилган. Улар давлат мулки ҳисобланган, қуллар гарчи хусусий шахслар егалигида бўлса-да, ҳали уларни олиш-сотиш бўлмаган. Чжоу даврида еса қул айирбошлаш, олиш-сотиш мумкин эди. Милоддан аввалги V-III асрларда икки тоифадаги қуллар: давлат қуллари ва хусусий қуллар мавжуд эди.
Шундай қилиб, қадимги Хитойда ерга нисбатан давлат, жамоа ва хусусий мулкчилик шакллари мавжуд бўлиб, вақт ўтиши билан мулкка егаликнинг охирги шакли тобора ривожланиб борган.
Қадимги Хитойда мажбуриятларнинг шартномалардан келиб чиқадиган тури кенг тарқалган. Ҳуқуқий манбаларда шартномаларнинг хилма-хил турлари эслаб ўтилган. Дастлабки шартномалардан бири айирбошлаш бўлиб, у аста-секин ўз ўрнини олди-сотди шартномасига бўшатиб борган. Ерни олиш-сотиш билан боғлиқ шартномалар кенг тарқалган. Манбаларнинг хабар беришича, милоднинг II асрида аёллар ва давлат қуллари ҳам ерларни олиш-сотиш шартномасини тузишлари мумкин бўлган. Ҳадя шартномаси ҳам жуда кўп учрайдиган шартномалардан эди. Ерларни, қулларни, араваларни, қурол-яроғ ва бошқа мулкларни ҳадя қилиш тез-тез бўлиб турадиган ҳодиса эди. Чжанго даврида қарз шартномаси бўлганлиги маълум, судхўрлик ривожланган. Қарз шартномаси қарздорлик тилхати билан расмийлаштирилган. Тўлов муддатини кечиктириш, гаровга қўйиш, ёзма мажбуриятлар бериш ҳоллари ҳам маълум. Қарз шартномасининг ривожланиши қарздорлик қулчилигининг пайдо бўлишига олиб келган. Милоддан аввалги V-III асрларда ерни ижарага бериш шартномаси айниқса тез-тез туғилиб турган. Бундан кейинги вақтларда шунингдек шахсий ижара шартномаси кенг тарқалган эди. Уларнинг шартлари асосан одат ҳуқуқи билан тартибга солинган.
Қадимги Хитойда оила патриархал характерга ега бўлган. Милоддан аввалги 356-350 йилларда Шан Ян кучли марказлашган ҳокимият ташкил этиш ўлида тўсиқ ҳисобланган нуфузли катта оилаларнинг, оилавий уруғ-аймоқларнинг ажралиб чиқишларига қарши курашиб, уларни мажбурий суратда бўлиб юборишга каратилган сиёсат юргизган.
Ли Сзининг V китобида никоҳ ёшининг ўзига хос қуйи ва юқори чегараси: еркаклар учун 16 ёшдан 30 ёшгача, аёллар учун 14 ёшдан 20 ёшгача қилиб белгиланган. Хотиннинг никоҳни бекор қилиш ҳуқуқи жуда чекланган.
Мерос ҳуқуқида аввало болалар, набиралар ва улар бўлмаса бошқа қариндошлар қонуний меросхўрлар сифатида чиққанлар. Оилада катта ўғил мерос олишда катта имтиёзга эга бўлган. Ота ўлганидан сўнг оила мулки унга ўтган ва у оила бошлиғига айланиб, бошқа оила аъзолари устидан ҳукмронлик қила бошлаган.
Қадимги Хитойда ҳуқуқнинг ривожланиши кўпроқ жиноят ҳуқуқи ривожланиши билан боғлиқ эди. Қадимги Хитой жиноят ҳуқуқида тугалланган жиноят ва суиқасд ўртасидаги фарқ ҳам ажратилган.
Жиноят ҳуқуқида айбни енгиллаштирадиган ва оғирлаштирадиган ҳолатлар ҳақидаги ҳуқуқий қоидалар конфуцийларнинг қуйидаги панд-насиҳатларида ҳам белгиланган: "Ота-оналарни ва қариндош-уруғларни бошқалар олдида кўпроқ севиш, кексаларга ҳар жиҳатдан ҳурмат кўрсатиш, ногиронларга ҳамдард ва болаларга раҳмдил бўлиш лозим". Шу муқаддас бурчлар нуқтаи назаридан 8 ёшдан кичик болалар ва 70 ёшдан катта кексалар тан жазоларидан озод етилганлар.
Манбаларда келтирилган маълумотларга караганда, Чжоу даврида Му кодексида ко`рсатилганидек, 3000 турдаги жиноят мавжуд бўлган. Буларнинг орасида давлатга қарши (исён, фитна), динга қарши (сеҳргарлик билан шуғулланиш, кулни кўчага ташлаш), шахсга қарши (одам ўлдириш, тан жароҳати етказиш), мулкка қарши (ўғрилик, талончилик, бировнинг чорвасини сўйиш), ҳарбий (қўшин йиғиладиган жойга белгиланган муддатда етиб келмаслик, жангда қўрқоқлик қилиш) жиноятлар муҳим ўрин тутган.
Қадимги Хитойда "бао" деган иборадан содир етилган жиноят учун ўч (қасос) олиш деган маънода фойдаланилган.
Жазо турлари турли даврларда бир-биридан жуда кам фарқ қилган. Подшо Му Қонунномасида жазоларнинг қуйидаги беш тури ажратиб кўрсатилган: 1) "мосин" (татуировка йўли билан юзга тамға босиш) - бу 1000 хил турли айблар учун қўлланган; 2) "исин" (бурунни кесиш) - бу ҳам 1000 хил турли айбларга нисбатан берилган; 3) "фейсин" (оёғини кесиш) - 500 хил турли айблар учун; 4) "чужин" (еркаклар учун кастрация ва аёллар учун қулга айлантириш) - 300 турли айблар учун; 5) "данисин" (бошини кесиш) - 200 турли айблар учун.
Жазоларнинг сургун, мансабидан бўшатиш ва жарима каби турлари ҳам мавжуд эди. Тан жазолари жарима тўлашга алмаштирилиши мумкин бўлган. Бунда албатта мулкдорларнинг манфаатлари назарда тутилган эди.
Ўлим жазоси ҳукми дарҳол ёки маълум муддат ўтгач ижро етилган.
Қадимги Хитойда суд ҳокимияти маъмурий ҳокимиятдан ажратилмаган. Aсосий суд ишлари вилоятларнинг маъмурий бошлиқлари -"префектлар" томонидан кўриб ҳал етилган. Префектларнинг суд фаолиятини ҳукуматнинг таникли чиновникларидан бири - "Буюк маъмур" кузатиб турган. Унга ҳар йилнинг охирида вилоятларнинг ҳукмдорлари ҳисобот берганлар. Энг олий суд ҳокимияти императорга тегишли бўлган. Император олий суд инстансияси ҳисобланган.
Манбаларнинг хабар беришича, ота ўз ўғлини содир етган жинояти учун ўлдириши ёки ўзини-ўзи ўлдиришга буйруқ бериши мумкин эди. Давлатга ва подшога қарши жиноятлар ҳақида барча кишилар хабар бериш ҳуқуқига ега бўлганлар.
Тергов натижалари ҳақида хулоса, айблов далолатномаси тузилган. Қадимдан "далилларни тақдим етиш", "айблаш" ва бошқа юридик иборалар кўп ишлатилган.Судда иш юзасидан аналогия (қиёслаш) бўйича қарорлар чиқариш кенг қўлланилган.
Фойдаланилган адабиётлар:
Авдиев В.И. Кадимги Шарк тарихи. Тошкент 1964.
Ражабов Р. Кадимги дунё тарихи. “Фан ва техника нашриёти ". Тошкент, 2009.
Муҳамедов.Ҳ. Хорижий мамлакатлар давлати ва ҳуқуқи. Тошкент,1999.
Do'stlaringiz bilan baham: |