Таянч иборалар
- Ички туризм
- Халқаро туризм
- Миллий туризм
- Туристларни қабул қилиш
- Туристларни жўнатиш
Назорат саволлари
1. Ички туризм деганда нимани тушунасиз?
2. Халқаро туризм тушунчасини таърифлаб беринг.
3. Туристларни қабул қилиш жараёни нималардан иборат?
4. Туристларни жўнатиш нима?
5. Миллий туризмни ривожлантириш учун қандай амалий чоралар зарур?
6. Режали туризмни тушунтириб беринг.
7. Ҳаваскорлик туризми деганда нимани тушунасиз?
8. Ижтимоий туризм асосан халқнинг қайси қатламига мансуб?
9. Туризм ташкилотчилари деганда нимани тушунасиз?
10. Якка ва гуруҳли туризм ҳақидаги фикрингизни ифодалаб беринг.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Харис Г., Ким К. Стимулирование международного туризма в 21 век (Пер. с анг.). -М., 2000 г.
2. Основы туристской деятельности (Учеб. пособ.). Составитель Ильина Е.Н. -М.: Советский спорт, 2000 г.
3. Биржаков М.Б. Введение в туризм. Санкт - Петербург, 2000 г.
4. М.А. Мирзаев. Туризм асослари (модул). 2003 й.
5. Trevel Guide Uzbekistan - Tashkent: National Company Uzbekturizm 2003.
6. Information and Documentation Resource Centres For Tourism. WTO. 2004.
7. Tourism and Poverty Alleviation-Recommendations for Action.WTO. 2004.
8. Rural Tourism in Europe: Experiences, Development and Perpectives. WTO. 2004.
5 - мавзу. Туризм турлари ва асосий кўринишлари
5. 1. Актив (фаол) ва пассив (нофаол) туризм ҳақида тушунча
5. 2. Туризм турларининг кўринишлари
5. 3. Махсус ва ижтимоий туризмнинг ўзига хос хусусиятлари
5. 1. Актив (фаол) ва пассив (нофаол) туризм ҳақида тушунча
Туризмнинг бундай номлар билан бўлинишининг асосий сабаби, одамнинг туризм жараёнида ҳаракатланиши ва жадаллиги турларини аниқлаш билан белгиланади. Катта жисмоний куч талаб қилинадиган ва ҳамма туристлар қатламига ҳам тўғри келадиган туризмнинг актив (фаол) турларига - дам олиш ва сайёҳат вақтичоғлик, спорт кабилар киради. Бу маънода яна ҳам ажралиб турадигани - бу экстремаль туризм туридир. Туризмнинг пассив (нофаол) турига эса - туризм дастури ёки туристик сайёҳликнинг тинчроқ ва кам куч сарф қилинадиган, жисмоний зўриқишларга хос бўлмаган тури киради. Улар бир маромда дам олишга мослашган шахсларга мўлжалланган ўрганиш туризми бўлиб, туристлардан жисмоний куч ва зўриқиш талаб этилмайди. Бу денгизда, тоғда, сувда даволовчи характердаги соғломлаштириш туризмидир. Масалан, курортларни шулар қаторига киритиш мумкин. Шундай турдаги сайёҳлик - фарзандли оилаларга, катта ёшдаги туристларга ва пенсионерларга тегишлидир. Пассив туризмда туристлар бош кийим тикиш, саватлар тўқиш, шунингдек, хўжалик ишларини юритиш, ошхона ҳамда боғбончилик ишлари билан шуғулланишни ҳам ўрганадилар. Буюк Британияда қайиқ билан каналларда сузиш туризми кенг тарқалган. Шунга ўхшаш кўллардаги туризмда ҳам туристлар нафақат ўзлари эшкак эшишадилар, балки, қайиқларни судраб ўтишадилар, чодирларини ўрнатадилар. Бунда жисмоний зўриқиш талаб этилади. Мавжуд инглиз туризмида қайиқларни дарё бўйлаб отлар судрайдилар, туристлар эса қулай ва шинам қишлоқ отелларида тунашади.
Актив (фаол) туризмга ҳар - хил саргузаштли туризмларни ҳам киритиш мумкин:
- Саргузаштли туризм деганда - экзотик жойларга, вулқонларга, оролларга, шаршараларга ва шу каби жойларга боришга айтилади. Одатда бу - экзотик ва экологик жиҳатдан тоза табиий резервацияларга ноананавий транспорт воситалари билан боғлиқ бўлган, бир қолипга тушмаган туризмдир. Баъзи ҳолатларда, бу хилдаги туризм жиддий жисмоний зўриқишлар билан боғлиқ бўлади, инсондан билим ва довюракликни талаб қилади. Масалан, Колораданинг тошқин дарёларида дамланма қайиқларнинг оқизилиши, қиш фаслида итлар тортадиган чаналар қишқи туризми, тоғ - чанғи курортларидаги дам олиш ва бошқалар шулар жумласидандир. Уларда қатнашиш учун қатнашчилар олдиндан маълум усталикка ва жисмоний тайёргарликка эга бўлишлари керак. Бу хилдаги туризм спорт туризмига яқин ҳисобланади, унда йўллар яхши тайёрланган, йўл кўрсатувчи ёрдамида хавф минимум даражага туширилган, туристлар махсус асбоб - анжомлар билан таъминланган бўлишлари лозим. Актив (фаол) туризмга: фалокатлар содир бўлган жойларга - зилзилалар, сув тошқинлари, вулқонларнинг отилиши, техноген ҳалокатлари (масалан, вертолётдан Чернобил АЭС ни томоша қилишлар) ва экстремал ҳодисалар (масалан, ўлим жазосини томоша қилишлар ва ҳ. к.киради.) Европадаги баъзи одамлар қамоқларда ўтирган кишилар камераларига кириб, 1 - 3 кун давомида жиноятчилар бошидан кечирган кечинмаларни хаёлан бошларидан ўтказишни хуш кўрадилар. Бу туристларга кунига 120 долларга тўғри келади. Саргузаштли туризмда қилинадиган суғурта қимматга тушиши мумкин.
Саргузаштли туризмга яна табиат қўйнига уюштирилган сафари, ов, балиқ овлаш, қишда моточаналарда учиш ёки юриш қийин бўлган жойларга жипларда сайр қилиш ҳам киради. Ғарбда қизиқувчиларга mistary tоиг - сирли саргузаштли туризм таклиф этилади, бунда қатнашчиларга олдиндан тайёрланган дастурлар ва ташкилотчилар томонидан ўйланган нарсаларнинг барчаси кутилмаган совға бўлиб қолади.
Харакатларнинг турларига боғлиқ бўлган туризмни қуйидаги турларга ажратиб ўрганиш мумкин:
- Пиёда юриш ёки сайр килиш туризми. Бунда ҳайвонлар билан ҳаракатланадигаи маршрутлар - фил, туя, эшак, от, қўтос, итларда амалга оширилади. Одатда йўналишнинг узунлиги 2 - 6 км.дан ҳаттоки 20 - 50 км.гача чўзилиши мумкин. От туризми маршрути ғоят кенг тарқалган. Қатнашчилар техника воситалари билан бориш қийин бўлган табиатнинг диққатга сазовор жойларига ана шу воситалар ёрдамида боришлари мумкин.
- Темир йўл маршрути туризми. Бунда туристлар сафар давомида кўпгина жой ва районлар билан танишадилар, вагонларнинг жуда қулай купъеларида яшайдилар, кўчиб юрувчи ресторанларда овқатланадилaр. Харакатланишнинг асосий қисми кечаси амалга оширилади, кундузи эса туризм дастурида кўзда тутилган асосий диққатга сазовор жойларни, музейларни ва бощка объектларни зиёрат қилишадилар. Баъзи туризм турларининг давомийлиги 14 ва ундан кўп кунга чўзилади. АҚШ, Канада, ЖАР, Аргентинанинг чиройли боғлари бўйлаб эски тарихий поездларда сайр қилиш, Россияда катта шаҳарлар бўйлаб темир йўл туризми маршрути кенг тарқалган (Санкт - Петербург - Новгород - Псков - Москва ёки Санкт - Петербург - Омск - Иркутск). Туризм поезди таркибига ётоқ вагонларидан ташқари вагон - ресторан, вагон -клуб, вагон - душлар киради. Ўзбекистонда ҳам (Тошкент - Самарканд - Бухоро - Хива - Тошкент йўналиши бўйича) мазкур туризм йўлга қўйилган.
- Автобусли маршрутлар. Бунда туристлар мамлакатларни магистраллар бўйлаб бир пунктдан иккинчи пунктга ҳаракатланиб кесиб ўтадилар. Умуман туристлар автобусларда жуда оз ухлайдилар, асосан ухлаш учун қиммат бўлмаган меҳмонхона ёки мотеллар кўзда тутилади, аммо махсус ётоқ автобуслари ҳам мавжуд.
Шахсий ёки ижарадаги автомобилларда, шунингдек, машинасидан ажралмаган ҳолда сайр қиладиган туристлар қатлами ҳам мавжуд. Улар бир қанча транзит визалар олиб, мураккаб маршрутлар бўйлаб қатор мамлакатларни кесиб ўтишади, айрим вақтларда улар машиналари орқасида кўчиб юрувчи уйларни судраб юрадилар, унда таом тайёрлашадилар, овқатланишадилар ва тунашадилар. Бундай туристлар учун махсус автокемпинглар ва карвонлар учун тўхташ жойлари ўрнатилади. Спортга йўналтирилган туризмда мураккаб туристик маршрутлар ва мусобақалар уюштирилади. Масалан, tгорhу - автомобилларидаги энг оғир туризмдир. Ёрқин мисол бўлиб Сamel Trophу сафари хизмат қилади. Self drive tоuг - туризм, бунда турист автомобилни ижарага олиши ёки келишилган маршрут бўйича ўзининг шахсий машинасида ҳаракатланиши мумкин. Туристик агентлик кемпингларда стоянкалар, отеллар, озиқ - овқатлар буюрадилар, ҳариталар етказиб берадилар, бир қанча қулай ва қизиқарли сафар маршрутларини таклиф этадилар, транспорт суғурталарини расмийлаштирадилар.
- Сув туризми маршрути. Бунда қайиқларнинг ҳар - хил турларида, яхталарда ёки бошқаларда сузишларни ўз ичига олади.
- Ҳаво орқали ташиш. Ташишнинг каттагина қисмини ҳаво орқали ташишлар ташкил этиб, улар узоқ масофаларга ташишга асосий эътиборни қаратади. Бундан ташқари қитъалараро, океанлар орқали ташишлар ҳам киради. Йўловчиларни ташишга мўлжалланган юқори тезликка эга ва хавфсиз ҳаво лайнерларининг яратилиши билан туристларни қитъалараро ташиш бирданига ошиб кетди. Туристларни ташишда қатновли маршрутлар билан бир қаторда чартер йўналишлари ҳам ишлатилади. Ташиш тизимида маҳаллий авиациянинг ҳам роли катта, унда мамлакат ичидаги кўпгина маршрутлар ва узоқ масофага чўзилган ҳудудларда туристларни самолётларда ташиш кўзда тутилади. Шундай қилиб, Жанубий Африка туризмининг асосий қисми ҳаво йўлларида ташишни кўзда тутади. АҚШ ҳаво хабарлари етказиш соҳасида олдинги ўринларда туради. 1997 - йили АҚШ ҳаво йўллари томонидан 599 млн. йўловчилар ташилди. 2007 - йилга бориб бу кўрсаткич 900 млн. йўловчига етади. Туристларни ташишда кичик авиация ҳам фаол қатнашмокда, айниқса туристларни табиат қўйнига техник воситалар етиб бориши қийин бўлган жойга етказишда булар қўл келади. Шу боис, кўпгина туризм сафарлари турли - хил транспорт воситаларидан фойдаланишни кўзда тутади. Туристларни узоқ масофаларга ташишда кўпинча ҳаво транспортларидан фойдаланилади. Туристлар узоқ масофадаги дам олиш жойларига боришда вақтни минималлаштиришга ҳаракат қиладилар ва самолёт бу борада ҳаракатнинг оператив воситаси бўлиб хизмат қилади. Айрим ҳолларда сафар вариантлари ўз ичига комбинациялашган турларини олади. Таътил даврида ўз машиналаридан ажрала олмайдиган Британияликлар Европа бўйлаб сафарни давом эттирадилар, лекин Европа мамлакатларида ҳаракатланиш ўнг томонлама, аммо Буюк Британияда эса чап томонлама, шунинг учун бошқариш одатини ўзгартириш қийин, кўча ҳалокатлари ва тушунмовчиликлардан қочиш мақсадида автомашиналарни темир йўл платформаларида транспортировка қилиш усулидан фойдаланилади. Дастлаб Ла Манш бўғозидан туризм автомашинаси денгиз солида олиб ўтилади, сўнгра темир йўл платформаларига юклаб белгиланган манзилга етказилади. Туристларнинг ўзлари шу поезднинг ётоқ купъеларига жойлашадилар. Автомашиналарни жойида ижарага олиш ҳам кенг тарқалган. Хизматнинг шундай туристик пакетлари мавжудки, улар самолётларда ташиш ва автомашиналарни аэропортнинг ўзида ижарага беришни ўз ичига олади, автомобилларни ижарага бериш кўпгина ривожланган мамлакатларда кенг тарқалган. Россияда ҳам автомобилларни ижарага бериш фирмалари мавжуд, аммо улар фақат хорижий туристларга берадилар. Афсуски, республикамизда бундай ишлар хали кўнгилдагидек эмас. Қайси воситалар орқали туристларни ташиш энг қулайлигини туризм сафарлари предмети ва мақсадларининг иқтисодиёти ечади. Умуман, туристлар учун вақт муҳим аҳамиятга эга ва туризмда туристларни ташиш сайёҳликнинг ёрдамчи элементи бўлиб ҳисобланади. Бу ўринда, 1000 кмдан ортиқроқ масофаларга ҳаво йўлларида ташиш қулайдир, бундан ташқари ҳаво йўлларидан фойдаланиш катта сув хавзаларини кесиб ўтишда ҳам қулайдир. 300 кмдан 1000 кмгача бўлган масофаларда темир йўлидан, асосан тез юрар линиялардан фаол равишда фойдаланилади. Қисқа масофаларда эса автомобил транспортидан фойдаланиш қулайдир. Баъзи ҳолларда дарё ва денгиз транспортларидан фойдаланилади. Бундан ташқари махсус маршрутлар ҳам борки, унда ҳаракатланиш усули туризм маршрутининг асосини ташкил этади. Масалан, круиз маршрутлари, автобус ва темир йўл туризми, - бунга мисол.
Do'stlaringiz bilan baham: |