Такрорлаш учун савол ва топшириқлар:
Давлатнинг аҳоли даромадларини шакллантириш сиёсати деганда нимани тушунасиз? Ижтимоий адолатни таъминлашда бу сиёсатнинг роли қандай?
Аҳоли даромадлари тушунчасини ва унинг даражасига таъсир кўрсатувчи омилларни санаб кўрсатинг.
Турмуш даражаси ва унинг тушунчасига изоҳ беринг. Турмуш даражасини қандай кўрсаткичлар тавсифлаб беради?
Даромадлар тенгсизлигининг асосий сабабларини санаб кўрсатинг ва тушунтириб беринг.
Лоренц эгри чизиғи нимани англатади? Унинг мазмунини мисоллар ёрдамида баён қилинг.
Жини коэффициенти қандай аниқланади? Ривожланган мамлакатларда мазкур коэффициент қийматининг ўзгариш тенденциялари нима билан изоҳланади?
Ўзбекистонда давлат ёрдам дастурлари тизимини ислоҳ қилиш ва уни ҳозирги даврдаги асосий йўналишларини изоҳланг.
Мамлакатимизда «Ижтимоий ҳимоя йили» давлат дастури доирасида қандай ишлар амалга оширилди?
Кейинги йилларда Ўзбекистонда аҳоли даромадларини ошириш борасида қандай натижалар қўлга киритилмоқда?
Мамлакатимиздаги аҳоли даромадлари таркибининг ўзгаришида қандай тенденциялар кузатилмоқда?
IV - б ў л и м
Ж а Ҳ о н х ў ж а л и г и
25-БОБ. ЖАҲОН ХЎЖАЛИГИ ва унинг эволюцияси
Олдинги бобларда иқтисодий муносабатларнинг намоён бўлиш хусусиятлари ва қонуниятлари алоҳида олинган хўжалик субъектлари ва миллий иқтисодиётларга нисбатан кўриб чиқилган эди. Шунингдек, бу муносабатларни нафақат алоҳида хўжалик субъектлари ва иқтисодиётлар, балки бутун жаҳон хўжалигига нисбатан ҳам кўриб чиқиш муҳим ҳисобланиб, бунда мазкур муносабатларнинг намоён бўлиш шакллари мазмун жиҳатдан фарқланади.
Ҳозирги замон жаҳон хўжалиги ривожининг муҳим тамойили миллий хўжаликларнинг байналминаллашуви, шу асосда жаҳон хўжалиги ва аввало жаҳон бозорининг шаклланиши ва ривожланишидан иборат. Бу инсоният тараққиёти учун ижобий бўлган жараёнга етмиш йилдан ортиқ давр давомида дунёнинг икки қарама-қарши ижтимоий-сиёсий тизимига бўлинганлиги қарши таъсир кўрсатиб келди. Ҳозир янги давр бошланди, дунёнинг иқтисодий ривожланиши ва шунга мос равишда Ўзбекистон билан жаҳон ҳамжамияти мамлакатлари ўртасидаги алоқаларнинг бутунлай янги имкониятлари вужудга келди.
Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама алоқаларнинг кенгайиши ва чуқурлашуви ҳар икки томон учун иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан фойдали ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши, унинг миллий хўжалиги кўп даражада нафақат бу мамлакатнинг ички имкониятлари билан, балки унинг халқаро ижтимоий меҳнат тақсимотида қатнашиш даражаси ва миқёси, бутун инсоният ресурслари билан аниқланади.
Бу ҳолатлар жаҳон хўжалиги алоқалари ва миллий хўжаликларнинг иқтисодий ривожланиш муаммоларини алоҳида таҳлил қилишни тақозо этади. Шунга кўра ушбу бобда жаҳон хўжалигининг таркиб топиши, бунда ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви ва глобаллашув жараёнларининг ўрни, халқаро иқтисодий муносабатларнинг шакллари, жаҳон инфратузилмасининг ривожланиши, жаҳон хўжалиги алоқаларини халқаро тартибга солиш масалалари баён этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |