Натижани баҳолаш
Агар тўпланган баллар 10 га тенг бўлса, кўргазмали-ҳаракат тафаккури жуда юқори даражада ривожланган.
Берилган вақт давомида бола вазифани тўғри ҳал қилиб, 4,8-8,0 балл тўплаган бўлса бу тафаккур тури юқори даражада ривожланган.
1,5-3,5 балл - бу тафаккур турининг ўртача ривожланганлигини билдиради, бола мактаб таълимига тайёр ҳисобланади.
1,5 балгача - кўргазмали-ҳаракат тафаккури яхши ривожланмаган, бола мактаб таълимига тайёр эмас.
9.5. «РАВЕН МАТРИЦАСИ»
Ушбу методика кичик мактаб ёшидаги болаларнинг кўргазмали-образли тафаккурини ўрганишга мўлжалланган бўлиб, унинг асосий вазифалари машҳур Равен тестидан олинган. У 10 та аста-секин мураккаблашиб борувчи Равен матрицаларидан иборат.
Болага аста-секин мураккаблашиб борувчи 10 қисмдан иборат вазифа берилади. Масалан: Матрицада бўлакларни жойланишидаги қонуниятни топиш ва қуйида берилган 8 та расм ичидан шу матрицага мос келувчи қисмларни топиш керак. (Матрицанинг шу қисми ичида ҳар хил расмлари бор байроқчалар сифатида берилган). Катта матрица тузилишини ўрганиб, байроқчалар ичидан бола катта матрицага жойлашиши учун мантиқан мос келувчи қисмни аниқлаши керак.
Боланинг 10 та топшириқни бажариши учун 10 минут вақт берилади. Вақт тугагач, тадқиқотчи тажрибани тўхтатади ва тўғри аниқланган матрицалар сони ҳамда вазифани бажаришда тўпланган умумий балл ҳисобланади, ҳар бир тўғри бажарилган матрица учун 1 балдан баҳоланади.
Ривожланиш даражаси ҳақида хулоса:
10 балл - жуда юқори
8-9 балл - юқори
4-7 балл – ўртача
2-3 балл - қуйи.
0-1 балл - жуда паст.
9.6. КОСС КУБИКЛАРИ
Бу методика 1923 йилда S.C.Kohs томонидан таклиф этилган бўлиб, фазода иш тутиш, диққат, зийраклик, қуриш ясаш хусусиятларини ўрганишга мўлжалланган. Бу методика D.Wechsler нинг (1939, 1955) методикасига ақлни текшириш субтести сифатида киритилган. Одатда уни катталарни текширишда қўллашади, лекин бундай топшириқларни болалар ҳам қизиқиб ўйнайдилар. Болалар берилган намунага кўра кубиклардан фигуралар ясашлари керак.
Тажриба ўтказиш учун бир хилда бўялган пластмасса ёки ёғоч кубиклар керак бўлади. Кубикларнинг катталиги 3х3 см, шакли ва ранги ҳар хил фигуралар чизилган 10 та расм зарур. Синалувчи учун кўрсатма: «Шундай фигурани тўртта кубикдан ясаб кўр». Расмнинг биринчи намунаси кўрсатилади ва синалувчи таклиф этилган фигурани кубиклардан ясай бошлайди.
Кубикларни расмнинг устига қўйиб, топшириқни бажариш ман этилади. Вақт ҳисобга олинади. Топшириқни бажаришнинг аниқлигига ва узоқлигига боғлиқ равишда миқдорий баҳо қўйилади.
Боғча ёшидаги ва бошланғич синфдаги болалар топшириқни бажаришганда озроқ ёрдам бериш мумкин. Бола агар қийналса, 1-2 фигурани ясаб кўрсатиш керак. Бунда экспериментатор фақатгина ясаб кўрсатмасдан, қуриш принципини ҳам тушунтиради. Фигурани ясаб бўлгач, экспериментатор кубикларни бузиб ташлайди ва синалувчига мустақил кубикларни ясашни айтади. Тадқиқот қарорида кўрсатилган ёрдам ва бажарилган вақт ёзиб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |