Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморларга тиббий ёрдам кўрсатилишида дори воситаларини тайинлаш ва бемор дори воситаларини қабул қилиш Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга тиббий ёрдам кўрсатилишида дори воситаларини тайинлаш даволовчи шифокор томонидан амалга оширилади.
Беморга тайинланган дори воситалари (дори воситаларининг номи, бир кунлик дозаси, қабул қилиш ёки юбориш усули, миқдори, давомийлиги ва бошқалар) унинг тиббий ҳужжатлари (касаллик тарихи ва бошқалар)да қайд қилинади ва бевосита даволовчи шифокор томонидан имзоланади.
Дори воситасига индивидуал муросасизликда ва (ёки) бемор ҳолатидан келиб чиққан ҳолда даволаш-профилактика муассасасининг Доимий фаолиятдаги ҳайъати томонидан Асосий дори воситалари рўйхатига, шу жумладан даволаш стандартларига кирмайдиган дори воситаларининг тайинланиши ва ёзилиши уларнинг ҳалкаро патенланмаган номлари бўйича амалга оширилади. Даволаш-профилактика муассасасининг Доимий фаолиятдаги ҳайъати қарори беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилади.
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморга унинг ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатилишида зарур ҳолларда Асосий дори воситалари руйхатига кирмаган дори воситалариҳам даволовчи шифокор томонидан тайинланиши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда беморга дори воситаларининг асосли тайинланганлиги даволаш-профилактика муассасасининг бўлим мудири ёки навбатчи шифокор ёхуд клиник фармаколог билан келишилиши лозим:
беморга бир вақтнинг ўзида беш ва ундан ортиқ дори воситалари тайинланганда;
асосий касалликнинг асоратлари ёки ҳамроҳ касалликлари мавжуд бўлганда;
Ўзбекистон Республикасининг 2016-йил 25 августдаги 62-сон буйруғи билан тасдиқланган “Дори воситаларининг хавфли комбинациялари рўйхати”да кўрсатилган дори воситаларининг хавфли комбинациялари мавжуд бўлганда;
дори воситасига индивидуал муросасизликда ва (ёки) бемор ҳолатидан келиб чиққан ҳолда Асосий дори воситалари рўйхатига, шу жумладан диагостика ва даволаш стандартларига кирмайдиган дори воситалари тайинланганда;
дори воситаси қўлланилиши натижасида касалликнинг ўзига ҳос кечмаслигида, дори воситалари ўзаро таъсири ва мутаносиблигининг ўзига хослиги туфайли айрим дори воситаларининг қўлланилишига доир йўриқномаларга мувофиқ тайинланиши фармакотерапиянинг самарадорлиги ва хавфсизлигига ва (ёки) бемор ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолларда.
Юқорида санаб ўтилган ҳолларда тайинланган дори воситалари беморнинг тиббий ҳужжатларида қайд этилиши ва ушбу тиббий ҳужжатлар бевосита даволовчи шифокор ҳамда бўлим мудири ёки клиник-фармаколог томонидан имзоланиши лозим.
Даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда даволанаётган беморларга даволовчи шифокор томонидан ушбу муассасада мавжуд бўлмаган дори воситаларини тайинлашга рухсат беморнинг касаллик варақасида ушбу дори воситасининг бемор ҳисобидан олинганлиги тўғрисидаги маълумотни киритиш шарти билан берилади.