II. Итларнинг анатом - физиологик тузилиши.
1. Анатомия ва физиология тўғрисида тушунча.
Анатомия – организмнинг тузилиши ва ташқи муҳит билан мунтазам равишда боғлиқ ҳолдаги тараққиётини ўрганадиган фан.
Физиология – соғлом организмда кечадиган ҳаётий жараён (функция) лар ва уларнинг қонуниятларини ўрганадиган фан.
Итлар анатомияси ва физиологияси асосларини ўрганиш катта амалий аҳамиятга эга. Бу ўз навбатида хизмат итчилигининг назарий ва амалий асосларидан бири ҳисобланади.
Ҳайвон организми микроскопик элементлар: ҳужайра, ҳужайрадан ташқари тузилмалар ва шаклсиз моддалардан ташкил топган. Ҳужайра таркибида ноорганик табиатда учрайдиган барча кимёвий элементлар мавжуд. Мазкур элементлар ҳужайрада органик ва ноорганик бирикмалар ҳолатида бўлади. Органик моддаларнинг негизида оқсил, ёғ ва углеводлар ётади, ноорганик моддаларнинг асосини эса минерал моддалар ва сув ташкил қилади. Ҳужайраларнинг асосий таркиби – протоплазма ва ядродан иборат.
Тузилиши, моддалар алмашинуви ва бажарадиган функцияси бир хил бўлган ҳужайралар гуруҳи ва уларнинг таркибидаги ҳосилаларнинг ўзаро бирлашиши натижасида тўқималар ҳосил бўлади. Улар қуйидаги тўрт гуруҳга бўлинади: 1. Эпителий ёки қопловчи тўқималар; 2. Таянч-трофик тўқималар; 3. Мускуллар; 4. Нервлар.
1. Эпителий ёки қопловчи тўқималарга тери, шиллиқ ва сероз пардалар киради. Улар ташқи муҳит билан чегараланган. Эпителий тўқимаси ички аъзоларни турли хил ташқи зарарли таъсирлар ва микроорганизмлардан сақлайди. Унинг ҳосилалари тирноқ ва жун бўлиб, улар итлар учун ҳимоя вазифасини бажаради. Эпителий тўқимаси моддалар алмашинувида катта рол ўйнайди.
2. Таянч-трофик (озиқлантирувчи) тўқималар. Бу тўқималар итлар организмида моддалар алмашинуви, ҳимоя, трофик (озиқлантирувчи), қон ҳосил қилиш ва таянч (механик) функцияларини бажаради. Таянч-трофик тўқималарига – қон, лимфа, тўрсимон тўқима, бириктирувчи тўқималар, шунингдек тоғай ва суяк тўқималари киради. Озиқлантирувчи тўқималар моддалар алмашинуви учун хизмат қилса, таянч тўқималар ҳимоя вазифасини бажаради.
Тўрсимон тўқима илик, талоқ, лимфа тугунлари ва ичакнинг шиллиқ пардасида учрайди.
Тоғай тўқимаси танада амортизация вазифасини бажаради ва уч хилга - гиалин-шишасимон, эластик-тўрсимон ва толалига бўлинади. Гиалин тоғай бўғимларда, қовурғаларнинг учида, бурун ва кекирдакда учрайди. Эластик тоғай эса қулоқ супраси ва ҳиқилдоқда жойлашади. Толали тоғай умуртқалар орасида ва тоғайларнинг суякларга бирлашган жойларида учрайди.
Суяк тўқимаси – фақат умуртқали ҳайвонларда бўлади ва у организмда таянч ва ҳимоя вазифасини бажаради.
3. Мускул тўқимаси – фаол ҳаракат органига киради, унинг қисқариб-узайиши натижасида организмда турли туман ҳаракатлар бажарилади. Мускуллар силлиқ ва кўндаланг бўлиши мумкин.
4. Нерв тўқимаси – нейрон ва нейроганглийлардан тузилган бўлиб, организмда нерв системасини ташкил қилади. Нерв системаси организмдаги барча вазифаларни бошқариб туради. Ҳайвонларнинг ёруғлик, ҳид ва товушларни сезиши нерв тўқимаси билан боғлиқ.
Орган – бу ҳар хил тўқималардан ҳосил бўлган ва керакли вазифани бажарувчи тананинг бир қисмидир. Бир хил умумий ишни бажарувчи, бир неча аъзолар – организм системаларини ҳосил қилади.
Ҳайвон организмида қуйидаги системалар мавжуд:
- ҳаракат;
- қон ва лимфа айланиши;
- ички секреция;
- ҳазм қилиш;
- сийдик ажратиш;
- нерв;
- нафас олиш;
- кўпайиш;
- сезиш (анализаторлар)
Do'stlaringiz bilan baham: |