ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА
ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ
ТОШКЕНТ ТЎҚИМАЧИЛИК ВА ЕНГИЛ
САНОАТ ИНСТИТУТИ
СЕРТИФИКАЦИЯЛАШ,
СТАНДАРТЛАШ ВА СИФАТНИ БОШҚАРИШ
5340200 «Менежмент» таълим йўналиши талабалари учун
Тошкент – 2010
Муаллиф: и.ф.н., доц. Д.Т.Юсупова
Тақризчилар: Н.М. Махмудов– ТДИУ и.н.д., профессор
Б.А. Хасанов - ТТЕСИ и.ф.д., профессор
Р.А. Исаев – ТТЕСИ, и.ф.н., доцент
Ўқув қўлланма Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Илмий-услубий Кенгашида кўриб чиқилган ва нашрга тавсия этилган.
«18» 10. 2010й. № 17-сон мажлис баёни.
Сертификациялаш, стандартлаш ва сифатни бошқариш - Ўқув қўлланма. – Тошкент: ТТЕСИ нашриёти, 2010. 166 б.
Ушбу ўқув қўлланма “Сертификациялаш, стандартлаш ва сифатни бошқариш” фанига бағишланган бўлиб, илк маротаба ўзбек тилида тайёрланди. Ушбу ўқув қўлланма 3 бобдан иборат бўлиб, биринчи бобда маҳсулот сифати тушунчаси, сифатнинг шаклланиши, сифатга таъсир этувчи асосий омиллар, маҳсулот сифатини тавсифловчи кўрсаткичлар, уларни аниқлаш усуллари ва сифатни бошқариш системаси масалалари ёритилган. Иккинчи бобда сифатни бошқаришда стандартлаштиришнинг тутган ўрни, стандартларни илмий ташкил этиш принциплари, стандартлаштиришнинг назарий асослари ва иқтисодий самарадорликни баҳолаш масалалари кўриб чиқилган. Учинчи бобда маҳсулотни сертификациялашнинг унинг рақобатбардошлигини оширишдаги аҳамияти, сертификациялаш ташкилотлари, сертификациялаш-нинг асосий схемалари, сертификациялаш ишларини амалга ошириш тартиби ҳамда Ўзбекистон Республикаси миллий сертификациялаш системасининг асосий вазифалари кўриб чиқилган. Услубий кўрсатмалар талабаларнинг аудиториядан ташқари бажарадиган мустақил ишларининг мазмунини ёритиб бериш билан бир қаторда ҳар бир мавзу бўйича назорат ишларини бажаришга ҳам йўлланма беради.
Иловада келтирилган маълумотлар асосида эса талабаларнинг мустақил таълим бўйича ишларини ташкил этиш мумкин.
- Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, 2010
КИРИШ
Юксак тараққий этган мамлакатлардаги ривожланишга аввало рақобат муҳити кучлилиги туфайли эришилади. Рақобатбардош товарлар, хизматлар, ишлаб чиқаришга узлуксиз интилиш бозор иқтисодиётига хос қонуният ҳисобланади. Шу боисдан республикамиз бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтаётган ҳозирги даврда миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқарилаётган товарлар рақобатбардошлигини ошириш асосий муаммодир. Бу масалани ҳал этиш ички ва ташқи бозорда ўзбекистон товарларининг мавқеини оширади ва миллий иқтисодиётда пайдо бўлган барча муаммоларни ижобий ҳал этишга йўл очади.
Маълумки, ҳозирги пайтда бизнинг аксарият кўп турдаги товарларимиз ўз ички бозоримизда ҳам чет эл товарлари билан рақобатга бардош бера олмаяпти.
Эркин рақобатга асосланган бозор иқтисодиёти шароитида эса маҳсулот сифатини яхшилаш – ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг асосий омилларидан биридир. Чунки бозор иқтисодиёти шароитида ижтимоий меҳнатнинг тежалиши, асосан, сифатли маҳсулотни истеъмол қилиш соҳасида юзага келади. Сифатли маҳсулотни ишлаб чиқариш эса ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг техник – иқтисодий кўрсаткичларида, шунингдек, айрим ишчи-хизматчиларнинг меҳнат унумдорлигида ҳам ўз аксини топади. Маҳсулот сифати яхшиланиши ҳисобига ижтимоий меҳнат унумдорлиги ортади. Яъни бир хил ҳажмда ишлаб чиқарилган маҳсулот сифат кўрсаткичлари яхшиланиши ҳисобига шу маҳсулот бирлигининг баҳоси ортиб, товар маҳсулоти қиймати кўпаяди. Ишчилар сони ўзгармаган ҳолда, товар маҳсулоти қийматининг ортиши ҳар бир ишчига тўғри келадиган ўртача товар маҳсулоти кўпайишига ва меҳнат унумдорлиги кўтарилишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |