Қабул қилиш назорати
Қабул қилиш назорати дорихонага дори воситаларини тайёрлаш учун фойдаланиладиган сифатсиз дори моддалари, шунингдек сифатсиз ўров-жойлов материаллари келиб тушишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилади.
Дорихонага барча келиб тушадиган дори моддалари қабул қилиш назоратидан ўтказилади.
Қабул қилиш назорати келиб тушадиган дори воситаларининг «Тавсиф», «Ўров-идиш» кўрсаткичлари бўйича талабларга мувофиқлиги жиҳатидан текширишдан, шунингдек илова қилинган ҳужжатлар, шу жумладан дори воситаларининг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганлигини текширишдан иборат бўлади.
«Тавсиф» кўрсаткичи бўйича назорат дори воситасининг ташқи кўриниши, агрегат ҳолати, ранги ва ҳидини текширишдан иборат. Дори воситаларининг сифати хусусида шубҳалар пайдо бўлган тақдирда, намуналар қўшимча синовлар ўтказиш учун аккредитациядан ўтган синов лабораториясига (марказига) юборилади. Бундай дори воситалари «Қабул қилиш назорати чоғида яроқсиз деб топилди» деган белги қўйилиб, сақлаш хонасининг изоляция зонасида бошқа дори воситаларидан алоҳида сақланади.
«Қадоқ» кўрсаткичи бўйича текшириш чоғида унинг бутунлигига ва дори воситаларининг физикавий-кимёвий хоссаларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Барча таъсир этувчи моддалар (субстанциялар) сақлаш хоналарида (зоналарида) бутунлигича махсус контейнерларда сақланиши, контейнерлар очилганидан кейин эса, махсус ажратилган тоза хоналарда ювилган ва стерилланган ҳамда тегишлича маркировка қилинган штангласларда сақланиши керак.
Сақлаш хоналарида мавжуд таъсир қилувчи моддалар (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар солинган барча штангласларда уларнинг номи, ишлаб чиқарувчининг номи ва серия рақами, аттестациядан ўтган лабораториянинг таҳлил рақами, яроқлилик муддати, штанглас тўлдирилган сана ва уни тўлдирган шахснинг имзоси қайд этилиши керак.
Ассистентлар хонасида таъсир этувчи моддалар (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар солинган барча штангласларда тўлдирилган санаси, тўлдирган ва модданинг чинглигини текширган шахснинг имзоси бўлиши керак.
Эритмалар, дамламалар ва суюқ ярим фабрикатлар турган штангласлар зарурат бўлганда нормал каплемерлар ёки пипеткалар билан таъминланади. Муайян ҳажмдаги томчилар сони тарозида тортиб аниқланади ва штангласларда қайд этилади. Суюқ дори воситаларининг ҳарфлар билан ёзиб стандарт томчиларда кўрсатилган оз миқдорларини тегишли суюқлик бўйича калибрланган пипеткалар билан ўлчаш керак бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |