Аналитик тарозилар юқори аниқлик билан граммнинг ўнг мингдан бир улушига қадар тортишга имкон беради. Гарчи техно- кимёвий ва аналитик тарозиларнинг қурилиш жараёни бир хил бўлса-да, аналитик тарозиларнинг сезгирлиги анча юқори. Тарозилар бекор турган пайтда ҳамма вақт арретирланган (танбалаб қўйилган) бўлиши лозим. Аналитик тарозилар махсус ойнавонли шкафчаларга (ҳавонинг салгина тегиши билан шайнларни тебранишдан сақлайдиган) жойлаштирилади, уларнинг таглиги ҳам кўзгу ойнасидан қилинган бўлади. Тарозилар доимий махсус столчаларга ўрнатилади, столчалар эса қум ёстиқчалар устига қўйилган оғир тагликка эга бўлган ёки катта асосий деворлардаги қўзғалмас кронштейнларга махкамланган бўлади.
Аналитик тарозилар учун тошлар ва миллиграммлар билан ўлчанадиган майда тошчалар бўлиб, улар юқори даражадаги аниқлик билан тайёрланган. Аналитик тарозиларда тортиш пайтида граммнинг мингдан бир ва ўнг мингдан бир улушлари шайннинг тепа қисмидаги рейтер шкаласи бўйлаб суриладиган 10 миллиграмли тошча- «рейтер» ёрдамида юк ортиш йўли билан аниқланади. Бу шкаланинг ҳар бир катта бўлими граммнинг учинчи ўнлик ишорасига, майда бўлимчалари эса тўртинчи ўнлик ишорасига тўғри келади. Аниқлик тарозиларнинг баъзи хилларида тортишни осонлаштириш учун махсус ҳаво тинчлантиргичлар- демпферлардан фойдаланилади, тарозилар витринасининг ташқи қисмига чиқарилган бурилма мослама орқали ричаглар сисемаси ёрдамида халка кўринишидаги миллиграмм тошчалар илинади, миллиграммлар ва уларнинг ўндан бир улушларини санаш учун экранини ёритиб турадиган махсус оптик система қўлланилади.
Техник тарозиларда, айниқса аналитик тарозиларда тортиш ишларини бажаришда қуйидаги асосий қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур.
Тарозилар билан ниҳоятда эхтиёт бўлиб ишлаш лозим, уларни тебратиш ёки қимирлатмаслик керак. Тарозилар озода сақланиши зарур; мабодо паллалар чангланиб ёки тасодифан ифлосланиб қолгудек бўлса, уларни юмшоқ чўтка ёки ғоз пати билан дархол артиш керак. Тортиш олдидан тарозининг тўғри ўрнатилганлигини шоқул ёки ватерпас ёрдамида текшириб кўриш, ноль нуқтани текшириш ва ўрнатиш, тортиладиган буюмни тарозининг чап палласига, катта-кичик тошларни эса пинцетда ушлаб, тарзонининг ўнг палласига жойлаштириш керак. Тарозида тортиш иши тарозининг тўппа тўғрисига (ён томонига эмас) ўтириб олинган холатда бажарилиши керак.
Торозида тортиладиган модда сочилувчан бўлганда уни тарози палласига тўғридан-тўғри жойлаштириш ярамайди.
Тортиш техно кимёвий тарозида бажарилаётган бўлса, аввал модда солинадиган нарса: тегишли ўлчамдаги калька ёки ялтироқ қоғоз тайёрлаб қўйиш, аналитик тарозиларда тортилганда эса тоза ва қуруқ соат ойнаси, пробирка ёки силлиқланган қопқоқли махсус шиша стаканча (бюкс) тайёрлаб, уни тарозидан тортиб қўйиш лозим.
Тарози паллаларига қиздирилган ёки ўта совитилган буюмлар қўйиш ярамайди. Тарозида тортиладиган буюм билан тарозининг температураларини тенглаштириш учун буюм хона температурасида 20-30 дақиқа давомида қолдирилади (тортиш ишлар аналитик тарозида бажарилганда эса иссиқ буюмлар эксикаторларда совитилади).
Тарози паллаларига буюм ва тошларни қўйиш, шунингдек уларни паллалардан олиш ишларнинг ҳаммаси тарозининг арретирланган- ишдан тўхтатилган ҳолатидагина бажарилиши керак. Арретир бурандаси ёки винти соат стрелкаси бўйича то бориб тақалгунча аста-секин бураб борилади - ишдан тўхтатиш лозим бўлганда эса винт тескари томонга буралади - арретирни чикариб олган ҳолда буралади. Тарози стрелка ўртача ҳолатда бўлганда арретирланади.
Тарозида тортишда шкафчанинг ён томонидаги эшикчадан фойдаланилади - аввал тарозининг чап томонидаги паллага тортиладиган буюм, сўнгра тарозининг ўнг томонидаги палласига тошчалар қўйилади. Буюм ҳам, тошлар ҳам паллаларнинг ўртасига жойлаштирилиши зарур. Тош ва унинг майда улушлари фақат пинцет ёрдамида, аввал катталари, сўнгра кичикларини қўйиб бориш тартибида бирин- кетин қўйиб борилади (фақат тарозини арретирлаган ҳолда). Аналитик тарозиларда тортишда рейтир ёки ёритувчи шкаладан фақат массаси 10 мг.бўлган керакли тошлар қўйилганидан кейингина, шкафнинг эшиклари ёпилган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Буюм тарозида тортиб бўлингандан, кейин тарози арретирланади, тортилган буюм массаси фойдаланилган тошлар ва майда тошчаларнинг массасини (шунингдек рейтер ёки ёритиладиган шкала кўрсаткичларини) жамлаш йўли билан хисоблаб топилади. Буюмнинг аниқланган массаси тўғрилиги тарози тошлари сақланадиган қутичадаги бўш чуқурчаларга кўра ёки фойдаланилган тошларни тегишли чуқучарларига жойлаш йўли билан яна бир марта текшириб кўрилади. Тарозида тортиш натижалари дархол журналга ёзиб қўйилади.
Тарози паллалари бутунлай бўшатилгандан кейин шкаф эшикчалари ёпилади, тарози батамом арретирланганлиги текшириб кўрилади, оптик шкаласи бор тарози ток манбаидан узиб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |