3-мавзу: Археологик маълумотлар асосида хонаки ва ихтисослашган ҳунармандчилик турларини ўрганиш услублари.
Режа:
1) Ишлаб-чиқариш билан боғлиқ фаолият турларини пайдо бўлиши ва ривожланишини археологик маълумотлар асосида ўрганиш.
2) Ихтисослик билан боғлиқ ҳунармандчиликни ривожланиши.
3) Уй кулолчилиги ва ихтисослик билан боғлиқ кулолчилик.
1) Ишлаб-чиқариш билан боғлиқ фаолият турларини пайдо бўлиши ва ривожланишини археологик маълумотлар асосида ўрганиш.
Инсоният томонидан амалга оширилган ихтироларнинг энг дастлабкиларидан бири ҳозирги замон одами пайдо бўлгандан кейин амалга оширилган. Бу ихтиро нуклеуслардан юпқа пластиналарни ажратиш усули бўлиб, уни яратилиши натижасида тош қуролларини ишлаб чиқариш борасида революцион ўзгаришларга олиб келди ва бу нарса бутун инсоният тараққиётига катта туртки берди. Чунки, бундай усулни топилиши, бутун бошли тошга ишлов бериш индустриясини вужудга келишига олиб келди. Натижада оддий нуклеусдан жуда юпқа тош пластиналарини ажратиш ва унга яна қўшимча озгина қайта ишлов бериш натижасида кесиш имкониятини берадиган дастлабки пичоқ, тешиш имкониятини берадиган найза учи, терига ишлов берадиган қирғич каби янги қуролларини вужудга келишига олиб келди. Инсоният тараққиётининг сал кейинги босқичларида пластиналарга қайта ишлов бериш жараёнида ҳосил бўладиган учриндилардан суяк қадамаларга, ёки ёғоч қадамаларга ўрнатиб ишлатиладиган ўроқ, пичоқ, найза, камон ўқининг учи каби қуроллар пайдо бўлди-ки, бу қуроллар ёрдамида ов қилиш, овланган қуш, турли ҳайвонларни гўштини бўлиш, унга ишлов бериш осонлашди. Неолит даврига келиб тошга ишлов беришнинг тешиш, қирқиш ва сайқал бериш усуллари пайдо бўлдики, бундай янгилик жамиятни ривожида янада катта ўзгаришлар бўлишига олиб келди. Масалан, тошга ишлов беришнинг бу турларини пайдо бўлиши натижасида Европа ва Осиёнинг ўрмонли ҳудудларида кун кўрган қабилалар йирик дарахтларни кесиб ундан дарё ва кўлларда сузиш мумкин бўлган қайиқлар ясашди. Натижада балиқчилик ва овчилик ривожланди. Она уруғи жамоалларининг ривожланиши ва тараққий этишига ўзининг катта ҳиссасини қўшди.
Айнан неолит даври жамоаларидан бошланган ишлаб чиқаришдаги ихтисослашиш жараёнлари кулолчиликни, тўқимачиликни, тошга ишлов беришнинг жуда мураккаб йўналишларини пайдо бўлишига олиб келди. Тошга ишлов беришнинг кучайиши натижасида юпқа пластиналарга қўшимча ишлов бериш жараёнида учган жуда кўплаб микролитлар учиб ажралган, айнан шундай микролитлардан пичоқ, ўроқ каби уй анжомларини қадамага ўрнатиш йўли билан тайёрлашди.
Неолит давридаги илк деҳқончилик тарқалган ҳудудларда ерни юмшатиш ва экинларга ишлов бериш учун ҳам ярайдиган асбоблар ҳам бўлган-ки, бундай асбобларни ҳам тайёрлаш илк ҳунармандлар, яъни тоштарошликни ўзига касб қилиб олган усталарнинг махсули бўлган.
Тўқимачиликнинг Ўрта Осиё шароитида пайдо бўлиши мумкин бўлган турларидан бири эчки ва қўйнинг жунидан мато тайёрлаш усулининг пайдо бўлишидир. Энг дастлабки ишлаб-чиқаришнинг хонаки турига ҳам айнан жундан ёки турли ўсимликлардан тўқилган матолар киради. Бундай мато турларини акси айнан неолит даври жамоалари томонидан ишлаб чиқарилган кулолчилик буюмларида акс этди ва натижада улар бизгача етиб келди.
Бундан ташқари турли ўсимлик турларидан ҳам (канопга ўхшаш) турли хил устибошлар тайёрлаш ҳам кенг тараққий этган, аммо бундай устибошларнинг бизгача етиб келган нусхалари йўқ. Аммо қамишнинг нам ўтказмаслик хусусииятини бронза даври жамоалари ҳам билган бўлишлари керак, шунинг учун ҳам улар қамишни бўйра қилиб, томнинг тупроғини остидан қўйишда, чайланинг атрофини ўрашда фойдаланишган.
Ўзбекистоннинг жанубидаги Сополлитепада ҳудудимиздаги энг қадимги шойи матони тайёрлаш тўқимачилиги бўлганлигини А.А.Асқаров қазишмалар даврида аниқлаган ва илмий оммага эълон қилган эди. Яқинда Хитойлик мутахассислар Сополлитепа қазишмаларидан қолган тупроқларни элакдан ўтказишиб, ипак қуртининг ҳам ўрғочисини, ҳам эркагини уруғини топишди. Натижада Ўзбекистон ҳудуди дунёдаги илк ипак матолари етказилган ҳудуд эканлиги тўғрисидаги фикрни Хитойлик биолог олимлар ҳам тасдиқладилар. Шу пайтгача милоддан илгариги II асрда юртимизга келган Хитойлик элчи Чжанг Чян Фарғонада ҳам ипакдан матолар тайёрланганлиги, хитой ипагидан фарқли ўлароқ бу ерда рангсиз ипак матолар тайёрланиши тўғрисидаги маълумотларни ёзиб қолдирган.
Хитойлик биолог олимлар Сополлитепадан бошқа кўплаб экин турларини топишдики, натижада уларнинг хулосаларида қуйидаги сатрлар ёзилган. Уларнинг фикрича, “милоддан илгариги II минг йилликда Ўзбекистон заминида деҳқончилик туфайли етказилган егулик (озиқ-овқат) турлари Хитойдаги худди шундай деҳқончилик турларига қараганда анча бой бўлган”лигини кўрсатди деб айтишди.
Do'stlaringiz bilan baham: |