5.1. БОЛАНИНГ МАКТАБ ТАЪЛИМИГА ТАЙЁРГАРЛИГИ ВА БИЛИШ ЖАРАЁНЛАРИ РИВОЖЛАНИШ ДАРАЖАСИНИ АНИҚЛАШ МЕТОДЛАРИ
Болаларнинг маиший турмуш ҳақидаги тушунчаларини аниқлаш, атроф-муҳитда мўлжал ола билишини ўрганиш. Боланинг турмуш ҳақидаги тушунчалар бойлигига: ўзи, яқинлари, қариндошлари, атрофдагилари, у яшаётган ҳудуддаги кишилар, буюмлар хақидаги тушунча ва билимлари киради. Бундай билимлар боланинг ёши ошган сари ортиб боради.
Турмуш ҳақидаги тушунчалар бойлигини тадқиқ этиш учун 6-7 ёшдан 10-11 ёшгача болаларга бериладиган саволлар 10 тадан ошмаслиги керак. Ҳар бир ёш учун саволлар маъно жиҳатидан бир хил бўлса ҳам, лекин аста-секин мураккаблашиб боради. Масалан: мактабгача тарбия ёшидаги болага «Исминг нима?» деб савол берсак, 1-синф ўқувчисига бу савол бироз бошқача берилади: «Исминг ва фамилиянг нима?», 2-синф: «Ота-онангни исми ва фамилияси қандай?», 3-синф: «Бувинг ва бувангни фамилияси ва исми қандай?» тарзида ўзгариб боради. Саволларнинг ҳар бир ёш хусусиятларини, шу ёшдаги турмуш ҳақидаги тушунчалар бойлигини, шу саволларга жавоб бера олиш қобилиятини ҳисобга олиб тузилганлиги юқоридаги мисолдан ҳам кўриниб турибди. Ҳар бир ёшдаги бола шу саволларга жавоб бера олишига қараб балл билан баҳоланади.
Қуйидаги методикада жавоблар 0-1 балл билан баҳоланади. Лекин баъзан шундай ҳолатлар хам бўладики, боланинг жавобини 0 ёки 1 балл билан баҳолаб бўлмайди, шунинг учун мезонга 0,5 баллни киритишга тўғри келади. Баъзан саволларга жавоб бериш жараёнида бола саволга билмагани учун эмас, бу саволга жавоб бериш имконияти йўқлиги ёки ҳоҳламагани учун жавоб бермаслиги ҳам мумкин ва тадқиқотчи бундай ҳолатни эътиборга олиши керак.
«Болаларнинг теварак-атрофдаги умумий йўналиши ва маиший билимлар бойлиги»
Методиканинг ушбу варианти мактабга қабул қилинаётган болалар учун мўлжалланган. Шунингдек 1-5 синф ўқувчиларининг теварак-атрофдаги йўналиши, маиший билимлар бойлиги ҳам шунга ўхшаш вариантлар орқали ўрганилади. Жавоблар таҳлили, баҳолар чиқариш, шу асосда тараққиёт даражасини белгилаш ўртасида ҳам ўхшашлик мавжуд. Мактабга энди қабул қилинаётган болалар учун саволлар:
1. Исминг нима? (фамилияни исми билан бирга айтиш хато ҳисобланади).
2. Ёшинг нечада?
3. Ота-онангни исмлари нима?
4. Сен яшаётган шаҳар қандай номланади?
5. Сен яшаётган кўча қандай номланади?
6. Сенинг уйинг ва квартирангни номери қандай?
7. Қандай ҳайвонларни биласан? Улардан қайсилари ёввойи ва қайсилари уй ҳайвонлари? (камида иккитадан ҳайвон номини айтиши керак).
8. Йилнинг қайси фаслида дарахтлар барг чиқаради ва қайси фаслда тўкилади?
9. Куннинг сен уйғонадиган, тушлик қиладиган ва ухлашга тайёрланадиган пайти нима деб аталади?
10. Сен фойдаланадиган кийимлар ва ошхона жиҳозларининг номларини айтгин?
(тўғри жавоб - 3 тадан кам бўлмаган кийимлар ва 3 тадан кам бўлмаган ҳар хил ошхона жиҳозлари айтилиши керак)
Ҳар бир саволга берилган тўғри жавоб учун бола 1 баллдан олади. Максимал балл, бола барча саволга тўғри жавоб берса 10 баллни ташкил этади. Ҳар бир саволга жавоб бериш учун 30 секунд вақт ажратилади. Шу вақт ичида жавоб бермаса, хато деб ҳисобланади ва 0 балл билан баҳоланади.
Барча саволларга тўғри жавоб бериб, 10 баллни қўлга киритган бола мактабда ўқиш учун тўлиқ психологик тайёр ҳисобланади. Шу вақт ичида болага қўшимча саволлар ҳам бериш мумкин, аммо айтиб бериш керак эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |