1-мавзу: КИРИШ. ХРОНОЛОГИЯ ФАНИ ПРЕДМЕТИ, МАҚСАД ВА
ВАЗИФАЛАРИ
Режа:
Кириш. Хронология фани предмети, мақсад ва вазифалари.
Европада хронология фанининг вужудга келиши ва тарақкиёти.
Ўрта Осиё олимларининг хронология ривожланишига қўшган хиссаси.
Кириш. Хронология фани предмети, максад ва вазифалари. Хронология тарихий фанларнинг ривожланиши натижасида вақтни ўрганадиган фан сифатида XVI асрда вужудга келди. Хронология илм сифатида Бобил, Миср, Юнонистон ва Римда шаклланди. Ўрта асрларда хронологиянинг ривожланишига Ўрта Осиёлик олимлар ҳам ўз ҳиссаларини кўшдилар. Абу Райҳон Берунийнинг «Ал-осор ал-боқия ани-л-ҳолия» (Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар), «Қонуни Масъудий" асарларида хронология фанига оид кўплаб маълумотлар берилган. Умар Ҳайём календари эса мукамаллик жиҳатидан Григорий календаридан ҳам устун туради. 1935 йилда Олий ўқув юртларида тарих факультетлари очилгандан кейин бошқа тарихнинг ёрдамчи фанлари қаторида талабаларга хронология фани ҳам ўқитила бошланди.
Хронология - ёрдамчи тарих фанларидан бири бўлиб, у вақт тўғрисидаги фандир. Хронология сўзи юнонча сўз бўлиб, «хронос» - вақт, «логос» - фан, яъни вақтни ўрганиш ҳақидаги фан деганидир. Хронология вақтларни ўрганиш, ҳисоблаш ҳақидаги фан сифатида икки қисмга бўлинади, булар астрономик (математик) хронология ва тарихий хронологиядир. Астрономик хронологиянинг вазифаси -осмон жисмларининг силжиши тўғрисидаги аниқ астрономик даврларнинг вақтини айтиб беришдир.
Тарихий хронология тарихий тараққиёт давомида вақтни хисоблаш системасини ўрганади, уларнинг ўзаро боғликлигини, вақтларни бир ҳисоб системасидан иккинчисига айлантириш услубларини ишлаб чиқади. Тарихий хронология юқоридаги ҳисоблаш системасидан тарихий вақтларни ҳисоблашда амалда фойдаланади ва тарихий манбалардаги саналарнинг аниқлигини тарихий таҳлил қилади.
Инсониятнинг хўжалик ҳаётидаги эҳтиёжи вақтни ҳисоблаш заруратини юзага келтирди. Қадимда вақтни ҳисоблашда табиатнинг доимий такрорланиб турувчи ҳодисаси бўлган сутка, кун, тун, ой фазаларининг ўзгариши, ернинг йиллик айланма ҳаракатидан фойдаланилган. Аста-секин вақтни аниқ ҳисоблашга бўлган эҳтиёж юзага келди. Бунинг учун осмон жисмлар ҳаракатини, умуман астрономияни билиш зарур эди. Бундан ташқари яна бир вазифани, кун, ой, йиллар ўртасидаги фарқларни аниқлаш зарурати ҳам туғилди. Бунинг учун эса математик ҳисоб-китобни пухта билиш лозим эди.
Хронология билим соҳаси ривожланишига Қадимги Юнонистон ва Рим олимлари Эрот Калипп, Гиппарх, Варрон, Птоломейлар катга ҳисса қўшганлар.
Гиппарх - (милодгача 190-125 йиллар) биринчи бўлиб Ойнинг ўлчамини ва ундан Ергача бўлган масофани аниқлаган. У шахсий кузатувлари натижасида Қуёш йилининг узунлигини деярли аниқ ҳисоблаб чиққан (хато 6 дақиқа). Олим ўша давр учун улкан ҳисобланган 850 та юлдузларнинг ҳолати каталогини тузган эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |