Фискал сиёсатнинг асосий вазифаси иқтисодий сиёсатни амалга ошириш учун давлат пул фондларини марказлашган тарзда ташкил этиш ва ишлатиш орқали иқтисодий барқарорликни таъминлаш.
Фискал сиёсат автоматик ва дискресион сиёсатга бўлинади. Автоматик деганда хукумат томонидан қўшимча чора – табирлар белгиламай мавжуд иқтисодий механизм орқали иқтисодий ўзгаришларга мослашувчан сиёсат тушунилади. Солиқ тўзилмаларини иқтисодий конъюктура ўзгаришига боғлиқлиги ва бошқалар.
Дискресион (лотинча диссреcио – ўз қарорига қараб амал қилувчи) сиёсат давлат томонидан ялпи миллий маҳсулотнинг реал хажмига, бандлик, ифлясия ва иқтисодий ўсишга таъсир кўрсатиш мақсадида давлат томонидан аниқ чора – тадбирларни белгилаш тушунилади. Доимий амал қилувчи қонунлар, қоидалар, меъёрларга қўшимча равишда ёки уларни ўзгартириш бўйича тезкор тарзда мажбурий чора – тадбирлар кўрилади (солиқ реформаси ва бошқалар).
Умуман олганда фискал сиёсат ижтимоий химоя усулларини, бюджет даромадлари ва харажатларини режалаштириш, иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш сиёсати, нарх – навони пасайтиришга таъсир кўрсатиш каби чора – тадбирларни ўз ичига олади.
4.2. Пулни нақд ва нақд пулсиз айланиши, уларни хусусиятлари
Маълумки, кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш босқичлари пуллик муносабатлар орқали амалга ошади. Ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурсларни сотиб олиш, уларни ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиш ва етиштирилган маҳсулотларни сотиш жараёни одатда корхона ва ташкилотлар ўртасида олиб бориладиган пуллик муносабатларга боғлиқ.
Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ўртасидаги ва хўжаликларни ўз ходимлари билан бўладиган ҳисоб – китоб муносабатлари нақд пуллик ва нақд пулсиз шаклда олиб борилади.
Нақд пуллик ҳисоб – китобларга келганда нақд пулнинг харакати банкдан бошланади. Нақд пул банкдан чиккач корхона ва ташкилотлар кассаси орқали ахоли қўлига ўтади. Олди – сотди ва тўлов харакатлари бажарилгач у яна банкга қайтади.
Жумладан, 2017-йилда республикамизда банк кассаларига тушган нақд пуллар жами 39,5 трлн. сўмни ташкил этди. Ушбу пул тушумининг 47 фоизини товарларни сотишдан, 15 фоизи пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидан, 14 фоизи аҳолининг пул маблағларини банк омонатларига жойлаштиришдан, 11 фоизи солиқлар ва бошқа мажбурий йиғимлардан, 13 фоизи бошқа соҳалардан тушумга тўғри келади.
Жами нақд пул тушумида Тошкент шаҳрининг улуши 36 фоиз, Самарқанд 10 фоиз, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 17 фоиз, Андижон, Наманган ва Хоразм вилоятларида 15 фоиз, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 12 фоиз, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида 6 фоиз, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида 4 фоизни ташкил этган.
2017-йилда нақд пул тушумининг 11,8 трлн. сўми ёки 29,9 фоизи йилнинг биринчи ярмига ва 27,7 трлн. сўми ёки 70,1 фоизи йилни иккинчи ярмига тўғри келади.
Мамлакатимизда нақд пул қулланиладиган пул айланиши асосан қуйидаги субъектлар ўртасида бўлади.
1. Давлат ва корхона, ташкилотлар, муассасалар ўртасида (иш хақи, товар сотиб олиш, хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар ва бошқалар)
2. Давлат ва ахоли ўртасида (пенсия, нафақа, бюджетга солиқ тўловлари ва бошқалар)
3. Кредит тизими ва аҳоли ўртасида (қарз олиш, уни қайтариш, пулни жамғармага қўйиш ва олиш, ютуқларни олиш ва бошқалар)
4. Корхона, ташкилот ва муассасалар ўртасида чекланган ҳолдаги нақд пул бўйича ҳисоб – китоблар, чунки улар ўртасидаги ҳисоб – китоблар асосан нақд пулсиз амалга оширилади.
Пулнинг нақд айланиши – бу нақд пул ёрдамида амалга ошириладиган тўловлар йиғиндисидир. Бу айланиш пул ўзининг тўлов ва муомила воситаси функсияларини бажариши билан боғлиқ.
Нақд пуллар муомила воситаси сифатида аҳоли билан корхона, ташкилотлар ўртасида ҳамда аҳоли ўртасидаги товарлар сотиб олинганда ва сотишда қўлланилади.
Пул тўлов воситаси сифатида иш хақи, нафақалар, мукофотлар, якка тартибдаги қурилиш ва бошқа мақсадларга бериладиган кредитлар, суғурта тўлов ва қопламаларини амалга оширишда намоён бўлади.
Ундан ташқари нақд пулнинг айланиши:
- коммунал ва маиший хизматлар учун тўловларда
- солиқ ва бошқа йиғимлар тўловида
- «Ўзбекистон почтаси» хизматлари бўйича тўловларда
- Темир ёъл, ҳаво ёъли ва маҳаллий транспортга тўловларда
- савдода товарларни сотишда
- қуйилмаларни қуйиш ва олишда
- меҳнат ҳақи, пенсия ва нафақалар тўловини амалга оширишда ва бошқа ҳолатларда амалга оширилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, пулни нақд ва нақд пулсиз айланиши бир – бири билан ўзвий боғлиқ, чунки пул нақд пул айланишидан нақд пулсиз айланишга ва аксинча айланиб доимий харакатда бўлиб, умумий пул айланишини таъминлайди.
Корхона, ташкилот ва муассасаларнинг банклардаги ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари қуйидаги холларда нақд пулга айланади:
- Ишчи, хизматчиларга иш хақи беришда
- Кўрсатилган хизмат ва ишлар учун нақд пул тўловида
- Пенсия, нафақа, ҳар хил мукофотлар, суғурта қопламаси тўловида
- Аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олинганда
- Давлат заёмлари ва лоторея билетлари бўйича тўловларда
- Аҳоли банклардан ўз жамғармаларини талаб қилганда ва бошқа ҳолларда
Ўз навбатида нақд пуллар қуйидаги ҳолларда нақд пулсиз айланишга тушади:
- Уй– жой ва коммунал хизматлар учун тўловларда
- Хар хил солиқ ва йигимлар, бож ва жарималар тўловларида
- Алоқа ташкилотларига тўловларда
- Давлат заёмлари, лоторея ва бошқа ўйинлардан тушумлар орқали
- Аҳолини якка тартибдаги банклар билан қурилиш ва бошқа кредит муносабатлари бўйича тўловларда
- Болалар муассасаларидан фойдаланиш бўйича тўловларда
- Дам олиш уйлари ва бошқа соғломлаштириш муассасаларидан фойдаланиш бўйича тўловларда ва бошқа ҳолларда
Пулнинг нақд пуллик айланишга ўтиш жараёни пул муомиласи учун хатарлироқ эканлиги туфайли Марказий банк томонидан у қаттиқ назорат қилинади.
Нақд пуллик муносабатларнинг хусусиятлари яна шундаки, бир пул белгиси бир неча марта тўловларни амалга оширишда иштирок этади. Муомилада бўлган нақд пул массаси маълум бир даврда (ой, чорак, йилларда) ўзгармас бўлиб турган ҳолда нақд пул айланиши пулни айланиш тезлигига кўра муомиладаги нақд пул миқдоридан бир неча марта кўп бўлиши мумкин ва аксинча.
Пул айланишида тўлов айланиши билан нақд пулсиз айланишлар ўртасидаги фарқни билиш лозим. Тўлов айланиши деб пулнинг тўлов воситаси сифатида харакати туфайли вужудга келган пул айланишига айтилади. Нақд пулсиз айланиш тўлов айланишининг таркибий қисми бўлиб нақд пулсиз айланиш ва нақд пул айланишининг пулнинг тўлов воситаси функсияси туфайли юзага келувчи қисми ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |