5-Мавзу:Магистрлик диссертациясини ёзиш услублари
Асосий саволлар:
Магистрлик диссертациясининг максад ва вазифалари.
Магистрлик диссертациясининг мазмуни, ҳажми ҳамда таркиби.
Магистрлик диссертациясининг мақсад ва вазифалари. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов Олий Мажлиснинг IX сессиясида қилган маърузасида мамлакатимиздаги олий таълим истиқболлари ҳақида алоҳида тўхталиб, магистратура босқичи магистрлик диссертацияси ҳимояси билан якунланиши ҳақида фикр билдирган.
Магистрлик диссертацияси магистрант таҳсилининг натижаларини кўрсатувчи, талабанинг назарий ва амалий билимларини умумлаштириб, илмий тадқиқот яратиш малакасини мужассамлаштирувчи ижодий меҳнат намунасидир. Магистрлик диссертацияси битирувчининг дунёқараши, илмий-ижодий салоҳияти, мустақил ва эркин фикр юритиш қобилияти, ёзма нутқ маданиятини ҳам яққол намойиш этишга хйзмат қилади.
Тарих мутахассислиги бўйича бажариладиган магистрлик диссертациялари илмий-ижодий савияси, долзарблиги, илмий янгилиги ва ҳаётий-амалий аҳамияти жиҳатидан фан номзодлиги диссертациясига яқин туриши керак.
Магистрлик диссертациясида олинган илмий натижалар ва чоп қилинган илмий мақолалари Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси (ОАК)нинг номзодлик диссертацияларига қўйган талабларига жавоб берган ҳолларда Давлат Аттестация Комиссияси ва олий ўқув юрти илмий кенгаши қарорлари асосида магистрлик диссертацияси қайта ишланиб, белгиланган тартибда, номзодлик диссертацияси сифатида ёқлашга олий ўқув юрти раҳбарияти ОАКдан рухсат сўраши мумкин.
Ҳар бир магистрлик диссертацияси мавзуси амалиёт билан, магистрант ва кафедранинг ихтисоси хусусиятларидан келиб чиқиб чамбарчас боғлиқ бўлмоғи даркор. Мавзулар ифода тарзига кўра аниқ, конкрет бўлиши, кафедралараро такрорларга йўл қўймаслик лозим.
Иш шу мавзуга доир илмий адабиётларни ўрганишдан бошланади ва бутун иш жараёнида унга амал қилинади. Адабиётлар рўйхати тузиб чиқилиб, ишни бошлашдаёқ библиографик маълумотларни каталог картотекалар учун ишлатадиган халқаро андозадаги (7,5x12,5 см) шаклдаги оқ қоғозга ёзиб борилиши керак.
Картотека карточкаларини исталган тартибда жойлаштириш зарур бўлганда магистрлик диссертациясининг маълум боби учун керакли материалларни тез ажратиб олиш мумкин. Картотекалар ишнинг бўлиблари, боблари бўйича жойлаштирилса, топиш қулай ва тез амалга ошади.
Танланган мавзу юзасидан тўпланган адабиётлар ва шу мақсадда олиб борилган шахсий илмий-тадқиқот ишлари натижалари тўла-тўкис ўрганиб чиқилгандан сўнг диссертация ёзиш бошланади. Режа мукаммал ёзилган ва мавзу доирасида бўлиши шарт. Асосий мазмун ёритилган бобларда ишнинг 80%и акс эттирилса, киришда 10% ва хулосада ҳам 10% иш ҳажми бажарилиши шарт.
Тадқиқот ҳақидаги умумий мулоҳазаларни ёзишда магистрант тарихий адабиётлардан олинган маълумотларни атрофлича таҳлил қилиши, уларнинг ютуқ ва камчиликларига тарихнавислик нуқтаи назаридан баҳо бериши, мавзу устида илмий иш олиб боришнинг мақсадга мувофиқлигини асослаб бериши ва шу соҳадаги вазифаларни аниқ белгилаб олмоғи лозим.
Магистрлик диссертацияси битирувчи томонидан оққоғозга, машинкада ёки компьютерда чиройли, саводли кўчирилган, муқоваланган ҳолатда топширилади.
Магистрлик диссертациясининг ҳажми 1,5 оралиқ ёзувда 65 саҳифадан кам бўлмаслиги, 90 саҳифадан ошмаслиги лозим. Агар магистрлик диссертацияси талаб қилинган ҳажмда бажарилган бўлса-ю, унда илмий янгилик бўлмаса, диссертацияда мазмуний саёзлик, қайтариқ, кўчирмалар кўп бўлса, диссертация қайта ишланиб, талаблар даражасига етказилмагунча муҳокамага қабул қилинмайди. Иловалар диссертация ҳажми ҳисобига кирмайди.
Магистрлик диссертациялари асосан ўзбек ва рус тилларида ёзилади, баъзи ҳолларда чет тиллар (инглиз, француз, немис)да ҳам ёзилиши мумкин.
Агар магистрант диссертациясини чет тилида ёзмоқчи бўлса, бу факультет Илмий кенгашида муҳокама қилиниб, тасдиқланиши шарт.
Янги ўзбек ёзувида (лотин графикасида) ва чет тилларда (инглиз, немис, француз) ёзилган магистрлик диссертацияларига кўшимча баллар қўйиш мумкин.
Магистрлик диссертацияси битирувчининг назарий билимлари ҳамда ҳаётий тажрибаси асосида вужудга келади. Бундан ташқари, битирувчи магистрлик диссертациясини ёзиши ва ҳимояга тайёрлаши жараёнида назарий фикр ва хулосаларини ҳаётга татбиқ этиб бориши, яъни илмий-оммабоп газета-журналларда мақолалар эълон қилиши ёки магистрлик диссертацияси ечимларини фанга татбиқ этиб бориши лозим. Магистрлик диссертациялари натижаларини матбуотда эълон қилган битирувчилар меҳнати ҳимоя вақтида эътиборга олинади.
Илмий раҳбар мавзу танланишидан тортиб, ҳимоя жараёнининг охиригача битирувчига йўл-йўриқ кўрсатувчи, магистрлик диссертацияси тайёрланишининг сифати, савияси, суръатига муаллиф билан баробар жавоб берувчи устоздир.
Магистрлик диссертациясига шу соҳа бўйича фан доктори ёки профессорлик унвонига эга бўлган илмий раҳбар бошчилигида амалга оширилади. Маслаҳатчи ёки иккинчи раҳбар сифатида четдан ҳам мутахассислар жалб қилиниши мумкин. Истисно тарзида, олий ўқув юрти Илмий Кенгашининг қарорига кўра фан номзоди, доцент ҳам илмий раҳбарликка тайинланиши мумкин.
Магистрлик диссертацияси мустақил илмий-амалий тадқиқот ҳисобланади. Унда битирувчининг мустақил илмий-ижодий фаолияти, шахсий дунёқараши, ижтимоий-сиёсий, маънавий қиёфаси, илмий-маърифий етуклик даражаси, фалсафий тафаккур қобилияти ва лисоний саводхонлиги яққол намоён бўлиши керак. Шунинг учун ҳам магистрлик диссертацияси шахсий изланиш ва ижодий меҳнат маҳсули ҳисобланади. Бинобарин, магистрлик диссертациялари ҳаммуаллифликда бажарилмайди. Уни ҳар бир битирувчи алоҳида ёзади.
Магистрантларга ўқиш давомида олган билимларини мустаҳкамлаш, келгусидаги илмий ишлари учун амалий ва илмий кўникмаларни ҳосил қилиш ва магистрлик диссертацияси ишлари учун керакли материалларни тўплаш учун кафедра мутахассислигидан келиб чиқиб турли амалиётларга, шунингдек, архив ва кутубхоналарга юборилади.
Ҳимоя ҳайъати диссертация муҳокама этилган кафедра таклифини ҳисобга олган ҳолда тақризчиларни тайинлайди. Ҳимоя кунини белгилайди. Ҳимоя жараёни учун шароит яратади. Ҳимоя жараёни қизғин, эркин мунозара, фикр алмашув руҳида ўтишини таъминлайди. Ҳимоя жараёнини Ҳимоя ҳайъати раиси ва котиби ташкил этади, бошқаради. Ҳимоя жараёнидан ҳимоя ҳайъати котибининг расмий маълумотномаси, илмий раҳбарнинг хулосаси, битирувчининг магистрлик диссертацияси асосида тайёрланган маърузаси, расмий тақризчи тақризлари тингланади.
Ҳимоя жараёни асосида ҳимоя ҳайъати баённомаси тузилади. Ҳимоя жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни ҳимоя ҳайъати котиби юритади ва бу ҳужжатлар кейинчалик факультет архивида сақланади. Профессор-ўқитувчилар ва магистрларнинг норасмий тақризчи сифатидаги чиқишларига ҳам имконият берилади.
Ҳимоя жараёни тугагач, ҳимоя ҳайъати магистрлик диссертацияси учун яширин овоз беришади ва шу куни унинг натижалари эълон қилинади.
Юқори даражада ёзилган магистрлик диссертациялари муаллифлари мазкур тадқиқотларини такомиллаштириш мақсадида аспирантурага тавсия этилади. Юқорида таъкидланганидек, мукаммал ёзилган магистрлик диссертацияларини қайта ишлаб такомиллаштириш мақсадида, махсус илмий даража учун ҳимояга тавсия этиш ҳам мумкин. Яхши ёзилган магистрлик диссертацияларини алоҳида китоб ҳолида ёхуд ихчамлаштириб, йирик мақола сифатида нашр эттириш кўзда тутилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |