5.2. Бошқарилишнинг умумий йўллари ва регулятор тизимларнинг иерархияси
Идора этиш системасининг таъсири туфайли организм оптимал режимда ишлайди ва ташқи таъсуротлар ҳамда ички ўзгаришларга жавоб бера олади. Организм ички муҳитининг ўзгармай, бирдек бўлиб туришига гомеостаз деб аталади. Организмнинг қуйидаги ҳолатларида баъзи кўрсаткичлар ўзгариши мумкин:
Онтогенез. Онтогенез даврида турли генларнинг фаоллиги турлича бўлади, баъзиларнинг таъсири тўхтаб қолади, баъзилари эса маълум даврларда фаол бўлади. Бунинг натижасида метаболик жараёнлар, аъзолар тузилиши, функционал ҳолати ўзгаради.
Циклик ўзгаришлар (биоритмлар). Ферментлар фаоллиги, гормонлар ва баъзи метаболитлар миқдорининг циклик ўзгариб туриши малум. Бу ўзгаришлар йилнинг мавсуми, сутканинг вақтига боғлиқ бўлиши мумкин.
Физиологик активликнинг ўзгаришлари. Улар ҳаракат активлиги, нерв системаси, сезги аъзолари, ҳазм қилиш системасининг функционал ҳолатига боғлиқдир.
Организмда ташқи омиллар туфайли юзага келадиган адаптив ўзгаришлар. Совуқда иссиқлик ҳосил қилишнинг кучайиши, ҳавода кислород миқдори кам бўлганда гемоглобин концентрациясининг ортиши бунга мисол бўла олади.
Ташқи муҳитнинг шикастловчи омилларга жавобан юзага келадиган реакцияси. Антигенларга қарши антителолар синтези, ёт моддаларнинг таъсирида микросомал гидроксилазалар синтезининг ортиши, қон томирлари шикастланганда тромблар ҳосил бўлиши, яллиғланиш реакцияси ва бошқалар бунга мисол бўла олади.
Организмда гомеостазнинг сақланишида моддалар алмашинувининг бошқарилиши алоҳида ўрин тутади ва унинг қуйидаги даражалари тафовут этилади:
Биринчи даражаси. Идора этишнинг хужайра ичидаги механизмларини ўз ичига олади. Бунда ферментлар фаоллиги алоҳида yринни эгаллайди ва унга қуйидаги уч усул билан таъсир этиш мумкин:
А) ферментларни ингибирлаш ёки фаоллаштириш, муҳит ва ҳарорат, кофактор ва коферментлар, оралиқ метаболитлар миқдорини ўзгартириш орқали таъсир этиш мумкин.
Б) ферментлар ва баъзи оқсиллар синтезини индукция ёки репрессия қилиш, улар парчаланиш тезлигини ўзгартириш йўли билан улар миқдорини ўзгартириш мумкин.
В) мембрана орқали моддаларнинг ўтишига таъсир этиш орқали.
Эндокрин система идора этишнинг иккинчи даражасидир. Маълум бир таъсиротга жавобан ички секреция безларидан гормонлар ажралиб чиқади ва улар нишон хужайраларда ички механизмлар орқали у ердаги модда алмашинувини тегишли равишда ўзгартиради. Ўз вазифасини бажариб бўлган гормон махсус ферментлар таъсирида парчаланади.
Идора этишнинг учинчи даражаси - нерв системаси билан ҳам ташқи, ҳам ички муҳитдан келувчи ахборотларни қабул қилиб оладиган рецепторлардир. Медиатор идора этишнинг хужайра ичидаги механизмлари орқали моддалар алмашинувининг ўзгаришига олиб келади. Нерв импульсига жавобан гормонни синтезлаш ва ажратиб чиқариш билан жавоб берувчи эндокрин хужайралар ҳам эффектор хужайралар бўлиши мумкин.
Идора этишнинг келтирилган учта даражаси ўзаро боғланган бўлиб, ягона бир система тарзида ишлайди. Идора этиш системасига гормонлар ишлаб чиқарилишининг қўшилиши дистант бошқарилишни амалга оширишга имкон беради, яъни хужайра ўз метаболизмини бошқаришдан ташқари бошқа хужайралар таъсирига учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |