3) Илк темир даври жамиятларини ўрганиш ва реконструкцияси масалалари.
Илк темир даври маданияти бутун Ўрта Осиёнинг дарё воҳалари бўйлаб тарқалган маданият бўлиб, асосан деҳқон жамоалари яшаган ҳудудларни эгаллаган. Бу маданиятни келиб чиқиши ва тарқалиш географияси тўғрисида турлича нуқтаи-назарлар бор. Бу назариялардан бири (В.И.Сарианиди) нинг фикрига кўра илк темир даври деҳқон жамоаларининг маданияти асосан жануби-ғарбий Эроннинг энеолит даври маданиятини ўзида сақлаб қолган жамоаларнинг шимоли-шарқий томонларга силжиши жараёнида пайдо бўлган маданият, деб айтишган бўлишса, иккинчи бир назария бўйича (В.М.Массон, А.А.Асқаров ва Ю.А.Заднепровский) шимоли-шарқий ҳудудлардан кириб келган чорвадорларнинг жанубдаги деҳқон жамоаларининг таъсири остида ўтроқлашиши натижасида пайдо бўлган маданият деб айтишади.
Бу маданиятнинг археологик белгилари нималардан иборат? Биринчидан, бу деҳқон жамоалари асосан тоғ сойларининг воҳаларига жойлашган аҳоли бўлиб, уларнинг уйлари асосан пахсадан, ғиштдан, гувалакдан ва кўп ҳолларда ертўла, ярим ертўла каби уйлардан иборат бўлган. Хўжаликда деҳқончилик устувор йўналиш бўлган. Бундай маълумотларни шу уйлардан топилган тошдан ясалган ўроқ, пичоқ, ёрғучоқ каби қуроллар, қўлда ясалиб устидан рангда геометрик шаклдаги нақшлар билан безатилган кулолчилик буюмлари, уйларнинг ичидаги бўғдой сақлаш учун қазилган чуқурлар дарак беради. Шу билан бирга бу даврда бронзадан турли қурол-аслаҳаларни, айниқса пичоқ ва ўроқни, аёлларнинг турли тақинчоқларини тайёрлаш кенг тарқалган эди.
Хўжаликларда уй чорвачилиги ҳам ривожланган бўлиб, асосан қўй, эчки, мол каби ҳайвонлар ҳам боқилган. Мавзуга оид замонавий илмий назариялар.
Илк темир даври жамиятларининг Ўрта Осиё бўйича ўрганилиши ўтган асрнинг 60-70 йилларидан ҳозирга қадар давом этиб келмоқда. Бу давр археологик комплексларини ўрганиш натижасида илк темир даври маданиятларининг аниқ географияси ажради. Бу даврга оид маданиятларини бутун Ўрта Осиё ҳудудлари бўйича тарқалганлиги аниқланиб, ғарбда Копетдоғ, жанубда шимолий Афғонистон, жанубий Тожикистон ва жанубий Ўзбекистон, Суғд ҳудудлари (Қарши воҳасида Ерқўрғон, Кеш-Шаҳрисабз воҳасида Сангиртепа, Узунқир), Самарқанд воҳасида Кўктепа, Афросиёб, Тошкент-Оҳангарон воҳаларида Бурганли маданияти, Фарғона водийсида чуст маданияти каби археологик обидалар айнан илк темир даври маданиятларига киради.
Юқорида эслатиб ўтилган археологик обидалардан олинган археологик асори-атиқалар шу қадар бир-бирларига яқин эдики, уларни ҳатто бир-бирларидан ажратиш жуда қийин. Шунинг учун бўлса керак, ўз пайтида Ю.А.Заднепровский бу давр маданиятларини мукаммал ўрганиб, уни “чустская этно-культурная общность”, “чуст этномаданий бирлиги” деб атаган. Ҳатто бутун Ўрта Осиё бўйлаб тарқалган қайроқтошлардан ясалган ўроқлар Чуст маданияти пичоқларига шу қадар ўхшаш эдики, ҳатто Марв воҳасидан топилган ўроқларни ҳам Ю.А.Заднепровский “чуст ўроқлари” деб айтди. Аммо, бу давр жамияти қандай эди, деган масалага келганда уни турли тарихчилар, турли археологлар турлича талқин қилишди.
Бу масалани талқин қилишда Санкт Петербурглик олимлардан И.М.Дьяконовни ёзма манбаларни таҳлил қилиб туриб чиқарган хулосаси алоҳида аҳамият касб этади. Унинг фикрича, бу давр жамияти ўзининг тараққиёти жиҳатидан анча орқада қолган жамият эканлигини, бу даврда на ривожланган шаҳар ва на шаҳармонанд қишлоқ харобаси бўлган дейди. Унинг фикрича, бу даврда кўтарилган уйлар ўзининг жуда оддийлиги билан ажралиб туришини, кўпроқ ертўла, гувалакдан ясалган уйларда яшашганини, айниқса шаҳарга хос бўлган кулолчилик чархида ясалган идишларнинг йўқлиги тўғрисида гапиради.
И.М.Дьяконов фикрича ёзма манбаларда келтирилган темир сўзи аслида гап бронза тўғрисида кетаётган бўлиши керак. Бу қадимги жамиятларни фақат археологик обидаларни комплекс тарзда, фақат археологик усуллар билан ўрганиш мумкин ва унинг ўрганиш усуллари анча кўп.
Кейинги йилларда Сўхлик тарихчилардан бири Ўринбой Суфиев Эронда таржима қилинган “Авесто”да “Сухи Фарвардин” деган атама борлиги тўғрисида гапиради. Бу энг шимоли-шарқий ҳудуд деган маънони билдиришини айтган. Демак, Фарғона водийсидаги “Сухи Фарвардин” деган атаманинг борлиги, бу водий ҳудудларини ҳам “Авесто яратилган, Авесто”ни яратган аҳоли яшаган, “Авесто” жамияти ҳудудларига кирганлиги тўғрисида хабар беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |