Номукаммал рақобат чекланган рақобат, табиатан монопол рақобатдир. Бунда кўпчилик бўлмаган, лекин товарларнинг катта қисмини таклиф этувчи ёки сотиб олувчи фирмалар рақобатлашади. Номукаммал рақобатнинг олигаполистик рақобат деган тури ҳам борки, унда ғоят озчилик, лекин йирик фирмалар қатнашади. Шу боисдан рақобат тор доирада юз беради. Олигаполистик рақобатга мисол қилиб, автомобиль бозоридаги рақобатни олиш мумкин.
Номукаммал рақобатнинг яна бир тури соф монополистик рақобатдир. Бу рақобатга хос белги шуки, бунда у ёки бу тармоқда айнан бир фирманинг ҳукмронлик қилишидир. Масалан, Тошкент трактор заводи Ўзбекистондаги трактор бозорида танхо ҳукмрон, ундан бошқа тракторсозлик заводлари йўқ. Лекин четдан, хорижий мамлакатлардан келтирилган тракторлар унинг товари билан рақобатлашади.
Соф монополияни икки омил юзага келтиради:
а) технологик монополия техникавий янгиликлар йирик фирмалар қўлида тўпланади, натижада бошқалар улардан фойдалана олмайдилар ёки фойдаланган тақдирда ҳам бунга катта пул тўлайдилар, натижада уларнинг товарлари қимматга тушиб, рақобатга чидай олмайди;
б)табиий монополия ер ости ва ер усти бойликлари айрим фирмаларнинг ихтиёрида бўлиб, бошқалар улардан фойдалана олмайди. Масалан, фирма нефтга бой бўлган ерни сотиб олган бўлса, бошқа фирмалар шу ерда нефть қазиб олиб, бозорда рақобат қила олмайди.
Рақобат кураш воситалари ва усуллари жиҳатидан ҳалол рақобат ва ғирром рақобатга бўлинади.
Ҳалол рақобат қонуний, йўл берилган ва ҳамма тан олган, инсоний усуллар билан ўзаро беллашувдир.
ғирром рақобат ман этилган воситалар ёрдамида ва ғайриинсоний усуллар билан олиб борилган курашдир.
ғирром рақобат ёввойи бозор иқтисодиётининг, ҳалол рақобат маданий бозор иқтисодиётининг белгиси ҳисобланади. Ғирром рақобат юз берганда жосуслик, қўпорувчилик, рэкет, тухмат, товар белгисини уғирлаш ва ҳатто қотиллик каби усуллар қўлланилади, рақибни турли йўллар билан обрусизлантириш чоралари кўрилади.
Ҳалол рақобатда маданий усуллар қўлланилади. Бу усуллардан нарх воситасида рақобатлашув, товар сифатини ошириш орқали курашиш, сервис орқали беллашув кенг тарқалган. Бу усуллардан алохида эмас, балки биргаликда фойдаланиш қўлланилади.
Рақобатнинг турли усулларини қўллашдан асосий мақсад, харидорни ўз товарига жалб этиб, унинг пулини олишдир. АҚШда буни “Истеъмолчи доллари учун кураш” деб атайдилар. Рақобатчилик усули қанчалик самарали бўлса, ғолиб чиқиш имконияти шунчалик кўп бўлади.
Ҳозирги рақобат курашида товар рекламасига алохида эътибор берилади. Реклама қилишда бизнесменлар ўртасида ўз товарларини ва кўрсатаётган қўшимча хизматлари ҳамда бошқа фаолиятлари билан кенг бозорга таъсир этиб келадилар.
Реклама товарнинг нафлиги ҳақида холисона ахборот бўлиб, турли йўллар билан харидорга етказилади. Бозор қоидасига биноан рекламага пул аямаган фирма рақобатда ғолиб чиқади. Реклама савдо-сотиқни харакатга келтирувчи кучдир.
Рақобат курашида самарали фаолият юрғизиш, унда муваффақият қозониш рақобат стратегиясининг қанчалик пухта, изчил, ўзоқни кўра оладиган режасини ишлаб чиқишга узвий боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |