Назорат саволлари:
1. Стандартлаштиришнинг назарий асослари деганда нимани тушунасиз?
2. Устувор рақамлар деб нимага айтилади?
3. Устувор рақамлар қатори қандай ўрнатилади?
4. Устувор рақамлардан, ҳамда уларнинг қаторларидан қандай ҳолларда четга чиқиш руҳсат этилади?
2.4. Маҳсулот сифатини бошқаришда стандартлаштиришнинг аҳамияти
Стандартлаштириш - маҳсулот сифатини яхшилашда давлат ташкилий-техникавий сиёсатини амалга ошириш имконини беради ва мамлакат иқтисодини бошқаришнинг барча соҳаларида ҳамда маҳсулот ҳаёт циклининг барча босқичларида сифатни бошқаришнинг илмий-услубий бирлигини таъминлайди.
Тармоқлараро сифатни бошқариш ҳаёт циклининг барча босқичлари ва бошқарув функциялари бўйича ишлаб чиқилган давлат стандартлари асосида амалга оширилади. Бу стандартларда халқ ҳўжалигининг барча тармоқлари фаолиятида маҳсулот сифатини бошқариш бўйича умумий регламентация берилади: сифат бўйича терминлар, тушунчалар, сифатни баҳолаш, саноат маҳсулотини аттестациядан ўтказиш, сифатни бошқаришнинг комплес системасини яратиш ва бошқалар.
Тармоқ ичида сифатни бошқариш давлат стандартлари ва техникавий шартларга, шунингдек тармоқ хусусиятларини эътиборга олган ҳолда ишлаб чиқариш тармоғи корхоналари ва ташкилотлари фаолиятининг узвийлигини таъминлаш мақсадида стандартларни чегаралаш ёки уларни ривожлантиришга асосланади.
Корхона ёки фирмада стандартлаштириш ишлаб чиқаришнинг ўзига хос томонларини: маҳсулот турини, сериялиликни, технологик жараённинг ўзига хос томонларини эътиборга олиши керак. Корхонада стандартлаштириш маҳсулот сифатини бошқаришда тармоқ ҳамда тармоқлараро сифатни бошқариш билан узвийлигини таъминлайди.
Маҳсулот ҳаёт циклининг барча босқичларида сифатни бошқаришни амалга ошириш учун сифатни бошқариш системасининг ташкилий, техникавий ҳамда услудий асоси бўлиб хизмат қиладиган стандартлар ва техник шартлар комплеси зарур.
Тадқиқот ўтказиш ва лойиҳалаштириш босқичида стандартлаштириш ёрдамида қуйидагилар амалга оширилади:
маҳсулотнинг, шунингдек, хом ашё, ярим фабрикатларнинг сифат тавсифларини комплекс стандартлаш асосида тайёр маҳсулотнинг сифатига нисбатан шартлари ўрнатилади;
маҳсулотнинг ишлатилиш мақсадлари ва шартларига боғлиқ ҳолда маҳсулот сифатининг ягона кўрсаткичлари системаси аниқланади;
оптимал сифатни таъминлаш учун меъёрлар, шартлар ва маҳсулотни лойиҳалаш усуллари ишлаб чиқилади;
ишлаб чиқариш жараёнларини комплекс механизациялаштириш, фан-техника тараққиётини жадаллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлигини ошириш, истеъмол ва таъмирлашнинг самарадорлиги, ишлаб чиқаришни ихтисослаштиришнинг муҳим шарти сифатида унификациялаштириш даражасини ошириш таъминланади.
Маҳсулот сифатини ошириш ва сифатни бошқаришни ташкил этишни такомиллаштиришга тармоқлараро стандартлар системасини татбиқ этишга имкон беради. Бундай системаларга стандартлар комплексини киритиш мумкин: Конструкторлик ҳужжатлаштиришнинг ягона системаси (ЕСТД), ишлаб чиқаришни технологик тайёрлашнинг ягона системаси ва бошқалар.
Стандартлаштиришни тадбиқ этиш технологияни ишлаб чиқиш жараёнини яхшилаш ва жадаллаштириш, ишлаб чиқаришнинг техникавий ва ташкилий даражасини оширишга имкон беради ва сифатнинг муқимлигини таъминлайди.
Маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш босқичида давлат стандартлари маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни тайёрлаш, фан-техника ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, ишлаб чиқарувчилар билан буюртмачилар ўртасида узвий алоқа орқали янги, юқори сифатли маҳсулотларни яратиш ва ўзлаштиришга қаратилган.
Стандартлаштириш системаси янги маҳсулотга юқори сифатли лойиҳа ҳужжатлаштириш ишларини, корхонанинг берилган сифат кўрсаткичлари бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришга тайёр бўлиши ҳамда ўз вақтида маҳсулотни ишлаб чиқаришдан олиб ташлашини тақозо қилади.
Корхона стандартлари масулотни ишлаб чиқариш босқичида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг тавсифи ва ўзига хос хусусиятларини, корхонанинг ташкилий-техникавий даражасини, ихтисослашишини ҳисобга олади ҳамда корхонада сифатни бошқариш бўйича аниқ ва масъулият билан ташкил этилишига имкон беради. Улар сифатни комплекс бошқаришга доимий фаолият олиб борадиган система тавсифини беради, уни илғор тажрибалар асосида доимий ривожланиб боришига имкон яратади. Лойиҳалаштириш, ишлаб чиқариш ва истеъмол жараёнларида маҳсулот сифатини оширишни режалаштириш усулларини ва тартибини белгилайдилар, назорат қилиш воситалари ва усулларига ва сифатни баҳолашга шартларни ўрнатадилар, маҳсулотни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайдилар, таъминотчилар билан сифатли хом ашё ва материалларнинг ўз вақтида етказиб берилишини ўрнатадилар. Ишлаб чиқаришнинг бир маромда бўлишини, технологик интизомга бўйсунишини таъминлайдилар, ижрочилар меҳнатининг сифатини ошириш, яроқсиз маҳсулот ишлаб чиқарилишидан йўқотишларни қисқартириш ва минимал харажатлар билан маҳсулотнинг юқори сифатли ишлаб чиқарилишига имкон беради.
Муомала ва сотиш босқичида стандартлаштириш маҳсулотни ўраш-жойлаш, жойдан-жойга ташиш, омборхоналарда сақлаш ишларининг яхши йўлга қўйилишига шартларни ўрнатилишига қаратилган.
Истеъмол ва эксплуатация босқичида стандартлаштириш маҳсулотни ишлатишга, таъмирлашга (шу жумладан кафолатли) нисбатан ягона шартларни ўрнатади, эксплуатация босқичида маҳсулотнинг сифати тўғрисидаги маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади, таъмирлаш ва хизмат кўрсатишни яхшилайди, маҳсулотни эксплуатация қилиш харакатларини қисқартириб, ундан фойдаланиш самарадорлигининг ортишига имкон беради.
Саноат маҳсулотини аттестациядан ўтказишда стандартлар системаси зарур ва уни объектив баҳолаш учун зарур бўлган сифат кўрсаткичлари рўйхатини ва ўтказилиш тартибини ўрнатади. Бу эса маҳсулотни аттестациядан ўтказишга сарфланадиган вақтни қисқартиради ва сифат категориялари бўйича маҳсулотни объектив баҳолашга хизмат қилади. Стандартлаштириш маҳсулотни сертификатлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Маҳсулот сифати муаммосининг ҳал этилиши метрологик таъминланиш даражасига боғлиқ. Мамлакатимиз бўйлаб ўлчамларнинг ягона ва ишончли бўлишини таъминлаш учун ривожланган эталон базаси яратилган, ўлчамлар ягоналигини таъминловчи стандартлар системаси ишлаб чиқилган.
Стандартлаштиришни ривожлантиришнинг замонавий босқичининг ўзига хос томони алоҳида стандартларни ишлаб чиқишдан комплекс стандартлаштириш дастурига ўтишдир. Ушбу дастурларни жорий этиш тайёр маҳсулотларга, хом ашё ва материалларга, машина ва дастгоҳларга, шунингдек ишлаб чиқаришни тайёрлашни ташкил этишга, синов ўтказиш, назорат, ўлчаш, ўраш-жойлаш қоидалари, сақлаш, жойдан-жойга ташиш, истеъмол ва таъмирлашга нисбатан техник шартлар ва ўзаро боғланган стандартларни қайта кўриб чиқишни ўз ичига олади.
Комплекс стандартлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бутун фаолиятни якуний умумиқтисодий натижаларга эришишга қаратади.
Фан-техника ривожланиши билан стандартларнинг самарали ишлатилиш муддатлари абсолют ва нисбий жиҳатдан қисқара бориши тенденцияси кузатилади. Стандартлаштириш борган сари ўзгарувчан тавсифга эга бўлади, уларни ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қайта кўриб чиқиш услублари ва муддатларига нисбатан янги шартларни қўяди.
Маҳсулот сифатини ошириш. Стандартлаштириш ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг типи ва типоразмерлари номенклатурасини тартибга солади. Серияли ва оммавий ишлаб чиқаришда одатда, конструкцияси, сифат кўрсаткичлари, размери стандартлаштирилган маҳсулотларнигина ишлаб чиқаришни ташкил этади. Маҳсулотга нисбатан стандартларнинг бекор қилиниши уни ишлаб чиқаришдан олиб ташланганлигини билдиради.
Комплекс стандартлаштириш усули агрегатлаштириш принципини кенг қўллашга имкон беради, хом ашёга, материалларга, комплектловчи буюмларга, технологик жараёнга, дастгоҳларга, ўлчов асбобларига ва бошқа маҳсулот сифатини таъминловчи объектларга нисбатан ўзаро боғланган шартларни қўяди.
Маҳсулот сифатини оширишга ишлаб чиқаришни технологик тайёрлашнинг ягона системасини, маҳсулот сифатини аттестациядан ўтказиш ва бошқариш системасини, унификацияланган, марказлашган ҳолда тайёрланган детал ва узелларни, шунингдек лойиҳалаштириш меъёрларини қўллаш маҳсулот сифатини оширишга имкон беради.
Стандартлаштириш натижасида маҳсулотлар номенклатурасининг қисқариши ихтисослаштиришнинг ривожланишига, корхоналарнинг тармоқлар ҳамда тармоқлараро кооперациялашувнинг чуқурлашувига имкон беради. Ихтисослашган корхоналардаги унификацияланган деталлар ва агрегатлар юқори унумдорли дастгоҳлар ёрдамида, яна аниқ ўлчов асбабларидан фойдаланиб меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда маҳсулот сифатини яхшилаш мумкин.
Ишлаб чиқаришда иқтисод қилишни ошириш.
Унификацияланган ва стандартлаштирилган агрегатлар ва машиналар элементларини қўллаш меҳнат унумдорлигини ва уларни лойиҳалаштириш сифатини оширади. Бунда лойиҳалаштириш ишларига кетадиган харажатлар қисқаради. Ишлаб чиқаришни технологик тайёрлашнинг ягона системасини жорий этилганда стандарт инструмент ва асбоблардан фойдаланиш ҳисобига ишлаб чиқаришни тайёрлаш муддати қисқариб, харажатлар камаяди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, стандартлаштириш маҳсулот сифатини оширишда ягона давлат ташкилий техникавий сиёсатини амалга ошириш имконини беради ва мамлакатимиз иқтисодини бошқаришнинг илмий-услубий бирлигини таъминлайди. Корхона миқёсида стандартлаштириш сифатни бошқаришда тармоқ ҳамда тармоқлараро стандартлаштириш билан узвий боғлиқликни таъминлайди. Стандартлаштириш тадқиқот ва лойиҳалаштириш, маҳсулотни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга қўйиш, муомала ва сотиш, истеъмол ва эксплуатация қилиш босқичларида ҳам зарур. У маҳсулот сифатини яхшилаб, корхона иқтисодини оширишга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |