4 - МАВЗУ: ҒОЯВИЙ ТАҲДИДЛАРНИНГ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Режа:
1. XXI асрда ғоявий-мафкуравий муносабатлар кескинлашуви.
2. Шовинизм, геноцид, фашизм, неофашизм, неокоммунизм, ирқчилик, диний экстремизм, фундаментализм, терроризм ғояларининг реакцион моҳияти
3. Маҳаллийчилик, миллатчилик, уруғ аймоғчилик, коррупцияга қарши кураш мафкуравий мустақиллик кафолоти
4. ХХ асрда ғоявий-мафкуравий ҳамкорликнинг аҳамияти
Инсоният тарихида ХХ аср мисли кўрилмаган тарихий воқеаларга ниҳоятда бой бўлганлиги билан ажралиб туради. Айниқса, ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги инсоният тарихида янги даврни бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди. Тоталитаризм, маъмурий буйруқбозлик ва зўравонлик ғояларига таянган социализм барбод бўлди.
Миллатчилик, ирқчилик, фашизм ғояларининг давоми бўлган коммунизм мафкураси инқирозга учраб, мустамлакачиликнинг сўнгги қўрғонлари қулади. Бу ўз навбатида янги - ғоят мураккаб ва қалтис бир вазиятни юзага келтирди. Дунё харитасида ўзларининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олган ўнлаб суверен давлатларнинг пайдо бўлиши, айни пайтда социалистик ғоялар ҳукмрон бўлиб келган ҳудудни мафкуравий жиҳатдан бўлиб олишга интилишлар кучайди. Бу вазият буюк давлатчилик шовинизми, диний экстремизм, тажовузкор миллатчилик каби мафкуравий таҳдидларда намоён бўлмоқда.
Бундай вазиятда фақатгина кучли, халқ иродасини ўзида акс эттирган ғояларгина мамлакатни, жамиятни ёт ғоялар таъсиридан, мафкуравий тазйиқлардан муҳофаза қила олади.
Президентимиз И.Каримов мураккаб бу даврнинг асосий белги ва хусусиятларини таҳлил қилиб, «Ўзбекистоннинг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий истиқболининг асосий тамойиллари» асарида қуйидаги хулосага келади:
Биринчи. Давлатлараро муносабатлар тизимидаги мувозанат бузилди. Жаҳонда сиёсий-иқтисодий бўлиниш рўй берди. Кучлар маркази илгари икки жойда бўлса, эндиликда бундай аҳвол ва вазият ўзгарди.
Иккинчи. Жаҳонда мулкий тенгсизлик - саноати ривожланган мамлакатлар билан ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги тафоввут ва зиддиятлар кучайяпти.
Бу ҳолат жаҳон ресурсларини тақсимлашда яққол кўринади. Яъни, табиат ресурслари аслида ривожланаётган мамлакатларнинг асосий бойлиги ҳисобланса ҳам, саноати юксак ривожланган мамлакатлар бу бойликларни назорат қилишни ўз қўлларига олишга интилмоқдалар.
Қолаверса, илмий ва техникавий билимлар, шунингдек, илғор технологиялар соҳасида, эркин сармояни тўплаш ва жойлаштириш соҳасида ҳам жуда катта тафовутлар мавжуд.
Учинчи. Дунёда инсоннинг биологик тур сифатида яшашига бевосита хавф-хатар мавжуд. Яъни, ялпи ядро уруши хавфи анча камайган бўлса ҳам, экологик танглик хавфи, биогенетик бузилишлар хавфи ҳамон таҳликали ҳолатда сақланиб қолмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |