3. Қон олиш усули. 3.1. Тери қопламини тешиш бир марталик фойданиладиган скарификаторлар билан қўлга кўрув қўлқопларини кийган холда бажарилади. Қонни терини тешиш усули билан олиш қуйидаги кўринишларда амалга ошириш мумкин:
I-вариант. Бармоқни тешгандан кейин бир неча томчи (3-4 томчи) қон алоҳида буюм ойналарига туширилиб, аралаштириб (соат стрелкаси бўйлаб) иш учун фойдаланилади.
II-вариант. Беморнинг бармоқ учидан индувидиал скарификатор билан тешилган жойдан аввал 20 мкл.ли ҳажмдаги капилярга ва Панченко капилярига қон олинади.
III-вариант. Қон 40 мкл хажмда стерилланган, аввалда цитрат билан намланган Панченко капилярига олинади, цитрат ва қоннинг нисбати 1:4 нисбатда бўлади.
IV-вариант. Бармоқ териси тешилганидан сўнг, 6-8 томчи қон озгина миқдорда (кўз пипеткасида) “Трилон-Б” туширилган пластик пробиркага томизилади. Пробирка кафтлар орасида айлантирилиб қон яхшилаб аралаштирилади. Қонни пипетка билан пробиркага қуйиш лабораторияларда амалга оширилиши лозим.
V-вариант. Бармоқ териси тешилганидан сўнг керакли миқдорда қон томирларидан қон олишга мўлжалланган капилляр ёки “край” мосламаси орқали идишга (системага) олинади. Пробирка оғзи махкамланиб қон аралаштирилади, сўнгра текшириш учун тақсимланади. Қонни тақсимлаш фақат лабораторияда амалга оширилади.
3.2. Қон олинаётганда асептика қоидаларига қатъий амал қилинади.
3.3. Қон олишдан аввал текширилаётган шахснинг бармоғи териси 70% ли спиртга намланган стерил тампон (шарик) билан артилади. Қон олингандан кейин жарохатланган юзага янги 70% ли спиртга намланган стерилланган тампон қўйилади.
3.4. Қон олиш учун алоҳида стерилланган тўпламдан фойдаланилади, тўпламлар таркибида шиша найли капилляр ва 2 та буюм ойнаси бўлади. Стерилланган алоҳида тўплам биксларда сақланади. Қуруқ ҳаво усули билан стерилизация қилинганда тўпламлар махсус крафт қоғозли пакетларга солиниб стерилизация қилиниши керак.
3.5. Венепункция йўли билан қон олиш усули. 3.5.1. Муолажани бажаришга таёргарлик.
3.5.2. Рўйхатга олиш. Ҳар бир қон олиш учун юборилаётган йўлланмалар ҳужжатларини ва бемор учун ишлатилган анжомларни фарқлаш учун рўйхатга олиниши керак, қон олиш учун ёзилган йўлланмада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак: беморнинг исми фамилияси, ёши, қон олинган сана ва вақт, рўйхатга олинган рақами, касаллик тарихининг (амбулатория картанинг) рақами, даволовчи врач фамилияси, беморни текшириш учун юбораётган бўлимни номи. Қон олинган пробирка ва йўлланма бланкаси бир ҳил рақам билан белгиланиб рўйхатга олинади.
3.5.3. Беморларни фарқлаш (идентификация қилиш). Олинган қон намунаси албатта йўлланмада кўрсатилган беморнинг қони эканлигини яна бир бор суриштириб аниқлаб олиш керак.
Бемор клиниканинг қайси бўлимидан бўлишидан қатъий назар бемордан қуйидаги маълумотлар сўраб кўрилади:
- амбулатор бемордан унинг исми, фамилияси, уй манзили ва туғилган жойи ёки санаси.
- ушбу маълумотлар йўлланмадаги кўрсатилган маълумот билан таққосланади.
- шифохонада ётган бемордан ҳам шу маълумотлар сўралади (агар бемор хушида бўлса) ва йўлланма билан солиштириб кўрилади.
- қабул бўлимидаги шахси номаълум беморлар (ҳушсиз ёки ҳуши ўзида бўлмаган беморлар) учун уларнинг шахси аниқланмагунига қадар бирорта вақтинчалик аниқ белги тайинланиши керак.
3.5.4. Ҳуши ўзида бўлмаган бемордан қон олиш пайтида игна санчилганда ёки игна вена йўлида турганида кутилмаган ҳаракатлар ва чўчиб тушиш ҳолатларининг олдини олиш учун алоҳида эҳтиёткорликка риоя этиш зарур. Игна чиқиб кетганда ёки силжиб кетганда докали салфеткани тайёр ҳолда тайёрлаб туриш зарур, жгутни дарҳол ечиб олиш керак. Агар игна кутилмаганда қўлга чуқур кирса, шифокорни шикастланишлар эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш зарур.
3.5.5. Қон олишдан олдин бемордан чегараловчи диетага амал қилганлигини билиш керак, беморни қабул қилган дориларини ҳисобга олиш керак. Айрим текширувлар бемор қорни очлигида ўтказилади. Мақсадга мувофиқ натижа олиш учун, бу чекловларга амал қилинганлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Диетик чекловларга амал қилишни таъминловчи муолажалар ва бу муолажаларни қон олиб бўлгандан кейин бекор қилиниши тўғрисида беморни хабардор қилиш мазкур муассасанинг ички қоидаларига боғлиқ бўлади.
3.5.6. Беморни қулай холатда ўтқазиш. Беморни қўлини шундай жойлаш керакки, бунда елка ва билак битта тўғри чизиқ бўйлаб жойлашиши керак.
3.5.7. Венепункция йўли билан қон олишни амалга ошириш қоидалари (алгоритми).
3.5.8. Қўлни оқар сувда совунлаб ювилади ва индивидуал қоғоз сочиқлар билан қурутилиб, шу сочиқ билан ушлаб сув жўмраги ёпилади қоғоз сочиқлар йўқ бўлиб қолганда 30х30 см ўлчамдаги тоза матоли индувидуал сочиқлардан фойдаланиш мумкин. Матоли сочиқлардан фойдаланилганда ҳар доим фойдаланиб бўлиб махсус контейнерларга кирхонага юбориш учун ташланади.
3.5.9. Кўрик қўлқопларни тақиш.
3.5.10. Жгутни (венага игна санчиш жойидан 7-10 см юқорига) боғлаш.
3.5.11. Бемордан муштини сиқишни илтимос қилиш. Қўлларга жисмоний зўриқиш бермаслик керак (муштни фаол сиқиш ва бўшатиш), чунки бу айрим кўрсаткичларнинг қондаги концентрацияси ўзгаришларига сабаб бўлиши мумкин. Венага игна санчиш жойини танлаш. Кўпинча ўрта тирсак ва териости веналари ишлатилади, бироқ билак ва панжа устки юзасининг унча йирик бўлмаган ва қонга тўла веналарига ҳам игна санчиш мумкин.
3.5.12. Венопункция қилинадиган жой дезинфекция қилинади (антисептикларга намланган сальфетка билан марказдан четга қараб айланма ҳаракат билан артилади).
3.5.13. Антисептиклардан тўла қуриши кутилади ёки стерилланган салфетка билан қуритилади (тозалов ўтказилган жойга бармоқ билан тегиш мумкин эмас). Венепункция қилинаётганда муаммо пайдо бўлиб, вена қайтадан пальпация қилинса, ўша жой қайта зарарсизлантирилади.
3.5.14. Беморни билагидан, венепункция қилинадиган жойдан 3-5 см пастидан терини тортган ҳолда чап қўл билан ушланади.
3.5.15. Игнани кесмасини юқорига қаратган холда, венани йўналишига тўғри қилиб, 25-30 градус бурчак остида венага тушиб пункция қилинади.
3.5.16. Қон индикатор камерада ёки игнани конюласида пайдо бўлиши билан игна пасайтирилиб 10-15 градусга туширилади ва бир неча миллиметрга вена бўйлаб ичкарига киритилади. Қон олиш учун махсус система мавжуд бўлмаганда стерилланган игна билан табиий оқими ҳолатида олинади, игнани тагига стерилланган салфетка солинган бўлиши керак.
3.5.17. Игнани конюласи тагига пробирка тутилади.
3.5.18. Қон пробиркага тома бошлаши билан жгут олинади.
3.5.19. Бемор муштини ёзганлигига ишонч ҳосил қилиш керак.
3.5.20. Керакли миқдорда қон олинади, махсус системадан фойдаланилганда вакуум тугагунча ва қон оқими тўхтагунча олиниб система пробиркаси тўлдирилади.
3.5.21. Венопункция қилинган жойга стерилланган салфетка қўйилади.
3.5.22. Игна тортиб олинади .
3.5.23. Қўлга босувчи боғлов ёки бактериоцид пластр қўйилади.
3.5.24. Фойдаланилган асбоб анжомлар ва материаллар махсус ажратилган лотокча ёки контейнерга дезинфекция қилиш учун ташланади.
3.5.25. Бемор ўзини яхши ҳис қилаётганига ишонч ҳосил қилинади.
3.5.26. Олинган қон тегишли лабораторияга фойдаланиш бўйича белгиланган, дезинфекция қилинадиган қопқоғи яхши ёпиладиган махсус контейнерга солиниб транспортировка қилинади.
3.5.27. Пробиркалар махсус тайёрланган қопқоқлар билан ёпилади. Пробиркаларни оғзини лабораторияга юборилаётган текшириш йўлланма қоғози билан ўраб ёпиш, пахтали ёки салфетка тампонлар билан ёпиш таъқиқланади.