Шарқий Европанинг энеолит-бронза даврида археологияси.
1.Голоцен даври табиий-иқлим шароитининг қарор топиши.
2.Евросиё дашт ҳудудлари турли табиий-географик шароитига мос ўзлаштирувчи хўжалик шаклларининг вужудга келиши.
3. Чорвачилик ишлаб чиқариш тармоғининг шаклланиш шарт-шароитлари.
Қадимги дунё жамияти тараққиётида Ғарбий Осиёга яқин бўлган Европа ҳудуди муҳим ўрин тутади. Европанинг шарқий ҳудудининг энеолит даври жамияти хўжалик юритиш хусусияти жиҳатдан Ғарбий Осиёдан фарқ қилган. Ғарбий Осиёда жамият суғорма деҳқончилик хўжалиги негизида ривожланган бўлса, Шарқий Европа жамияти тараққиётида Болқон-Карпат ҳудуди металл заҳираси асосий ўрин эгаллайди. Бу ерда энеолит даври жамияти неолит даври маҳаллий маданиятлари ва қадимги шарқ таъсирида шаклланган Караново маданиятлари заминида вужудга келган Гумелница, Кукутени-Триполи ва бошқа маданиятларда ўз аксини топган.
Гумелница маданияти. Гумелница мил. авв. IV минг йилликнинг биринчи ярмида Шарқий Болгария ва Жануби-ғарбий Руминия ва Жанубий Молдово ҳудудида фаолият юритган маданият. Гумильница маданияти ёдгорликлари йирик манзилгоҳлар, қабрлар ва кон ёдгорликлардан иборат. Улардан Караново, Хотница манзилгоҳлар, Азмашка Варна қабристони ва Ойбунар мис кони ушбу маданиятнинг муҳим ёдгорликлардир.
Манзилгоҳлардан тўғри тўртбурчак ер усти уйлари ва қисман ярим ертўла кулбалар аниқланган. Ер усти уйлари ёғочдан қурилган. Тик ўрнатилган ёғоч устунларга кўндаланг новдалар ташланиб, сирти лой билан суваб чиқалган. Деворларнинг сирти қора, қизил ва оқ ранг бўёқда бўялган. Айрим манзилгоҳлар ёғоч ёки вал-девор ва хандак билан ўраб олинган.
Болгариядаги Варна қабристонидан уч юзга яқин қабрлар очиб ўрганилган. Қабрларда марҳумлар чалқанча ва гужанак ҳолатда дафн қилинган. Рамзий қабр-кенотафлар ҳам мавжуд. Марҳумлар маълум кузатув буюмлари билан қўшиб кўмилган. Улар олтин, мис, мармартош, суяк ва ноёб тошлардан ясалган буюмлардан иборат. Кенотафга ҳам қабрлардаги каби буюмлар қўйилган. Қабрларнинг айримларининг топилмалари орасида лойдан ясалиб, олтин қадаб чиқилган одамнинг юзи акс этган ниқоб муҳим ўрин тутади. Варна “олтин мозори” номи билан машҳур қабрдан эса умумий оғирлиги 6 кг. дан иборат 3000 яқин қиммабаҳо зеб-зийнат буюмлари, бошқа бир қабрдан эса мисдан ясалган қурол-яроғлар, кундалик иш қуроллари: болта, теша, искана ва бошқалар топиб ўрганилган. Кузатув буюмлари марҳумнинг ҳаётийлик даврида жамиятда тутган мавқеига қараб қўйилган. Буюмларнинг миғдори ва сифати марҳумнинг ижтимоий ҳолатига боғлиқ бўлган.
Варна топилмалари энеолит даври амалий санъати тараққиёти билан биргаликда ва металл ҳунармандчиликнинг ихтисослашишидан дарак беради. Топилмалар орқали аҳоли ўртасида мулкий тенгсизлик ижтимоий табақаланиш жараёнини ҳам кузатиш мумкин. Қурол яроғлар эҳтимол, аҳоли ўртасида вужудга келган зиддиятдан дарак бериши мумкин.
Мамлакат жанубидаги Старо Загора шаҳри яқинида Ойбунар мис кони аҳолини металл заҳираси билан таъминлаб, Гумелница маданияти тараққиётида муҳим ўрин тутган.
Чақмоқтош ва суяклардан ясалган меҳнат қуроллари, сопол буюмлари, ҳайкалчалар топиб ўрганилган. Сополларнинг сиртига ҳар хил ранг бўёқларда нақшлар чизилган. Ҳайкалчалар хонадон эгаси ҳисобланган она маъбудасини акс эттирган.
Do'stlaringiz bilan baham: |