Рақобат стратегияси-рақобат курашининг ўзоқ даврга мулжалланган бош йўли ва йўл-йўриқларини ифода этади.
Стратегиянинг мақсади тез кунда фойдани максималлаштириш, оз фойда билан қаноат қилган ҳолда ўз бозорини кенгайтириш ёки рақибни бозордан сиқиб чиқариш, янги бозорга аста-секин кириб бориш каби масалаларда харакат йўлларини белгилашдан иборат. Стратегияга қараб кураш тактикаси (усули ва шакллари) танланади.
Фирмалар рақобатнинг бир усулидан аста-секин бошқа усулига ўтиши ёки бир йўла турли усулларни қўллаши мумкин. Масалан, Хитой фирмалари сифати паст бўлса-да, арзон товарлар чиқариб, нарх рақобати йўлидан, Ғарбий Европадаги фирмалар нархи юқори бўлса-да, сифатли товарларни таклиф этиш йўлидан борадилар, чунки Ғарбий Европада аҳолининг харид қобилияти Хитойга қараганда анча юқори. Янги индустриал давлатлардаги (Тайвань, Гонконг, Сингапур, Корея) фирмалар ҳам сифат, ҳам нарх воситасида рақобатлашувга мойил. Бу мамлакатларда юксак технология мавжуд ва ишчи кучи малакали бўлса-да, арзон туради. Натижада мавжуд афзалликлар харажатларни пасайтирган холда, сифатли товар чиқариш имконини беради. Бунга мисол қилиб Кореянинг “Самсунг электроник” компанияси бозорга чиқарадиган телевизорларни ва ДЭУ корпорацияси автомобилларини олиш мумкин. Улар рақобатбардош бўлганидан жахон бозорига шиддат билан кириб бормоқда.
Рақобатга хар хил ёндошув Ўзбекистонда ҳам бор. Масалан, Тошкент бозори учун ишловчи фирмалар ҳам нарх, ҳам сифат рақобатини қўллаши мумкин, бу шахарда аҳолининг бой қатламлари борки, улар учун нархга кўра товарнинг сифати афзалроқ, айни вақтда аҳолининг камқувват қисми ҳам борки, улар учун товарнинг арзон бўлиши мухим. Нукус ва айрим бошқа шахарлардаги фирмалар кўп холларда нарх рақобатига мойил бўладилар, бу ерда аҳолининг харид қобилиятига кўра арзон товарлар рақобатбоп ҳисобланади.
Рақобат қўл қовуштириб ўтиришга йўл қўймайди, у кураш бўлганидан ҳаммани харакатга, яхши ишлашга ундайди. Бизнесмен агар кимигадир ёки нимасигадир ишониб қоладиган бўлса ёки бозор муҳити тўғрисида маълумотларга эга бўлмаса демакки бундай бизнесмен жамиятда ўзоқ бизнес фаолияти билан шуғуллана олмайди ва банкрот ёки синиб кетиш эҳтимоли жуда кўп бўлади.
Рақобат бозор иқтисодиётини харакатга келтирувчи механизм, уни олға элтувчи куч ҳисобланади. Рақобатдаги иқтисодий танлов тамойилига кўра иқтисодиёт иштирокчилари сараланади, яхши ишлаган фирма бойиб боради, ёмон ишлагани синади, ёпилади ёки кучли фирмаларга қўшилиб кетади. Рақобатга бардош бера олмаган фирмалар зарар кўрадилар, ўз мажбуриятлари бўйича пул тўлай олмай қоладилар, яъни банкрот холига тушадилар.
Бозор иқтисодиётининг илк белгилари пайдо бўлиши билан унга хос рақобат ҳам юзага келади. Иқтисодиёт ривожига мос холда рақобатчилик ҳам такомиллашиб боради. Бозор рақобати тарихан 4 босқичдан утади.
Do'stlaringiz bilan baham: |