12-расм. Тўғонни бетонлаш блокларига ажратиш схемалари:
а – чокларни боғлаш йўли билан; б – устунсимон; в – узун блоклар; 1 – бетонлаш блоклари; 2 – блоклар ўртасидаги чоклар; 3 – устунлар; 4 – узун блоклар
Баландлиги 50 м гача бўлган иншоотларда «чокларни боғлаш» усулида ажратиш ғишт териш принципига кўра қўлланилади (6.12-расм, а). Баландлиги 50 м дан ортиқ тўғонларда блокларга устунсимон ажратиш қўлланилади (6.12-расм, б) ёки секциялар узун блоклар билан бетонланади (6.12-расм, в), баъзан эса тўғон бутун кенглик ва узунликда қатламма-қатлам бетонланади.
Бетонлаш блоклари системаси ва блокларнинг ўлчамлари шундай танла-ниши лозимки, мазкур иқлим ва қурилиш шароитларида блокларда дарзлар пайдо бўлмасин. Дастлабки даврда бетоннинг қотиши ва мустаҳкамланиши иссиқлик ажралиши (экзотермик қизиш) билан бирга юз беради ва агар чоралар кўрилмаса, блокдаги бетон баланд температураларгача (50-60С) қизиб кетиши мумкин. Сўнгра иншоотнинг ташқи қисмларидаги бетон сиртдаги ҳаво температураси таъсирида фойдаланиш температурасигача совийди. қотган бетон температурасининг бундай пасайиши чўзувчи зўриқишларга сабаб бўлиши, улар эса дарзлар ҳосил бўлишига олиб келиши мумкин. Дарзлар ҳосил бўлишининг олдини олиш учун бетон заводида бетон қоришмаси температурасини ростлаш (тўлдиргичлар, сувни иситиш ёки совитиш) ва блокдаги бетон температурасини ростлаш (қувур орқали сув юбориб совитиш, йилнинг иссиқ даврида сув билан юзаки совитиш ва қишда иситиш) қўлланилади.
Тўғонни бетонлаш блокларига устунсимон ажратишда устунлар қиздирилганидан ва улар совиганидан кейин устунлар оралиғидаги чоклар очилади ва босим остида цемент қоришмаси билан тўлдирилиб, шу тариқа конструкциянинг яхлитлиги таъминланади. Бошқа ажратиш системаларида цементлаш талаб этилмайди.
Иншоотни бетонлашда бетон махсус шакл - қолипга ётқизилади. қолип деворлари тўсиқлардан ясалади. қолип ажраладиган ва ажралмас бўлиши мумкин. Ажраладиган қолип бетон ташқи мустаҳкамлик даражасига етгач ажратиб олинади, ажралмас қолип эса бетон сиртида қолади ва иншоот қурилмасининг бир қисми ҳисобланади. Шу сабабли ажраладиган қолип одатда ёғоч ва металлдан (ёғоч, ёғоч-металл, металл қолиплар), ажралмас қолип эса – темир-бетондан ясалади.
қолип махсус корхоналарда ёки қурилиш ишлаб чиқариш базасининг цехларида (ёғоч заводлари, темир-бетон маҳсулотлар заводларида) алоҳида тўсиқлар кўринишида ясалади. Блок қолипи одатда бетон узатувчи кранлар билан ўрнатилади. Баъзан алоҳида механизмлар қўлланилади.
Блокка темир-бетон қурилмаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун зарур арматура ҳам ўрнатилади. Арматура ҳажми унча катта бўлмаган ҳолда у донабай тайёрланади ва блокка қўлда ўрнатилади, катта ҳажмларда эса тўрлар ёки арматурали қурилмалар қурилишнинг ёрдамчи хўжаликларида олдиндан тайёрланади, сўнгра улар блокда ўрнатилади ва пайвандланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |