Имом ат-Термизий (824-892йй.) Термиздан унча узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида туғилган. У ҳам Бухорий сингари Шарқнинг жуда кўп шаҳарларида бўлиб, ўз билимини оширишга ҳаракат қилади. Ат-Термизий ҳадислардан ташқари филология, тарихга оид асарлар ҳам ёзди. Унинг ўндан ортиқ ёзган асарлари орасида номини бутун мусулмон оламига машҳур қилган асари «Жоми ат-Термизий» ёки «Сунан ат-Термизий»дир. Бу асар исломда уламолар томонидан ҳақиқат деб тан олинган машҳур ҳадислар тўпламидан биридир. Термизийнинг илмий мероси диний аҳамиятга эга бўлиши билан бирга, ахлоқий, дидактика тарихида ҳам жуда катта ўрин эгаллайди.
Тасаввуф, яъни сўфийлик ислом дини асосида шаклланган диний фалсафий оқим бўлиб, покланган, зоҳид, тақводорлик маъносини англатади. Унинг асосида бу дунё лаззатларидан воз кечиш асосида оллоҳга етиш, уни билиш, у билан бирлашиш йўлини қидириш ётади. Сўфийлик Қуръон ва шариат талабларини албатта сўзсиз бажариш, ўзини худонинг қули деб билиш кабилар, ўз хохиши билан тозаланиб, оллоҳга, руҳий маънавийликка сингиш орқали эришишга асосланади. Тасаввуф таълимоти асосида инсон фаолияти ва унинг камолоти ётади.
Ал-Мотуридий (тахминан 870—943 йиллар) — сунний эътиқодидаги икки йирик оқимдан бири бўлмиш мотуридия оқимининг асосчиси, унинг яккахудолик ва Қуръоннинг тафсирига бағишланган «Китоб ат-тавҳид» ва «Китоб таъвилот ал-Қуръон» номли асарлари уламолар орасида катта эътибор қозонган. “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак шарафга сазовор бўлгани бу нодир шахснинг улкан ақл-заковати ва матонатидан далолат беради.50
Мовароуннаҳрда тасаввуф таълимоти X асрдан бошлаб ёйила бошлади. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида тасаввуфнинг ривожланишида Юсуф Ҳамадоний таълимоти муҳим рол ўйнайди. Манбаларда қайд қилинишича, Юсуф Ҳамадоний 1043-1049 йилда Эроннинг Ҳамадон шаҳрида туғилади.Юсуф Ҳамадоний умрининг катта қисмини Ўрта Осиёда ўтказган. У ҳунармандчилик, косибчилик билан шуғулланган. Шунинг учун ҳам бўлса керак, унинг таълимоти асосан ҳунармандлар орасида кенг тарқалган ва уларнинг манфаатларини ифодалаган. Юсуф Ҳамадоний сўфийлик илми бўйича кўплаб шогирдлар тайёрлади. Ҳамадоний таълимотидан Ўрта Осиёда икки тасаввуф мактаби –Яссавийлик ва Нақшбандийлик келиб чиқади.
Ўрта Осиё ҳудудида биринчи вужудга келган сўфийлик оқими Яссавийликдир. Бу оқимга 1105 йилда Ясса (Туркистон) шаҳрида туғилган Аҳмад Яссавий асос солган. Аҳмад Яссавий Бухорода Юсуф Ҳамадонийдан таълим олгач, яна она шаҳри Туркистонга қайтиб келади мадраса ва хонақолар қурдиради. Яссавий таълимотининг асослари туркий тилда ёзилган «Девони Ҳикмат» асарида баён этилган51. У ўтроқ ва кўчманчи туркий халқлар орасида сўфийлик таълимотини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этган.Аҳмад Яссавийнинг фикрича, шариатсиз тариқат, тариқатсиз маърифат, маърифатсиз ҳақиқат бўла олмайди. Улар доимо бир-бирини тўлдиради. Бу йўл камолот йўли бўлиб, инсон ҳаётининг асл моҳиятини ташкил этади.
Юсуф Ҳамадонийнинг яна бир шогирди Абдухолиқ Ғиждувоний (1103-1179йй.) бўлган. Яссавий билан Ғиждувоний шу даражада иқтидорли шогирдлардан бўлишганки, кейинчалик улардан бири «Яссавия» иккинчиси «Нақшбандия» тариқатининг асосчилари бўлиб етишадилар. Ҳожа Абдухолиқ Ғиждувоний Шарқ фалсафа тарихида ўзига хос ўрин эгаллайди. Унинг фалсафий дунёқараши тасаввуфдаги Ҳожагон (Ҳожалар) ҳалқасида шаклланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |