7. 2. Туроператорлар ва турагентликлар
Туроператорлар - туристик маҳсулотни шакллантириш (тузиш ёки лойиҳалаш)ни, уни бозор томон ҳаракатини, шунингдек, реализация қилинишини амалга оширувчи юридик ёки жисмоний шахсдир. (Изоҳ: бу ерда ва бундан кейин жисмоний шахс, - деганда, юридик шахс маълумотига зга бўлмаган тадбиркор сифатида рўйхатга олинган бўлиш кераклиги англашилади).
Мазкур қоидага кўра, туроператорларнинг дастлабки икки функцияси нисбатан тушунарли: яъни, туристик маҳсулотни шакллантириш, - деганда: тур муддатлари, мақсадни аниқлаш бўйича тартиблаштирилган ва бир - бирига боғланган, нархи ва сифати бўйича, кетма - кетлигига кўра келишилган хизмат кўрсатиш ва иш бажариш, уларни таклиф этиш бўйича шартномалар тузиш, тегишли равишда бронлаштириш ва резервлаштириш тушунилади. Бозор томон йўналтириш, - деганда: шундай ишлар мажмуи тушуниладики, бунда потенциал истеъмолчида шу ишларни сотиб олиш учун мойил - рағбат туғдириш бўйича ишлар бажарилади ёки соддароқ айтганда тур ва хизматлар рекламаси амалга оширилади.
Кейинги функция батафсил тушунтириб берилишини талаб этади. Яъни, «Реализация» атамаси икки хил маънога эга: а) сотиш; б) бажариш.
Фаолиятнинг классик (анъанавий) схемаси бўйича туроператор туристик агент - кўтарачиларга туристик маҳсулотни фақат улгуржи сотишни амалга оширади, агент - кўтарачилар эса бу маҳсулотни худудлар ва минтақалар бўйича тақсимлайдилар ва уларни маҳаллий туристик агентликлар орқали сотадилар.
Турларни истеъмолчининг ўзига - туристга чаканалаб сотишни туристик агентлик ( қисқача турагентлик) амалга оширади. Баъзан туроператор ўз хузурида махсус структуравий бўлинма - фақат туристларга кўрсатишнигина эмас, балки барча агентлик ишларини ўзаро мувофиқлаштириш билан ҳам шуғулланувчи турларни чаканалаб сотиш бўйича марказий туристик агентлигини тузади. Амалиётда туризм соҳасидаги корхоналар ичида туроператорларнинг сони 5 % дан ошмайди, турагентликлар эса 95 % ни ташкил этади.
Бундан ташқари, туроператор туристик маҳсулотни истеъмолчи (турист) олдида бажарилиши учун жавоб беради ва амалда туристик маҳсулотни назорат қилиш ва оператив кузатиб боришни (ҳеч бўлмаганда туристик гуруҳлар учун -доимо) амалга оширади. Одатда туроператорлик функциясини амалга ошириш учун корхонани шундайлигича юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказишгина эмас, балки бундай фаолиятни амалга ошириш учун махсус лицензия ҳам олиш зарур. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 - йил 11 - ноябрдаги "Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомни тасдиклаш ҳақида"ги қарорида бу масалага ойдинлик киритилган. Россияда (изоҳ: ҳукумат қарори билан 1995 - йилдан бошлаб халқаро туристик фаолиятни лицензиялаштириш тартиби жорий этилган ) лицензия олиш фақат халқаро туристик фаолиятни амалга оширишда талаб этилади. Ички туризм соҳасидаги фаолиятда лицензия ва махсус рўйхатдан ўтиш талаб қилинмайди. Ўзбекистонда эса ички ва халқаро туризм учун ягона лицензия зарур.
Туроператор туристик маҳсулот истеъмолчиси олдида жавобгар ҳисобланади. Истеъмолчи кўпгина турли хил корхоналар хизматини ўз ичига олган хизмат кўрсатишлар пакетини айнан ундан сотиб олади. Бу жавобгарлик туроператорнинг тегишлича кафолатларини (маълум суммадаги маблағ депозити ёки бошқа таъминот учун банк кафолати, агар лицензиялаштириш қонунлари бўйича мумкин бўлса, профессионал жавобгарликни суғурталаш (Изоҳ: агар бажариш функциясини амалга оширилмаса, ёки атайлиб, туроператор туристларга турни пуллаб, анча - мунча пул тўплаб, шу заҳотиёқ ғойиб бўлиши мумкин. Буни туризм бўйича фирибгар ва товламачилар мунтазам амалга ошириб келадилар. Бунинг устига на лицензиялаштириш институти, на турли хил кафолатлар туристларни бундай ходисалардан ҳимоя кила олмайди) назарда тутгандир.
Туристик агентликлар (турагент) - бу истеъмолчи (турист)га ёки мижозларга айрим туристик хизматлар ва турларни чакана сотиш функциясини амалга оширувчи юридик шахсдир. Туроператор ёки турагентлик билан уни молия соҳасига ва ҳаттоки масъулиятни маълум даражада қайта тақсимлашга доир кўзда тутилиши мумкин бўлган жуда хилма - хил ўзаро таъсир ва ҳисоб - китоб қилишлар бўйича агентлаштириш шартномаси боғлаб туради. Сотувчи сифатида агентлаштириш шартномаси бўйича унинг функцияси агар фақат айнан шу воситачилик функциясидан иборат бўлса, турагент, туристик маҳсулот учун чекланган масъулиятга эга бўлади. Мисол учун а) айрим хизмат кўрсатишларни; б) туроператор томонидан олинган туристик пакетларни; в) пакет билан боғлиқлиги шартланмаган, масалан, якка туристлар учун кўрсатиладиган турли хизматлар мажмуини сотувчи агентликлар мавжуд.
Агентлаштириш соҳасида фаолиятнинг бир нечта турлари фарқланади:
а) шахс номидан ва корхонанинг топшириғи бўйича турларни сотиш. Моҳиятан бу турли хилдаги туроператорларнинг «туристик йўлланмалар дўкони» дир. Туристик йўлланмада доимо бундай сотишни амалга оширган туроператор ва агентнинг барча реквизитлари тўлиқ кўрсатилади (Изоҳ: агентлик фоизи тушунчаси бор бўлган мамлакатларда, агентлик фоизининг суммаси доимо туристик хизматларнинг чеки ёки ваучерида кўрсатилган бўлади. Бундай мамлакатларда йўлланмалар йўқ, балки ваучер бор бўлиб, унда касса аппаратидаги маълумотни ёзиб қўйиш учун махсус хошия мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтамиз. Бундай ҳолда агентликнинг ўзи барча оқибатларни ва жавобгарликни бўйнига олган ҳолда туроператорлик функциясини бажаради).
б) Турларни ўз номидан, лекин туристик маҳсулотни муайян туроператорга тегишли эканлигини кўрсатган ҳолда сотиш;
в) Туристик махсулотни ўз номидан (бу маҳсулотни конкрет бир туроператорга тегишли эканлигини эслатмасдан), биргаликда яратиладиган туристик маҳсулотни сотиш.
Ўзаро ҳаракат қилишнинг қабул қилинган жадвалидан келиб чиқиб, жавобгарликнинг аниқ белгиланган даражалари, молиявий ҳисоб - китоблар ва фаолиятнинг солиқка тортилиш жадвали юзага келади.
Туристик агент туристик маҳсулотни сотиш жараёнида иштирок этувчилар занжирининг муҳим халқаси бўлиб, ўзининг табиий хусусияти ва истеъмолчининг характеридан келиб чиққан ҳолда, потенциал истеъмолчининг ўзигача, иложи борича унинг уйига ёки хизмат жойигача етиб борган бўлиши керак. Айнан шунинг учун ҳам туристик агентликлар жуда кўп ва умумий ҳолларда улар ходимларининг сони бўйича кўпчиликни ташкил қилмайдилар, лекин ҳамиша витриналик биринчи қаватда ва кўпчилик ўтадиган ерларда жойлашган бўладилар (Изоҳ: баъзи маълумотларга кўра, Нью - Йоркда 324 минг туристик агентликлар мавжуд), ҳар бир агентлик қошида муайян жойлардаги истеъмол бозорининг конкрет бўғинига хизмат кўрсатувчи кўп сонли ёлланма ишчилар ишлашади. Ривожланган мамлакатларда турларнинг энг кўп қисми айнан оилавий агентликлар томонидан сотилади (Изоҳ: оилавий мутахассислир қаторига тиш дўхтирлари, врачлар, ҳуқуқшунослар ва туристик агентлар киради.)
Агентлик телекоммуникацион компьютер тармоқлари хизмати туроператорлари ёки бошқа операторлар билан, масалан, агентга ахборотлар ва туристик хизматларни бронлаштириш тизимининг қудратли базасига йўл очиб берадиган глобал халқаро ва миллий тармоқлари билан боғлиқ бўлади.
Ҳозирги пайтда турларни истеъмолчига интернет тармоғи орқали сотиш шаклланмокда.
7. 3. Ташиш ва жойлаштириш индустрияси
Ташиш тизими - ҳозирги кунда туристларни пиёда бир жойдан бошқа жойга ўтказишни истисно қилганда, техник тараққиёт даражаси билан белгиланади. Умуман, ташиш деганда қуйидаги тизим назарда тутилади:
- ҳайвонлар (филлар, туялар, отлар, эшаклар, итлар каби жониворлар) билан ташиш;
- ер усти механик ҳаракат воситалари (велосипед, автомобил, автобус, темир йўл) орқали ташиш;
- ҳаво транспорти (верталёт, самолёт, ракета, дирижабл) дан фойдаланиш;
- сув транспорти (қайиқлар, соллар, дарё ва денгиз, сув усти ва ости кемалари) дан фойдаланиш.
Ҳозирча инсоннинг техник тафаккури ҳаракатланишнинг бошқа воситаларини ўйлаб топган эмас ва бундан ўзгасини ҳаёл қилиш - илмий фантастик ҳикоялар сюжетларининг маҳсулидир.
Туристларни бир жойдан - бошқа жойга олиб борувчилар иш босқичларига, уларнинг туристик маҳсулот таркибидаги ўрнига мувофиқ равишда асосий ва ёрдамчи ташувчиларга бўлинади.
Ташишни иш босқичларига кўра қуйидагиларга бўлиш мумкин:
1. Трансфер, яъни туристларни жўнатиш жойидаги асосий ташувчига етказиб бериш, туристларни аэропорт терминалидан, вокзалдан меҳмонхонагача элтиш ҳамда худди шу операцияларни туристлар ватанларига қайтаётганларида бажариш. Бунда асосан кўп ҳолларда автобус орқали ташилади;
2. Туристларни боришлари керак бўлган узоқ масофаларга элтиш. Бунда ҳаво йўли, темир йўл ва сув транспортларидан фойдаланиб узоқ ҳудудларга элтиб қўйилади;
3. Автобус ва темир йўл турларида маршрут бўйича олиб юриш, бунда ташиш босқичи аслида турнинг зарурий ва асосий элементи бўлади, ташиш воситалари эса, кўпинча тунаш жойларига айланади, бунга денгиз саёҳатига доир
маршрутларни ҳам киритиш мумкин;
4. Экскурсион йўналишлардаги ташиш, масалан, шаҳар бўйича, тематик боғлардаги ва бошқа ташишлар;
5. Шоппинг турлар учун юк ташиш.
Жойлаштириш - туризмнинг энг муҳим элементидир.
Жойлаштириш (тунаш) бўлмаса - туризм ҳам бўлмайди. Бу катта даромад олишга ташна бўлган ҳар қандай туристик худуд ва марказ иқтисодиётининг қатьий талабидир. Меҳмонхона индустрияси (Изоҳ: шуни таъкидлаш керакки, туристларни бошқа жой ва мамлакатга жўнатиш ҳам маҳаллий ғазнага солиқлар кўринишида фойда келтиради. Шу билан бирга, агар туристларни қабул қилиш учун жойлаштириш масканлари, ташиш воситалари, аттракциялар ва бошқаларнинг ривожланган индустрияси зарур бўлса, жўнатиш маҳаллий ҳокимиятдан шу индустрия тараққиёти учун анчагина кам капитал маблағ талаб қилади) меҳмондўстлик тизимининг моҳиятидир. У инсоният тарихидаги ҳар қандай ижтимоий формацияга хос бўлган меҳмонни ҳурмат қилиш, уни қабул қилиб олиш ва хизмат кўрсатиш тантаналари каби, энг қадимги анъаналаридан келиб чиқади. Шуни таъкидлаш керакки, мутлақо транзит туристлар ва экскурсион хизмат кўрсатиш ҳисобига яшайдиган туристик марказ ва жойлар ҳам мавжуд. Лекин, бу ҳолда яхши фойда олиш учун туристик маҳсулот ва товарни сотишда устамонлик билан ташкил қилувчилик хусусиятга эга бўлиш керак.
Жойлаштириш воситалари ва тизими, яъни асосий воситалар - булар вақтинча келиб кетувчиларга (мижозларга) турли даражада хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ҳолда уларни қабул қилиш ва тунашларини ташкил этиш бўйича махсус мослаштирилган турли хилдаги ва кўринишдаги (чайладан тортиб то улкан меҳмонхоналаргача бўлган) бинолардир.
Меҳмонхона соҳасидаги ўринларниг сони - туристларни қабул қилиш борасида туристик марказ ёки худуднинг имкониятини баҳолашда фойдаланиладиган энг асосий кўрсаткичдир. Масалан, туристик марказга келиб кетувчи туристлар сонини намойиш этувчи нолларнинг сони исталганча бўлган ҳар қандай рақамни ўйлаб топиш мумкин ва бу ишни раҳбарият олдида ўз фаолликларини исботлашга интилган маҳаллий маъмурият чиновниклари доимо амалга ошириб келадилар. Лекин, меҳмонхоналардаги жойларнинг сони мазкур туристик марказида туристларнинг жойлашуви учун мавжуд бўлган жойлаштириш воситаларининг ҳажми ва ҳақикий имкониятларини аниқ белгилаб беради. Жойлар (номерлар) фондини тўлиқ ишлатиш жадаллиги эса, маҳаллий маъмурият ва туризм ташкилотчилари фаолиятидаги самарадорликни унга мувофиқ ҳолда аниқлаб беради. Номақбул режалаштириш (ёки уни йўқлиги) шунга олиб келадики, жойлаштириш мавсум пайтида мумкин бўлган имкониятдан ошиб кетади ва ҳаттоки тунаш учун пулни олдиндан тўлаб қўйган туристлар ҳам чалкашлик туфайли кўчада қолиб кетадилар. (Изоҳ: бундай ҳоллар мавсумнинг айни қизиган пайтларида тез - тез бўлиб туради).
Меҳмондўстликнинг (меҳмон қабул қилиш) бугунги индустрияси - бу худуд ёки туристик марказ хўжалигининг энг кучли тизмидир ва туризм иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмидир.
Меҳмон қабул қилиш индустриясида коллектив (жамоа) ва индивидуал (якка) жойлаштиришни турли хилдаги отеллар, меҳмонхоналар, мотеллар, ёшларнинг хостел ва ётоқхоналари, аппортоментлар, туристик хуторлар ташкил этишади.
Республикамизда замонавий меҳмонхоналар барпо этиш учун "Меҳмонхоналар классификацияси" ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳужжат билан мазкур ўқув қўлланмамизнинг 1 - мавзусида атрофлича фикр билдирганмиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |