25.2. Жаҳон хўжалигининг глобаллашуви йўналишлари ва зиддиятлари
Иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви билан бир қаторда глобаллашуви жараёни ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ҳар иккала тушунча ўзаро боғлиқ бўлиб, улар жаҳон хўжалиги субъектларининг умумий мақсадларга эришиш йўлидаги хатти-ҳаракатларининг бирлашуви жараёнини акс эттиради.
Шунингдек, бу тушунчалар бир-биридан фарқланади. Биринчидан, улар бир хилда бўлмаган хўжалик бирлашмалари миқёсларини ифодалайдилар. Олдинги ўринда кўрсатилганидек, байналминаллашув жаҳон хўжалигининг бир неча субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни ўрнатилиши ва ривожланишининг дастлабки босқичи ҳисобланади. Глобаллашув (лотинча globus – ер курраси) жаҳон хўжалигининг бутун маконини қамраб олувчи иқтисодий муносабатлар ягона тармоғининг ташкил топиши ва ривожланишини англатади.
Бугунги кунда глобаллашув жараёни аҳамиятининг тобора ошиб бориши иқтисодий адабиётларда унинг ривожланиш йўналишлари ва зиддиятлари каби масалаларнинг ҳам кўриб чиқилишини тақозо этмоқда1.
Глобаллашув узоқ вақт давомида таркиб топувчи ҳамда бутун борлиқни қамраб олувчи башарият миқёсидаги иқтисодий тизимни намоён этади. Ҳозирда у жаҳон хўжалигининг умумжаҳон тавсифига эга ҳамда яхлит ҳолда бутун инсониятга тааллуқли бўлган маълум бир унсурларини ўз ичига олиши мумкин. Шунга кўра, ҳозирги вақтда жаҳон хўжалигининг глобаллашув йўлидаги ривожланишининг дастлабки қадамлари, йўналишлари амалга ошмоқда.
Глобаллашувнинг йўналишлари макроиқтисодиётга нисбатан сифат жиҳатидан янги бўлган иқтисодий муносабатлар турининг таркиб топишига олиб келади. Глобаллашув жараёнининг қуйидаги йўналишларини ажратиб кўрсатиш мумкин.
Биринчи йўналиш – мулкчилик муносабатларининг глобаллашуви. Ҳозирда мулкий ўзлаштиришнинг мамлакатлар ҳудудидан четга чиқувчи, кўплаб давлатларнинг иштироки асосида рўй берувчи кўринишлари амал қилмоқда. Буларга трансмиллий корпорациялар (ТМК), шунингдек ТМКнинг халқаро бирлашмаларини мисол келтириш мумкин.
Европа иттифоқи тажрибаси шуни кўрсатадики, минтақавий интеграциялашув миллий тузилмалардан юқори турувчи органларни таркиб топтириши мумкин. Бу органлар ЕИга аъзо давлатларнинг мулкчилик муносабатларини ҳам маълум даражада тартибга солади.
Иккинчи йўналиш – кооперация ва меҳнат тақсимотининг нисбатан юқори даражасига ўтиш. Юқори даражада ривожланган мамлакатлар ҳозирги замон мураккаб меҳнат кооперациясига хос бўлган хўжалик ўзаро алоқаларининг жуда катта тармоғига киришиб кетганлар. Энг мукаммал техника воситаларини яратишда турли мамлакатлардан етказиб берилувчи кўплаб бутловчи қисмлардан фойдаланилади. Масалан, АҚШ «Боинг» самолётини ишлаб чиқаришда бутловчи қисм ва деталларни мингга яқин хорижий фирмалардан олади.
Учинчи йўналиш – хўжаликни ташкил этишнинг бутунлай янги шаклларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши. Жаҳонда хўжалик алоқаларини ташкил этиш шаклларининг тубдан ўзгариши кўп жиҳатдан ахборот тарқатишнинг глобаллашуви билан боғлиқ. Жумладан, янги асримизнинг дастлабки даври учун қуйидаги жараёнлар хос бўлади: а) бутун жаҳонни тўлиқ компьютерлаштиришни тақозо этувчи глобал ахборот тизимлари (Интернет сингари) янада ривожланади; б) сунъий йўлдошлар имкониятларидан фойдаланишнинг янги тизими уяли телефон алоқасидан йўлдошлар орқали таъминланувчи глобал алоқага ўтиш имконини беради; в) инсоният очиқ ахборотлашган жамият томон интилади; г) Интернет орқали савдо тизими кенг ривожланади.
Тўртинчи йўналиш – халқаро иқтисодий ташкилотларнинг тартибга солувчи роли ривожланади. Жаҳон хўжалиги субъектларининг ўзаро алоқаси ҳамда ўзаро боғлиқлигининг кенгайиши ва кучайиши глобал муаммоларни ҳал этишда тобора кўпроқ давлатларнинг иштирок этишини тақозо этади. Бу муаммоларнинг мураккаблашуви уларнинг ўз вақтида ва тезкорлик билан ҳал этилишида ҳукуматлараро ва ноҳукумат (ишлаб чиқарувчилар, компаниялар ва фирмалар, илмий жамиятлар ва бошқа ташкилотларнинг бирлашмалари) халқаро иқтисодий ташкилотларининг фаолиятини заруриятга айлантиради.
Шунингдек, жаҳон хўжалиги глобаллашуви жараёнларининг зиддиятли томонлари ҳам мавжуд. Бу зиддиятларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:
Do'stlaringiz bilan baham: |