Полиз экинлари навлари. Марказий Осиё маданий қовунлар келиб чиққан марказ ҳисобланади. Бу ерда қовун эрамизга қадар IV асрларда ҳам етиштирилган. Тенги йўқ даражадаги сершира, узоқ муддат сақланадиган, узоқ масофага ташишга чидамли, эти қаттиқ ёзги ва асосан, кузги ҳамда қишки қовун навларимиз ўрта асрларда кўпчилик хорижий давлатларга жўнатилган.
Қовун Ўзбекистоннинг турли водий ва воҳаларидаги суғориладиган деҳқончиликнинг катта майдонларида қадимдан етиштириб келинмоқда. Бу кенгликларда табиий ва мақсадли танлашлар натижасида қовуннинг биологик ва хўжалик жиҳатидан бир-биридан фарқланувчи турли шакллари ва ўзига хос навлари пайдо бўлган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда қовуннинг 160 га яқин нави етиштирилмоқда. Амударёнинг қуйи қисмида қовуннинг Кичик ва Ўрта Осиё кенжа тури, бошқа минтақаларда эса фақат Ўрта Осиё тури етиштирилади.
Ўзбекистонда яратилган қовун навлари жаҳонда ўзининг биологик ва хўжалик белгилари жиҳатидан энг такомиллашган, яхшиланган ва маданийлаштирилган деб тан олинади. Қовун генофонди ўзбек халқининг миллий бойлиги ва ифтихоридир.
«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат рейстри»да (2009-й) қовуннинг 40 нави экишга тавсия этилган: эртапишар (ниҳоллари униб чиққанидан биринчи меваси 65-80 кунда пишиб етиладиган) – «Ҳандалак кўкча-14», «Сариқ ҳандалак», «Кўккаллапўш», «Роҳат», «Бўрикалла», «Дагбеди», «Обиноввот», «Тошлоқи-862», «Зарчопон-Ғ1»; ўртапишар (81-100 кун) – «Асати 3806», «Чўгари 944», «Байтқўрғон», «Оқуруғ 1157», «Шакарпалак 554», йирик мевали «Ичқизил», «Кўктинни-1087», «Кўкча 588», «Аравакаш 1219», «Гурвак», «Лаззатли», «Олтинтепа», «Олтин водий»; кечпишар (110 кундан кўп) – «Гурлан», «Сариқ гулоби», «Қўйбош-476», «Умрбоқи 3748», «Олаҳамма», «Бишак», «Сайли», «Қорапўчоқ 3744», «Қорақанд», «Амударё», «Тўёна» ва бошқалар.
2007-2008-йилларда қовуннинг янги «Амал Ғ1», «Голди Ғ1», «Карамел Ғ1», «Саховат» каби нав ва дурагайлари туманлаштирилган.
Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, кейинги даврда республика полизчилигида тарвуз ўзининг нисбатан сермаҳсулотлиги ва касалликларга чидамлилиги билан аста-секин қовунни ишлаб чиқаришдан четлаштираётгани кузатилмоқда. Шу сабабли қовун экадиган майдон 30-35% га қисқариб, бунинг устига унинг баъзи навлари йил сайин камайиб, айрим навлари эса умуман йўқолиб кетмоқда. Бу жараённинг олдини олиш учун республика полизчилиги олдида қовунчиликнинг йўқолиб бораётган қадимги шуҳратини ва навларини тиклаш ва сақлашдек муҳим вазифа турибди.
Ўзбекистонда тарвузнинг 25 та нави туманлаштирилган, «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестири»га (2001-й) тарвузнинг қуйидаги 13 нави киритилган: эртапишар (85 кунда пишадиган) – «Ўзбекистон-452», «Ўринбой», «Чипор», «Олмос», «Манзур», «Сурхон тонги», «Крисби Ғ1 ўртапишар (86-110 кун) – «Карол Куба 92», «Мармар», «Дилноз»; кечпишар (110 кундан кўп) – «Қўзивой 30», «Ҳайитқора», «Гулистон» навлари.
2001-2009-йилларда «Васко Ғ1», «Гранит Ғ1», «ДП-148 Ғ1», «Кримстар Ғ1», «Кримсон свит», «Леди Ғ1», «Матиеса Ғ1», «Келсон Ғ1», «Паладин Ғ1», «Топгун Ғ1», «Фарао Ғ1» ресстрга киритилган.
Ўзбекистонга сўнгги-йилларда Голландия ва бошқа давлатлардан тарвузнинг тезпишар ҳамда юқори маҳсулотли дурагай гетерозис навлари келтирилиб, очиқ ерда ва ҳимояланган ерларда муваффақият билан етиштирилмоқда.
Ўзбекистонда қовоқнинг уч тури бўйича хилма-хил навлари етиштирилади. Хўжаликларда ва томорқа майдонларида қовоқнинг 140 га яқин нав намуналари учрайди. Шулардан 57 таси мускат, 45 таси йирик мевали, 38-таси қаттиқ пўстли қовоқлардир. Уларнинг кўпчилиги Зарафшон (50), Амударёнинг қуйи қисми (39) ва Фарғона (29) ва водийсида етиштирилади.
«Давлат рейетри»га (2000-й) қовоқнинг фақат 5 нави: мускат қовоқларидан – «Қашқар-1644» ва «Палов кади-268»; йирик мевалилардан «Испан-73» ва «Стофунтовка»; қаттиқ пўстли – «Нонкади» киритилган.
«Испан-73» нави – кечпишар, қолганлари эса ўртапишардир (111-120 кун). Барча қовоқ навлари яхши сақланувчан бўлиб, йирик мевалари оддий омборларда 1-2 баҳоргача сақланиши мумкин. Қовоқнинг «Нонкади» нави фақат Самарқанд вилоятида, қолган навлари эса республиканинг барча вилоятларида туманлаштирилган.
№ 6 АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ. Полиз экинларининг ботаник таснифи ва морфологияси
Do'stlaringiz bilan baham: |