Триполи-Кукутени маданияти (мил. авв. IV минг йилликнинг охири-III минг йилликнинг охирги чорагигача) Шарқий Европада фаолият юритган. Ғарбий Украина, Молдова ҳудудида-Триполи, Шарқий Руминияда унга яқин Кукутени маданияти тарқалган. Триполи-Кукутени маданиятининг уч босқичи ажралиб туради. Триполи-Кукутени маданиятига оид ёдгорликлар битта маданий қатламли деҳқончилик қишлоғидан иборат. Бу маданияти тарқалган ҳудуднинг экин экиладиган ерларининг унумсизлиги сабабли аҳоли бир жойда узоқ яшамасдан, манзилини доимо ўзгартириб турган. Мутахассисларнинг тахминига кўра Триполи-Кукутени маданияти эгалари ҳар 50-70 йилда янги ерга кўчиб ўтган.
Қишлоқлар дарё қайирида, кейинги босқичларида дарё бўйи тепаликларида қурилган. Айрим манзилгоҳлар ёғоч девор, вал ва хандак билан ўраб олинган. Илк босқичида ертўла уйлар қурилган. Кейинги босқичларида ер устида қурилган уйлар икки, ҳатто уч қаватдан иборат бўлган. Алоҳида ажратилган хонада ўчоқ, дон сақлаш учун мўлжалланган йирик сопол идиш, ёрғучоқ ўрин олган. Хоналардан айримларининг ўртасида лойдан ясалган аёл ҳайкалчаси ўрин олган. Бу хона диний маросим ўтказиш жойи-саждагоҳ ҳисобланиб, ҳайкалча аёл маъбудасини акс эттирган. Триполи-Кукутени маданияти оид алоҳида қабристонлар учрамайди. Марҳумлар яшаш уйининг ичкарисида жойлашган қабрда дафн қилинган.
Меҳнат қуроллар чақмоқтош, суяк ва қисман мисдан ясалган. Мисдан бигиз, қармоқ ва тақинчоқ ясалган. Триполи-Кукутени маданиятига оид бир неча юзга яқин мис буюмлар топилган. Молдово Республикасидаги Корбун қишлоғидан 400 дан ортиқ мис буюмлар топиб ўрганилган. Корбун хазинаси номи билан мушҳур ушбу топилма жамланмасида соф мисдан ишланган иккита болта, спиралли ва пластинкасимон билакузуклар, балдоқлар, антропоморф шакллар, эритиб ишланган мис мунчоқлар бўлган. Триполи-Кукутени маданияти тараққиётида Болқон-Карпат конларидан қазиб олинган мис рудаси муҳим ўрин эгаллаган.
Хўжалигининг асосини деҳқончилик ташкил этиб, буғдой, арпа, нўхат ва тариқ экилган. Жанубий ҳудудда яшаган аҳоли хўжалигида боғдорчилик муҳим ўрин эгаллаган. Узум, ўрик, олхўри экилган. Ерга тош, суякдан ясалган мотига билан ишлов берилган. Ҳайвон шохларидан омоч сифатида фойдаланиб ерга ишлов берилган бўлиши мумкин. Ҳосил тош ўроқ, кейинчалик мисдан қуйилган пичоқларда ўрилган. Ғалла донлари тош ёрғучоқларда майдаланган.
Чорвачилик хўжаликнинг иккинчи тармоғини ташкил этиб, асосан қора мол боқилган. Чўчқа, қўй ва эчки кейинги ўринларни эгаллаган. Триполи-Кукутени маданиятининг охирида йилқи хонакилаштирилади. Овчилик хўжалиги аҳамиятини йўқотмаган. Буғу ва чўчқа ов қилинган.
Сопол буюмлари қўлда ясалган. Сиртига қизил, қора ва оқ рангда геометрик, зооморф ва антропоморф нақшлар чизилган. Аёл ҳайкалчалари дастлаб ўтирган ҳолатда, кейинги босқичларида тик турган ҳолатда тасвирланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |