Экинларни касаллик ва зараркунандалардан сақлаш. Полиз экинларидан мунтазам равишда юқори ва сифатли маҳсулот олиш учун уларнинг касалликка чалинишининг ва зараркунандаларга дучор бўлишининг олдини олиш ҳамда уларга қарши кураш чораларини қўллаш энг зарур технологик тадбир ҳисобланади. Олдини олиш чораларига қуйидагилар киради: касаллик кўзғатувчи ва кўпгина зараркунандаларнинг уяси бўлган ўсимлик қолдиқлари йиғиб олиниб, йўқотилади, ерлар кузда чуқур шудгорланади, экин унумдор ерга ва яхши ўтмишдош экиндан сўнг экилади, уруғ соғлом ўсимликдан оли-нади ва препаратлар ёрдамида зарарсизлантирилади, суғоришлар меъёрида ўтказилади.
Мамлакатимиз иқлим шароитида полиз экинларига ўргимчаккана, полиз шираси, полиз экинларининг хонқизи ва майса пашшаси энг кўп зарар келтиради. Ўргимчакканага қарши донитол – 1 л/га, неорон – 1,5 л/га, омитот – 2 л/га, ниссорон 0,3-0,5 л/га каби заҳарли моддалар сепилади. Булардан ташқари 20-30 кг/га олтингугурт порошоги сепилади. Полиз ширасига қарши БИ-58 – 1-1,5 л/га, нурел Д – 0,5 л/га, карбофос – 1,0 л/га, толстар – 0,8 л/га ва бошқалар ҳам пуркалади. Майса пашшасини йўқотиш учун полиз экинлари уруғга ҳам экишдан оддин бирорта зарарсизлантирувчи дори билан ишлов бериш, ўсимликлар маҳсулот тугиш даври бошланишида ёки қийғос маҳсулот тўплаш босқичида БИ-58 препаратини гектарига 1,5 кг миқдорида (6-8 кун оралатиб) уч маротаба ўсимликларга сепилади. Хонқизи қўнгизи тухум қўйиб зарарлаган полиз экинларига БИ-58, карбофосдан гектарига 1-1,5 л/га, бир ёки икки марта 25 фоизли тсиракс 0,2-0,3 л/га ва 25% ли тсинираи 0,06 л/га, шунингдек, карбофоснинг 0,5 фоизли эритмаси сепилади.
Мамлакатимизда полиз экинларининг энг кўп тарқалган касалликлари - фузариоз ва вертитсилоз сўлиш, уншудринг ҳамда илдиз чиришдир. Фузариоз сўлиш касаллигига қарши кураш, аввало, унинг олдини олиш ҳамда касаллик туғдирувчи замбуруғларнинг ривожланишига йўл қўймаслик каби чора-тадбирларни ўтқазишдир. Бунинг учун, уруғлар экилишидан олдин бор, темир, рух, мис, марганетс каби микроэлементларнинг 0,05 фоизли эритмасида ивитилиши ёки уларнинг 0,1 фоизли эритмаси униб чиққандан кейин ўсимликка сепилиши керак. Биологик усулда қарши курашиш учун тупроққа триходерма замбуруғидан 120 кг/га солинади. Тарвузнинг вертитсилёз сўлиш касаллигига қарши курашиш учун унинг олдини олиш чора-тадбирлари ўтказилади ҳамда бу касалликка чидамли навлар экилади. Уншудринг касаллигини йўқотиш учун ўсимликка 10-15 кун оралатиб токсин М – 0,7 кг/га, топаз ёки сапрол – 0,8 л/га олтингугурт ёки коллоид олтингугурт кукуни 4 кг/га сепилади. Илдиз чириш касаллигига қарши эса агротехникавий олдини олиш чора-тадбирлари ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |