2) Ишлаб чиқариш билан боғлиқ хўжаликларни ўрганиш усуллари.
Бевосита ишлаб-чиқариш билан боғлиқ хўжалик қолдиқларининг энг қадимгиларидан бири Ашхабод яқинидаги Жойтун манзилгоҳида яхши сақланган бўлиб, бу ерда илк деҳқон жамоаларининг тўртбурчак шаклдаги бир хонали, атрофи девор қўрғон билан ўраб олинган манзилгоҳларнинг топилганлигидир. Сақланиб қолган уйнинг деворлари сомон сувоқ билан сувалган. Уйнинг ва ҳовлининг турли қисмларида алоҳида чуқурлар қазилган бўлиб, уларнинг ҳам ички юзаси сомон сувоқ билан сувалган. Бу манзилгоҳдан тошдан ясалган уроқ, қайроқтошдан ясалган ёрғучоқ, пичоқ, болта, кўплаб сопол буюмлари ва бошқа топилмалар топилган. Бу топилмаларнинг деярли ҳаммаси бу манзилгоҳда яшаган қабилаларнинг деҳқончилик ва илк уй чорвачилиги билан шуғулланганликларидан далолат беради.
Фарғона водийсининг Саймалитош қоятошига туширилган суратда ҳўкиз қўшилган омочни деҳқон бошқариб бормоқда. Унда тасвирланган одамни ҳам, шу жумладан ҳукизнинг ҳам жинсий органлари бўрттириб кўрсатилган. Бу албатта илк деҳқончилик давридаги диний тушунчаларда Ер она тарзида, унга ўзини кучини сарфлаётган ҳўкиз ва деҳқон образлари Ерни ўз кучи билан оталантираётган эркак образида тасвирланган.
Ўрта Осиё ҳудудларида металлургияни кенг ёйилиши бронза давридан бошланган. Энеолит даврида ҳам мисдан турли буюмлар, қурол аслаҳалар ишлаб чиқарилганлиги бўйича материаллар жуда кам. Аммо, бронзадан турли қурол аслаҳалар, тақинчоқлар тайёрлаш бўйича бутун бошли маҳаллалар, қадимги қишлоқларни пайдо бўлганлигини кузатиш мумкин. Худди шундай маконлардан бирини Самарқанд давлат университетининг профессори Н.А.Аванесова топган. У Зарафшон дарёси ёқалаб қадимги манзилгоҳларни қидириб юрган пайтда, шундай дарёнинг баланд қояларининг кесмасида маданий қатламлар борлигини кўриб қолади. Ёдгорлик ўша жойнинг ўзида текшириб кўрилганда, бу ерда бронза даврига оид андронова маданияти соҳибларининг бронзадан турли қурол аслаҳаларини тайёрлаш бўйича устахонаси очилган. Бу устахонанинг йирик ўчоғи, маданий қатламлардан шлак қолдиқлари, бронза қуролларининг турли чала қолган қисмлари, бронза қуролларини тайёрлайдиган усталар томонидан ишлатилган идиш-товоқлар ва шу билан бирга Саразм маданияти соҳибларининг ҳам шу даврга оид идиш товоқлари учраганлиги маълум қилади.
Бундан қандай тарихий хулоса чиқариш ва нимани тушуниш мумкин? Ҳаммамизга маълумки, андронова маданияти дейилганда бронза даврига оид чорвадор аҳолининг Марказий Осиёнинг кенг дашт ҳудудларида чорва молларини боқиб юрган чорвадорлар кўз олдимизга келади. Бундай одамлар учун ўтлоқ ер, суви бор дарёдан ташқари яна нималарга улар муҳтожлик сезишган?
Улар учун энг керакли маҳсулот - бу метал буюмларга бўлган эҳтиёж эди. Шунинг учун улар метал конларини қидириб Ўрта Осиёнинг Зарафшон водийсига ҳам кириб келишган.
Худди шу маданият вакилларидан бир гуруҳи Фарғона водийсининг Қайроққум сув омбори ҳудудига келиб жойлашдилар ва бу ерда ҳам улар метал конларини ўзлаштириб айнан метал буюмларини ишлаб чиқариш билан шуғулландилар. Бу чорвадорларнинг устахоналарини ўрнини Б.А.Литвинский бошчилигидаги олимлар ўрганиб кўришганда, бу ерда жуда кўп йиллар давомида фақат бронза ишлаб чиқариш билан шуғулланганларидан далолат берувчи кўплаб ўчоқларнинг қолдиқлари, шлак қолдиқлари, андронова маданияти чорвадорларининг яшаш тарзи, урф-одатидан дарак берувчи асори-атиқаларни топдилар. Шунинг учун биз тарихий хулосаларни чиқариш пайтида албатта бу чорвадорларга керакли бронза маҳсулотини ўзлаштириш билан шуғулланган аҳолини тарихини ўрганган бўламиз.
Бу аҳоли яшаган давр Фарғона водийсида Чуст маданияти бободеҳқонлари маданиятига синхрон ва яқин бўлганлигидан бўлса керак, Б.А.Литвинский Оқтанги ғорида андронова маданияти учраган қатламлардан чуст маданияти деҳқон жамоаларининг кулолчилик буюмларини ҳам топиб ўрганди ва бу икки маданият соҳиблари бир даврда, синхрон яшаганликлари тўғрисидаги фикрни биринчилардан бўлиб айтди.
Do'stlaringiz bilan baham: |