Топшириқ ва саволлар:
Университет тарих факультетининг ўтган асрнинг 30-40-50-йиллардаги ўқув ва илмий фаолиятига оид маълумот тўпланг,
Мустақиллик йилларида факультетнинг ўқув ишларидаги ўзгаришларни сананг.
Факультетнинг халқаро ва илмий алоқалари нималардан иборат?
Адабиётлар:
1. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. - Т.: Шарқ.1998.
2.Азизов Ш.А. Тошкент Давлат университетида гуманитар-ижтимоий фанларнинг ривожланиши. -Т.: Университет. 1995.
3.Саъдиев А. XIX асрда Туркистонда тарих фани. - Т.: Уздавнашр. 1960.
4.ТошДУ илм ва маърифат маскани. -Т.: Университет. 1995.
5.Халикова Р.Х. Развитие высшего исторического образования и науки в Узбекистане (На примере исторического факультета ТашГУ (1935-1994 гг). Автореф. дисс. канд. ист. наук. -Т., 1995.
6.Холбоев С. Миллий университетнинг тарихий илдизлари ва ташкил топиши. - Т.: Шарқ. 2003
2-Мавзу:Кутубхоналар тарихи ва кутубхонашунослик асослари
Асосий саволлар:
Кутубхоналар тарихи.
Кутубхоналарнинг асосий вазифалари ва адабиётларни жойлаштириш тартиби.
ЎзМУ Илмий кутубхонаси.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси.
Кутубхоналар тарихи. Ёзувнинг пайдо бўлиши ва ҳужжатли манбаларни, айниқса, қўлёзма ва кейинчалик ёзма китобларнинг кўпайиши кутубхоналарнинг юзага келиши ва ривожланишига шароит яратди. Кутубхоналар ёзма ёдгорликларни сақловчи хазина сифатида жуда қадимдан пайдо бўлган. Милоддан аввалги II минг йиллиқда сопол битиклари сақланган кутубхоналар бўлган. Милоддан аввалги VII аср ўрталарида Шарқдаги кўп саройларда, қадимги Миср ва Рим ибодатхоналари қошида кутубхоналар бўлган. Қадимги даврдаги кутубхоналарнинг энг машҳури Александрия (Искандария) кутубхонасидир.
Х1-ХV асрларда Ғарбий Европада университет кутубхоналари ташкил топди. Уйғониш даврида гуманизм ғояларининг кучайиши билан антик қўлёзмаларга бўлган қизиқиш ортди. Франческо Петрарка(1304-1374 йиллар) ва Жованни Боккаччо(1313-1375 йиллар) бой шахсий кутубхоналарга эга бўлишган. XV асрда Италияда кўплаб йирик саройлар қошида кутубхоналар мавжуд бўлган (масалан, флоренциялик Медичилар сулоласи кутубхонаси). Шунингдек, ёзувчилар, олимлар ва олий табақадаги руҳоний вакилларининг шахсий кутубхоналари ташкил этилган. Ҳудди шу даврда Ватиканда Рим папаси кутубхонаси шаклланган.
Шаҳарларда ташкил этилган кутубхоналардан шаҳарлик фуқаролар фойдаланишган. Мутлақ монархия даврида қатор қиролларнинг кутубхоналари китоблар сақланадиган йирик муассасаларга айлана борган ҳамда маълум шахслар учун фойдаланишга рухсат берилган.
XVII асрдаги қирол кутубхоналари орасида Париждаги француз қироллари кутубхонаси (XV аср охирида ташкил этилган), шахсий кутубхоналар ичида Мозарини кутубхонаси (1643 йилда Парижда ташкил этилган), университетлар орасида Сарбонна кутубхонаси (XIII асрда Парижда ташкил этилган), Оксфорд университети кутубхонаси (XIV асрда ташкил этилган, XVI аср охирида вайрон этилиб, 1598 йилда яна қайта тикланган), Прага университети кутубхонаси (1366 йилда асос солинган) анча машҳур бўлган.
Ўзбекистон ҳудудида миллоддан аввалги минг йилликнинг сўнгги асрларида дастлабки кутубхоналар пайдо бўлган. Дастлабки кутубхоналар ҳукмдорлар саройларида ва ибодатхоналарда ташкил этила бошланган. Турон халқлари Миср, Эрон, Юнонистон ва уларга қўшни бўлган халқлар билан яқин алоқалар ўрнатган, ўша даврдаги мавжуд қўлёзмалар билан ҳам таниш бўлган. Ўзбекистон халқларининг қадимги ёзма ёдгорликлари сақланмаган. Берунийнинг хабар беришича, китоб хазиналари ва уларни сақловчилар турли истилолар даври (VII-1Х асрлар)да йўқ қилиб юборилган.
1Х-Х асрларда Ўрта Осиёда фан ва маданият ривожланди. Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч ва бошқа йирик шаҳарлар ҳукмдорлари саройларида кутубхоналар барпо этилди. Айниқса, Бухорода кўплаб кутубхоналар мавжуд бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. Уларнинг энг машҳури, энг бой ва йириги сомонийлар сулолавий кутубхонаси эди. Мадраса ва масжидлар қошида ҳам кутубхоналар бўлган. Мўғуллар истилоси арафасида Марв шаҳрида 10 та йирик кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар бор. XIII асрда Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Балх ва бошқа шаҳарлар маданият марказлари, олимлар тўпланадиган жой бўлиб, уларда йирик кутубхоналар мавжуд эди.
XIV асрнинг иккинчи ярмидан Ўрта Осиёда маданий ҳаётнинг янгидан юксалиши кутубхоналарнинг қайта тикланишида ҳам намоён бўлди. XIV аср охирида Шайх Муҳаммад Порсо умум учун очган маскан вақф кутубхонаси тарзида Х1Х асрнинг 40-йилларигача фаолият кўрсатган. Бухоро, Самарқанд, Қарши, Хива ва бошқа шаҳарлардаги катта мадрасаларда кутубхоналар бўлган, уларнинг фондлари мадрасанинг қадимийлиги ва нуфузига қараб турлича бўлган. Баъзи тарихий манбаларда қайд этилишича, Беруний, Ибн Сино, Фирдавсий, Замахшарий, Умар Хайём кабилар шахсий кутубхоналари, Алишер Навоийнинг қиммабаҳо қўлёзмаларга бой йирик кутубхонаси, Абдураҳмон Жомийнинг шахсий кутубхонаси машҳур бўлган.
Х1Х асрнинг охири – ХХ аср бошларида, Бухорода учта энг бой шахсий кутубхона бўлиб, улардан Қози Муҳаммад Шариф Садри Зиёнинг кутубхонаси бизгача тўлиқ сақланиб қолган. XX аср бошларида маҳаллий ўзбек ва рус зиёлилари генерал Жўрабек, Дукчи Эшон номи билан машҳур Муҳаммадали халфа Собир ўғли, В.Л.Вяткин, врач Г.М.Семёнов, Абдурауф Фитрат ва бошқаларнинг шахсий кутубхоналари бўлган.
XX аср 10-20-йиллари Туркистон ҳудудида иккита халқ кутубхонаси, бир неча шаҳар кутубхоналари мавжуд бўлган. Маҳаллий аҳоли вакиллари миллий йўналишдаги иккита кутубхона ва мадрасалар ҳузуридаги кутубхоналардан фойдаланган. Шу кутубхоналар ўз даврида асосий негиз бўлиб хизмат қилди.
Ўзбекистон Республикасида кутубхонанинг оммавий, илмий ва махсус турлари бор. Оммавий кутубхоналар адабиётларни саралаш ва кенг китобхонлар оммасига етказиш, фаолиятида турли китобхонлар гуруҳларига мўлжалланган китобларни тарғиб қилиш ва ўқишни бошқаришда фаол ва таъсирчан усулларни қўллайди. Бу гуруҳга Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тизимидаги шаҳар ва қишлоқ кутубхоналари, касаба уюшмалари корхоналардаги кутубхоналари, клублар, маданият уйларидаги кутубхоналар киради.
Илмий ва махсус кутубхоналар фан, иқтисодиёт ва маданиятнинг турли тармоқларидаги олимлар ва мутахассисларга хизмат кўрсатади, шунингдек, олий ва махсус ўқув юртлари талабаларнинг эҳтиёжларини қондиради. Илмий кутубхоналарга йирик давлат, академия, университет ва тармоқлар кутубхоналари; махсус кутубхоналарга техника кутубхоналари, муассасалар, илмий тадқиқот институтлари, олий ўқув юртлари ва ҳоказолардаги кутубхоналар киради. Сақланаётган адабиётлар таркибига қараб кутубхонани универсал, кўп соҳали ва соҳа кутубхоналарга ажратиш мумкин. Кутубхоналар ўз навбатида, фаолияти, минтақавий даражасига, мансублигига қараб яна турларга бўлинади (миллий кутубхона, давлат кутубхонаси, вилоят кутубхонаси, ўсмирлар кутубхонаси, қишлоқ хўжалик кутубхонаси ва бошқалар). Фан-техника тараққиёти шароитида алоҳида кутубхоналар китобхонларнинг талабларини қондиришга қодир эмас. Шунинг учун кутубхоналарни биргаликда фаолият кўрсатиш жараёни кузатилмоқда. Бу кутубхона тармоқларини марказлаштиришда намоён бўлмоқда.
Ҳар қандай кутубхонанинг асосий вазифаси китоб фондини жамлаш, жойлаштириш ҳамда китобхонларга хизмат қилишдан иборат. Китоб фондини жамлаш учун ушбу кутубхонага керакли нашрлар мунтазам кузатилиб борилади, аниқланади ва уларни кутубхонага олиш кутубхона коллектори орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, йирик кутубхоналар босма нашрларининг тўлиқ ёки қисман назорат нусхасини олиш ҳуқуқига эга, шунингдек, улар учун мамлакат ичида ва чет мамлакатлардан китоблар сотиб олиш имкон яратилади. Китобхонларга хизмат кўрсатиш даражаси кутубхона фондини тўлиқ тўплашга бир мунча боғлиқ.
Китоб фондини тўғри ташкил қилиш (ҳисобга олиш, жойлаштириш, сақлаш ва китобхонга етказиш) китобхонга адабиётдан фойдаланишни, кутубхоначига эса китобхонга тез хизмат кўрсатишни, фондни ижтимоий мулк сифатида сақлашни таъминлайди.
Китобхонга хизмат кўрсатишнинг турли йўллари мавжуд: китобхонга абонемент, қироатхона ҳамда кўчма кутубхона орқали китоб бериш; айрим китобхон ва корхоналарга китоб танлашда ёрдам бериш; кутубхона каталоги тизими орқали китоб фондини ёритиш; турли хил ахборот-библиография қўлланмалари тузиш ва ҳоказо.
Замонавий илмий-техника тараққиёти кутубхоналар ишини мураккаблаштирмоқда. Кўплаб босма асарларни ишлаб чиқаришнинг беқиёс даражада ўсиши кутубхоналар олдига кўп ҳажмдаги нашрларни танлаш, саралаш ва оқилона сақлаш, компьютерлар воситасида излаб топиш ва тезда китобхонга етказиш масалаларини кўндаланг қўяди.
Кутубхоналар фаолияти шароитидаги ўзгаришлар аввалги сермеҳнат анъанавий кутубхона техникасини механизациялаш вазифасини долзарб қилиб қўймоқда. Ўтган асрнинг 50-60-йилларидан кутубхоналарни таъминлаш бирмунча ўсди. Айрим кутубхоналар ички жараёнлари (йирик кутубхоналарда кўп китобларни ҳаракатлантириш) конвейер ва кўтаргичлар ёрдамида амалга оширилади, китоб фондларидан биргаликда фойдаланишда замонавий услубларни қўллаш, энг янги техника (жумладан, ЭҲМ)дан фойдаланиш ва бошқалар қўлланилмоқда. Янги кутубхона анжомлари жойларидан унумли фойдаланишни, кутубхоначи меҳнатининг унумдорлигини оширишни таъминламоқда, китобхонларни адабиёт устида ишлашини енгиллаштиришга ёрдам бермоқда ҳамда ишлаб чиқариш эстетикаси талабларига тўлиқ жавоб беради.
Замонавий техника кутубхоначини қўл меҳнатидан озод этиб уни асосий вазифаси китобхонлар билан тарбиявий ишлар олиб боришга кўпроқ вақт ажратишга имкон яратмоқда. Дунёдаги энг йирик кутубхоналар: АҚШнинг Конгресс кутубхонаси (Вашингтон), Британия кутубхонаси (Лондон), Франция, Австрия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлар миллий кутубхоналари, Россиядаги Давлат кутубхонаси (Москва) ва бошқалар (дунёдаги йирик кутубхоналар ҳақидаги маълумот 3-иловада берилган).
Ўзбекистонда Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Асосий кутубхонаси, Ўзбекистон Миллий университетининг асосий кутубхонаси, «Турон» кутубхонаси ва бошқа йирик кутубхоналар мавжуд.
Кутубхоналарнинг асосий вазифалари ва адабиётларни жойлаштириш тартиби. Кутубхоналар асосан, қуйидаги асосий ишларни бажаради:
ҳамма китоблар, журналлар, газеталар, хариталар, ноталар ва бошқа матбуот асарларини тўплайди ва асраб қўяди. Ўз китоб фондларини кундалик барча долзарб нашрларнинг қўшимча нусхалари билан тўлдиради;
чет элларда нашр этилган илмий, бадиий ёки амалий аҳамиятга эга бўлган асарларни сотиб олади ёки бошқа китобларга алмаштиради;
кутубхоналар ўз фондларида бўлган босма нашрларни китобхонларига ўқиш залларида фойдаланиш учун беради. Китобхонлар сўраган материаллар кутубхонада бўлмаган тақдирда, баъзи ҳолларда вақтинча фойдаланмоқ учун бошқа кутубхоналардан сўратиб олади;
китобхонларга абонемент бўйича китоблар, вактли нашрлар ва адабиётнинг махсус турларини бериб туради, шунингдек, давлатнинг турли органларига, илмий муассаса ва кутубхоналарга библиографик хизмат кўрсатади;
кутубхона энг яхши, энг долзарб адабиётни ташвиқ қилади ва каталоглар ҳамда картотекалар, шарҳлар, китоб кўргазмалари, конференциялар, маърузалар ва маслаҳатлар ташкил қилиш йўли билан китобхонларга китоблар танлашга ёрдам беради;
кутубхона ўзида бўлмаган китобларни олиш мақсадида ошиқча китоб нусхаларини бошқа кутубхоналарга юбориб, китобларни алмашлаб туради;
кутубхона кутубхоналар ва китобхонлар учун библиографик қўлланмалар тузади ва нашр этади. Йирик кутубхоналар кутубхонашунослик, библиография ва китоб тарихи соҳаларида илмий текшириш ва илмий-услубий ишларини ҳам олиб боради, маҳаллий кутубхоналарнинг ишларига услубий жиҳатдан раҳбарлик қилиб туради ҳамда республиканинг оммавий ва илмий кутубхоналарига услубий ва амалий ёрдам бериб туради.
Кутубхонада китобхонларга китоб бериш жараёнида доимо китобларни полкалардан қидиришга, қайтарилган китобларни эса полкаларга қўйишга тўғри келади. Китоб олиш пайтида китобхонларнинг ошиқча кутиб турмасликлари учун, бу вазифани дарҳол ва тез бажариши катта аҳамиятга эгадир.
Кутубхоналарда ушбу жараённи тезлатиш мақсадида, китоблар полкаларда мазмунига қараб, яъни бўлимларга ажратилиб, ҳар бўлим ичида эса алфавит тартибига қараб жойлаштирилади.
Китобларни бўлимларга ажратиш учун бир бўлимга кирадиган ҳамма китобларга шу бўлимнинг белгиси - индекси қўйилади. Индекслар тартибида китобларни полкаларга жойлаштириш, уларни мазмунларига қараб жойлаштириш демакдир.
Кутубхоначи ҳар бир бўлим ичида китобнинг алфавит тартибида олдин ёки кейин келиши тўғрисида ўйлаб ўтирмасданоқ, китобни ўз жойига қўйиши учун, ҳар бир китобга индексдан ташқари муаллиф белгиси қўйилади.
Муаллиф белгилари тартибида китобларни полкаларга жойлаштириш, уларни алфавит тартибида жойлаштириш демакдир.
Индекс, махсус тузилиб нашр қилинган классификациялаш жадвалига қараб қўйилади.
Китобнинг индекси муаллиф белгиси билан бирликда китобнинг шифри деб аталади. Шу тариқа тузилган шифр китобнинг полкадаги ўрнини билдиради.
Шифр китобнинг титул варағига, муқовасига, формулярига, каталог карточкасига каср шаклида - юқорисига индекс, пастига муаллиф белгиси қўйиб ёзилади.
Муаллиф жадвали ўзбек тилининг хусусиятларига мослаб тез-тез учрайдиган сўз бўғинлари юзасидан тузилгандир. Ҳар бир ҳарф учун олинган сўз бўғинлари алфавит тартибида 11 дан 99 гача бўлган рақам билан (юқоридан пастга қараб) жойлаштирилгандир. Жойни тежаш мақсадида рақамлар қўшни ҳарфлар учун тузилган бўғин қаторлари оралиғига ўрнатилган. Шу сабабдан бу рақамлар икки томондаги сўз бўғинлари учун ҳам ишлатилади.
Масалан:
Арх 81 Бой
Ас 82 Бок
Аси 83 Бол
Асм 84 Бом
Аст 85 Бон ва ҳоказо.
Муаллиф белгиси жадвалдан муаллиф фамилиясининг биринчи ҳарфига тегишли бўғинни топиш йўли билан аниқланди.
Машҳур рус кутубхоначиси Л.Б.Хавкина томонидан русча китоблар учун тузилган муаллиф жадваллари биринчи марта 1916 йилда нашр этилди. Кейинча бу жадваллар бир неча марта қайтадан ишланиб, нашр этилган.
Муаллиф жадваллари рус тилидан ташқари 20 дан ошиқ тилларга мослаб тузилиб, нашр этилган.
Китобларга муаллиф белгиларини қўйиш олдидан бу хусусдаги қоидалар билан яхши танишиб чиқиш ва иш жараёнида шубҳа туғилса, қуйидаги қоидалардан фойдаланиш тавсия қилинади:
1. Муаллиф белгиси китобни каталог карточкасига ёзиш учун ишлатиладиган биринчи сўзнинг бош ҳарфи ва жадвалдан олинган икки хонали
рақамдан иборатдир. Бу сўз кўпинча китоб муаллифининг фамилияси
бўлганлигидан, бериладиган белги муаллиф белгиси номини олгандир.
Муаллиф белгисини топиш учун муаллиф фамилиясининг биринчи ҳарфига лойиқ жадвал бетидан, шу фамилияга тўғри келадиган бўғинни ва унинг ёнидаги рақамни қидириш керак. Фамилиянинг биринчи ҳарфи билан ҳалиги рақам муаллиф белгисини ифодалайди.
Муаллиф белгисини қўйишда, муаллиф фамилиясига энг яқин келадиган бўғинга тўхташ лозим. Масалан, жадвалда Чўлпон фамилиясига яқин келган «Чў» ва «Чўл» бўғинлари мавжуд. Булардан Чўлпон фамилиясига энг яқин келадигани «Чўл» бўғинидир. Шунинг учун муаллиф белгиси учун фақат шу бўғиндан фойдаланиш тўғридир.
Ушбу қоидага риоя қилмаслик, китобларни полкада жойлаштиришда алфавит тартибини бузишга сабаб бўлади.
Муаллиф белгисидаги ҳарф рақамдан ажратиб ёзилмайди. Фақат «ноль», «уч» ва «тўрт» рақамларига ўхшаш «0», «3» ва «Ч» ҳарфлари мавжуд бўлган муаллиф белгиларида ҳарф билан рақамлар орасига қисқа тире қўйилади.
Жадвалда муаллиф фамилиясининг олдинги ҳарфларига мувофиқ бўғин топилмаса, унинг жадвалдаги жойини фикран белгилаб, муаллиф белгисини олдинги сўз бўғинига қараб олиш керак.
Агар китоб муаллифлар жамоаси томонидан ёзилган бўлса, муаллиф белгиси биринчи муаллиф фамилиясига қараб олинади.
Икки ёки ундан ҳам кўпроқ жилдли асарларга муаллиф белгиси қўйишда, жилд сони муаллиф белгисининг тагида ёзилади.
Муаллифи кўрсатилмаган китобларга муаллиф белгиси китоб сарлавҳасининг биринчи сўзига мувофиқ қўйилади.
Муаллифсиз китобнинг сарлавҳаси рақам билан бошланган бўлса, муаллиф белгиси унинг сўз билан ёзилган шаклидан берилади.
Бир муаллифнинг ҳар хил асарларини алфавит тартибида жойлаштириш мақсадида, муаллиф белгиси қаторига кичик ҳарф билан ҳар бир асар сарлавҳасининг биринчи ҳарфи ёзилади. Масалан, А.П.Чехов асарларининг айрим нашрлари «Уйқу босди», «Ванька», «Каштанка»лар учун муаллиф белгилари мана шундай ёзилади: Ч-51у, Ч-51в, Ч-51к.
9. Йирик давлат ва жамоат арбобларининг асарларига муаллиф белгиси қўйишда, булар учун классификация жадвалида ўзларига алоҳида
бўлимлар ажратилганлигини ёддан чиқармаслик керак. Шу сабабдан уларнинг асарларига муаллиф белгиси асар сарлавҳасининг биринчи сўзига
қараб қўйилади.
10.Агар кутубхона каталогида баъзи бир китоблар муаллифлар жамоаси гуруҳи номидан тасвир қилинар экан, булар учун муаллиф белгиси тайинлашда жамоа номининг биринчи сўзини эътиборга олиш керак.
Жамоаларнинг номларидаги биринчи сўзлар бир-бирига тўғри келиб қолса, муаллиф белгиси ёнига биринчи тўғри келмайдиган сўзнинг бош ҳарфи қўшилиб ёзилади.
11. Бир хил китобнинг ҳамма нусхаларига бир хил муаллиф белгиси қўйилади, шу билан бу китоблар полкада қатор жойлашадилар.
12.Биографик асарларга муаллиф белгиси биографияси тасвир қилинган шахснинг фамилиясига қараб берилади ва муаллиф белгисига асарни ёзувчининг биринчи ҳарфи қўшилади. Бу тартиб айрим шахсларнинг биографияларини полкада бир жойда тўплашга имконият беради.
13.Ўзбек тилида кўп китобларнинг сарлавҳаси «Ўзбекистон» сўзи билан бошланади. Бу сўзларга бериладиган муаллиф белгиларини бир-биридан ажратиш учун уларнинг ёнига қўшимча ҳарфлар ёзилган. Бу ҳарфлар китоб сарлавҳасининг иккинчи сўзига қараб белги қўйишга имконият беради.
Хато қилмаслик учун муаллиф белгиларини ёддан чиқармаслик керак. Китоблар юқори полканинг чап томонидан бошлаб жойлаштирилади. Жойлашда адашмаслик учун кутубхоначи алфавит тартибини яхши билиб олиши лозим.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси. Ҳозирги вақтда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси деган номга эга бўлган Тошкент халқ кутубхонаси китобхонларнинг фойдаланиши учун 1870 йил июнь ойида очилган. Бироқ ундан олдин ҳам, яъни 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилингандан сўнг дарҳол ўлка маъмурияти Россиянинг Ўрта Осиёдаги ерлари марказда ўрганилмаган кенг ва бой ўлкани тезроқ ўрганмоқ учун зарур бўлган ва махсус китоблар билан тўлдирилган кутубхона ташкил этиш тадбирларини кўра бошлади. Шундай қилиб, кутубхона фақат бизнинг республикамиздагина эмас, балки бутун Ўрта Осиё ҳудудларида ҳам биринчи илмий муассаса бўлди. Бу кутубхонага 1887 йилда Туркистон халқ кутубхонаси деган ном берилди.
Кутубхона ўзининг дастлабки 47 йипги фаолияти давомида чор Россиясининг кўпгина чекка ўлкаларидан биридаги кутубхона сифатида ўсди ва ривожланди. Бу кутубхона маҳаллий ўлкашунослик музейи билан қўшилиб, маҳаллий маъмуриятнинг доимий назорати остида, асосан Ўрта Осиёга ва қўшни мамлакатларга тааллуқли асарлар билан ва бирмунча умумий адабиёт билан тўлдирила борди. Ўша даврда кутубхона Тошкентнинг фақат рус аҳолисига хизмат қилиб келди, ундан асосан офицерлар, амалдорлар ва уларнинг оилалари, шунингдек, ўқувчилар фойдаланди. Шунга қарамай, маъмуриятнинг ниятидан қатъи назар, кутубхона оқартув ишларини олиб бориш билан шуғулланди. XIX аср рус адабиётининг илғор ғояларини аҳоли орасига ёйди. Шунингучун ҳам Туркистон генерал-губернатори М.Черняев томонидан бу кутубхона бирмунча вақт (1883-1884 йиллар) ёпиб қўйилган эди.
Туркистон ўлкасидаги илғор рус арбоблари ва ўлкани ўрганиш билан шуғулланиб келган олимлар кутубхонанинг ҳаётида ва ишида фаол қатнашдилар. Шулардан Ўрта Осиёнинг йирик библиография-китобшуноси ва кутубхонанинг биринчи мудири Н.В.Дмитровскийни ҳамда Ўрта Осиё тарихини яхши билган атоқли академик В.В.Бартольдни ва тарихчи В.Л.Вяткинни кўрсатиб ўтиш мумкин. Уларнинг ва кутубхона дўстлари бўлган бошқа қишиларнинг меҳнатлари туфайли кутубхонада Туркистонга доир адабиётлар фонди вужудга келтирилди. Бу фонд XIX аср охири-XX аср бошларида ҳам ўлкани ҳар томонлама тадқиқ қилишда асосий база бўлиб келди. 1917 йилга қадар кутубхонада 80 минг томга яқин китоб бўлиб, 1916 йилда кутубхонанинг 1500 ўқувчиси бор эди. Булар 36 минг марта кутубхонага келиб, 38 минг китоб олиб ўқиган.
Кутубхона XX асрнинг 20-йиларида губерния миқёсидаги кичкинагина кутубхонадан совет ҳокимияти йиллари мобайнида собиқ Иттифоқнинг катта кутубхоналаридан бирига айланди.
Мамлакатда нашр қилинаётган китоблардан бир нусхаси катта кутубхоналарга юбориб туриш тўғрисида РСФСР Халқ Комиссарлари Советининг 1920 йил 30 июндаги қарори РСФСР Марказий Ижроия Комитетининг 1922 йил 17 июлдаги қарорига биноан Туркистон республикасида ҳам жорий қилинди. Шундай қилиб, 1923 йилдан бошлаб собиқ Иттифоқда нашр қилинаётган бутун босма маҳсулотни кутубхона мунтазам равишда олиб турадиган бўлиб қолди.
1924 йилда кутубхонага Ўзбекистон ССР Давлат халқ кутубхонаси номи берилди. 1948 йилда эса, улуғ ўзбек мутафаккир шоири Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи байрам қилиниши муносабати билан унга Алишер Навоий номи берилди.
Ўтган асрнинг 50-йилларида кутубхонадаги хилма-хил босма нашрларнинг сони 2 миллион жилддан ошиб кетди ва ундаги китоблар фонди олдинги даврга қараганда 25 баравардан зиёдроқ кўпайди. Китобхонларнинг сони 1916 йилдагига нисбатан қарийб 11 баравар кўпайиб, 16 минг кишидан ҳам ошди ва уларга 700 мингга яқин китоб берилди.
Кутубхона таркибида қуйидаги бўлимлар бор: дирекция, китоб бериш ва китоб фонди бўлими ва бу бўлим ҳузурида кутубхоналараро абонемент ва нодир нашрлар бўлимлари; болалар ва ёшлар адабиёти бўлими; маълумот-библиография бўлими; илмий услубият бўлими; оммавий ишлар бўлими; китоблар тўплаш бўлими ва унинг ҳузурида китоб айирбошлаш бўлими; каталогларни ишлаб чиқиш ва ташкил этиш бўлими; хўжалик бўлими.
Ҳозирги вактда мустақил Ўзбекистон зиёлилари намояндалари, хизматчи, талаба ва ўқувчи ёшлари кутубхонанинг доимий китобхонлари бўлиб қолдилар. Кутубхона китобхонлари орасида ўзбеклар катта фойизни ташкил қилади. Мана шуларнинг ҳаммаси республика маданий ҳаётининг бошқа жуда капа муваффақиятлари билан бир қаторда, суверен республикалардан бири бўлган Ўзбекистон маданиятининг ўсиши учун ҳамма имкониятларни яратиб бермоқда.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси Ўзбекистоннинг марказий кутубхонаси, матбуот асарлари сақланадиган давлат аҳамиятига эга бўлган жой ва кутубхонашунослик, библиография ва китоб тарихи соҳасида республика аҳамиятига эга бўлган илмий муассаса бўлиб хизмат қилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |