4.8. Дорихона ходимлари учун санитар-гигиеник талаблар Дорихона ходимлари учун санитар-гигиеник талаблар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Дорихоналар учун санитария қоидалари ва уларнинг гигиеник меъёрлари ва жихозларига қўйиладиган талаблар” (СанПин Р.Уз № 0337-16)да келтирилган. Унга кўра дорихона ходимлари қуйидаги қоидаларга амал қилишлари шарт:
-дорихона ходимлари ишга келганда устки кийим ва пойафзалини алмаштириши зарур;
-иш бошлашдан аввал ходим қўлларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Дорихоналар учун санитария қоидалари ва уларнинг гигиеник меъёрлари ва жихозларига қўйиладиган талаблар” (СанПин Р.Уз № 0337-16)нинг 1-иловасига мувофиқ ювиши керак;
-ҳожатхонага киришдан аввал иш кийими ечилиши ва ташрифдан сўнг қўлларни ювиш ва дезинфекция қилиш зарур;
-дорихонадаги иш кийими ва пойафзалида ташқарига чиқиш ман этилади.
Дорихонада ишлаб чиқариш жараёнига жалб этилган ходимларнинг иш жойлари ва иш киймининг чўнтакларида дастрўмолдан ташқари шахсий буюмларни сақлаш таъқиқланади. Дори воситаларини тайёрлаш, назорат қилиш, ўраш билан шуғулланадиган шахслар тирноқларини қисқа кесиб, лак билан қопламасликлари ва бармоқларига узукларни киймасликлари керак.
Санитария кийимлари ва санитария пойафзаллари амалдаги қоидаларга мувофиқ ходимларига берилади. Санитария кийимларини алмаштирилиши ҳафтада камида 2 марта, зарур бўлганда ундан тез амалга оширилиши керак. Бунинг учун фармацевт ходимларининг камида иккита тўплам иш кийими бўлиши керак.
Дори воситаларини ишлаб чиқариш ва қадоқлаш билан шуғулланадиган ходимларга шахсий фойдаланиш учун тоза сочиқ берилиши керак.
Дорихона ходимларини ишга қабул қилиш жараёнида тиббий кўрикдан ўтказилади. Кейинчалик мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтилади ва бу ҳақида махсус китобчага қайд этилиб борилади.
Тиббий кўрик натижаларига кўра касаллик ёки касаллик ташувчи бактерияларни мавжудлиги аниқланган тақдирда, ходимни дори воситаларини тайёрлаш, қадоқлаш, сифатини назорат қилиш ва беморларга бериш ишларига фақатгина, уни даволангани ҳақидаги маълумотномага ва бактерияларни ташувчанлиги бўйича манфий натижа бўлгандагина ишга қўйилади.
Дорихона ходимлари хар йили бўлиб ўтадиган “Шахсий гигиена” мавзусидаги семинарлар-тренингларда қатнашишлари, ўз фаолиятларида амалдаги техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишлари зарур.