III БОБ. БИТИРУВ МАЛАКАВИЙ ИШИНИНГ ТАРКИБИ, МАЗМУНИ ВА ҲИМОЯСИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР
3.1. Битирув малакавий ишининг таркиби ва мазмунига
қўйиладиган талаблар
БМИ институтнинг махсус ажратилган хоналарида ҳамда корхона, муассаса, илмий, лойиҳалаш ва бошқа муассасаларда бажарилиши мумкин.
БМИнинг таркибий қисмлари қуйидагилардан ташкил топади:
титул варақ;
мундарижа;
кириш;
асосий қисм;
хулоса;
фойдаланилган адабиётлар рўйхати;
иловалар (агар мавжуд бўлса).
БМИнинг титул варағи, мундарижаси ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатининг намунавий шакли мазкур Низомнинг 1-3 - иловаларида келтирилган.
БМИнинг кириш қисмида қуйидагилар баён этилади:
мавзунинг долзарблиги;
тадқиқот объекти ва предмети, мақсади ва вазифалари;
мавзунинг назарий- амалий аҳамияти;
БМИ таркибининг қисқача тавсифи.
БМИнинг асосий қисми 3 бобдан иборат бўлиб, уларда мавзунинг моҳияти назарий-амалий жиҳатдан ёритилиши, истиқболдаги такомиллашув йўналишлари баён этилиши талаб қилинади.Хусусан, БМИнинг I бобида мавзунинг назарий асослари, хорижий тажриба ҳамда ҳуқуқий жиҳатлари баён этилиши, II бобида амалиёт таҳлили, муаммолари ёритилиши, III бобида мавзу юзасидан белгиланган вазифаларни самарали ҳал этиш, такомиллаштириш йўллари келтирилиши мақсадга мувофиқдир. БМИнинг боблари ўзаро мутаносиб бўлиши ва уларда мавзуга доир манбаларда келтирилган маълумотлар таҳлили, талаба томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари баён этилиши лозим.
БМИнинг хулоса қисмида мавзу юзасидан чиқарилган якуний фикр-мулоҳазалар асосли равишда берилиши талаб этилади.
Кадр тайёрловчи кафедра БМИга қўйиладиган талабларни талабалар эътиборига етказади.
БМИнинг ҳар бир боб ва бўлими мувофиқ асослар билан ёритилади. БМИда илгари бажарилган мустақил илмий ишланмаларнинг натижалари ёки бошқа муаллифларнинг илмий мақола ва ҳисоб-китоблари маълумотлар базаси сифатида номлари кўрсатилган ҳолда фойдаланилиши мумкин.
БМИнинг ҳажми 12-14 минг сўз даражасида белгиланади. БМИда келтирилган чизма, расмларнинг шакли (5-6 иловалар), шартли белгилар, шрифт ва масштаблар амалдаги стандарт талабларига қатъий мувофиқ келиши зарур.
Кафедранинг тавсиясига биноан БМИ чет тилларининг бирида бажарилиши мумкин. Чет тилда бажарилган ишга давлат тилидаги аннотация илова этилади ва ҳимоя вақтида таржима таъминланади.
БМИ қоида тариқасида, стандарт варақда 1,5 қатор оралиғида ёзилиши, ҳар бир бет ҳошияси: юқоридан, пастдан ва ўнгдан 2 см., чапдан 3 см. бўлиши, хатбоши беш белгига тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
БМИ матни «Тimеs Nеw Rоmаn» 14 ўлчамли шрифтида Мiсrоsоft Wоrd матн редакторидан фойдаланилган ҳолда бажарилади.
БМИнинг ҳажми титул варағи, мундарижаси, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташқари 60 бетдан ошмаслиги лозим.
Битирув малакавий ишини ҳимояга тақдим этиш тартиби
Талабалар кафедра томонидан тузилган комиссия ва илмий раҳбар иштирокида БМИни дастлабки ҳимоядан ўтказади. Кейин БМИни ҳимоя учун Якуний давлат аттестация комиссиясига тақдим этади.
БМИнинг дастлабки ҳимояси кафедрада тасдиқланган режага мувофиқ боблар бўйича босқичма-босқич ўтказилиши лозим. Дастлабки ҳимоя натижалари баённома билан расмийлаштирилади.
Дастлабки ҳимоядан ўтмаган, шунингдек, узрсиз сабабларга кўра ҳимояга тақдим этиш муддати ва тартиби бузилган БМИ ҳимояга тавсия этилмайди. Кафедра мудири талаба бажарган БМИини ҳимояга киритиш мумкин эмас, деб ҳисобласа, масала кафедра мажлисида илмий раҳбари иштирокида муҳокама этилади. Кафедра мажлисининг баённомаси факультет декани томонидан тасдиқ учун ректорга тақдим этилади.
Кафедра мудири БМИнинг тайёрлик даражасини белгилайди. Шу мақсадда кафедрада ҳар бир битирувчи кесимида БМИни бажариш мониторинги ташкил этилиб, унинг бажарилиши илмий раҳбарининг ҳафталик ҳисоботлари асосида фоизларда аниқлаб борилади.
Белгиланган тартибда расмийлаштирилган БМИ талаба томонидан раҳбарга такдим этилади. Раҳбар БМИ талаб даражасида бажарилганлигига ишонч билдирганидан сўнг, ишни ўз тақризи билан бирга кафедра мудирига тақдим этади. Тақризда талабанинг фаоллиги, қабул қилинган қарорлардаги янгиликлар ва БМИнинг бошқа ижобий томонлари тавсифланади. Кафедра мудири тақдим этилган материаллар асосида БМИни талаба томонидан ЯДА комиссиясида ҳимоя қилишга киритиш ҳақида қарор қабул қилади.
БМИнинг бажарилиши бўйича талабанинг ҳисобот бериш муддатларини деканат назорат этади. Деканат белгилаган муддатларда талаба БМИининг бажарилиш ҳолати ҳақида илмий раҳбари ва кафедра мудири олдида ҳисобот беради.
Талаба - иш муаллифи, танланган қарорнинг тўғрилигига ва унинг топшириққа мувофиқлигига, БМИда кўчирмачилик ҳолатини йўқлигига жавоб беради.
БМИларни бажариш босқичларида белгиланган муддатлардан кечикиш ҳоллари аниқланганда уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кафедра мудири томонидан белгиланади.
Ҳимояга киритилаёган БМИ тақризга юборилади. Тақризчилар таркиби битирувчиларга иш берувчи соҳа мутахассислари сафидан танланади. Тақризчилар сифатида бошқа олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳам жалб этилиши мумкин.
Талаба томонидан БМИ ҳимоя санасидан камида 10 кун олдин кафедрага босма муқоваланган ҳамда электрон шаклда тақдим этилиши лозим. БМИларнинг ҳимоя санаси институт ректори буйруғи билан тасдиқланган жадвалга мувофиқ белгиланади.
Факультет декани БМИни тақриз билан ҳимоя учун Якуний давлат аттестация комиссиясига тақдим этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |