Ўғитлаш. Кузги буғдой тупроқ унумдорлигига ва ўғитлашга жуда талабчан. У 1 центнер дон ва шунга мувофиқ сомон ҳосил қилиш учун 3,7 кг азот, 1,3 кг фосфор ва 2,3 кг калий ўзлаштиради, ўғитлаш ҳамма типдаги тупроқларда кузги буғдой ҳосилини оширади.
Суғориладиган ерларда, кузги буғдойдан юқори ҳосил олишнинг шартларидан бири етарли миқдорда ўғитларни солишдир. Тажрибаларнинг кўрсатишича, суғориладиган ерларда, ўғитлар кузги буғдой ҳосилини гектардан 26-36 центнерга оширади.
Кузги буғдой 60 ц/га дон ҳосил шакллантирганда озиқа моддаларига талаби ўртача 200-220 кг азот, 60-80 кг фосфор, 130-14 кг калийни ташкил қилади. Аммо у нам билан таъминланганликка, навга, минерал озиқланиш даражасига боғлиқ.
Режалаштирилган ҳосилга, илмий асосланган ўғит меъёрларини белгиланганда тупроқ агрокимёвий картограммаси ҳосил билан чиқиб кетадиган асосий озиқа моддалари, солинган ўғитлардан ва тупроқдан озиқа моддаларнинг ўсимлик томонидан ўзлаштириши коэффициенти ҳисобга олинади.
Ўғитлаш меъёрини белгилашда қайси озиқа элементи етишмаслиги, ўсимликнинг бошқа элементларга ҳам эҳтиёжи ҳисобга олинади.
Суғориладиган ерларда маъданли ўғитларни ерни хайдаш олдидан, экиш билан ва кузги буғдойнинг ўсув даврида бериш яхши нитажа беради.
Кузги буғдой суғориладиган ерларда ўстирилганда маъданли ўғитларга, айниқса, азотли ўғитларга жуда талабчан, ўсимлик найчалаш ва бошоқлаш фазаларида азотли ўғитни энг кўп ўзлаштиради. Бу даврда азотли озиқланиш меъёрида бўлганда, бошоқ яхши ривожланади, ундаги бошоқчалар ҳамда дон сони ошади.
Кузги буғдой фосфордан ўсиш даврининг дастлабки хафталарида жадал фойдаланади ва тупланишдан гуллашгача бўлган даврда умумий ўзлаштириладиган фосфорнинг ¾ қисмини ўзлаштиради. Фосфорли ўғитлар илдиз тизимининг ривожланишига, унинг катталиги ва хажмига, генератив органларнинг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда қурғоқчиликка ва қишга чидамлиликни оширади. Ўсимликнинг фосфор билан яхши таъминланиши азотнинг ўзлаштирилишини яхшилайди. Шунингдек, азотли озиқлантиришни оптималлаштириш ўсимлик томонидан фосфор, калий, кальций ҳамда бир қатор микроэлементларни ўзлаштиришни яхшилайди. Ортиқча фосфор ўсимликнинг мис, темир, марганецни ютишини камайтиради.
Ўсимликнинг меъёридан ортиқ азот билан озиқланиши ўсув органларининг ортиқча ўсиб кетишига олиб келади ва эрта баҳордаги тупроқ намлигини тез камайтиради, кўп поялари нобуд бўлади, ҳамда донлар сифатсиз, майда бўлиб қолади. Туп қалинлиги юқори бўлган экинзорларда, нам ва булутли об-ҳавода фосфорнинг етишмаслиги ва ўсимликда фотосинтезнинг суст ўтиши, ютилган азот ва фотосинтез маҳсулотлари ўртасидаги баланснинг бўзилишига олиб келади.
Азотли ўғитларни кузда юқори дозада солиш ўсимликнинг ортиқча ўсиб кетишига, ёмон қишлашига ва нобуд бўлишига олиб келади. Азот етишмаслиги ёки ортиқчаси ҳам ҳосилни ва унинг сифатини пасайишига олиб келади. Ўтмишдошлар, тупроқ агрокимёвий картограммаси ҳисобга олиниб, азотли ўғитлар экиш олдидан кузда ва баҳорда ўсиш даврида бўлиб берилади. Кузги буғдой айниқса баҳорда, азотли озиқланишга талабчан. Бу даврда уни азот билан таъминлаш ўсимликнинг тез ўсишига, яхши тупланишига ва кўп маҳсулдор тупларни ҳосил қилишига олиб келади.
Суғориладиган ерларда кузги буғдойни ўстиришда ўтмишдошлар кўпроқ агрокимёвий картограмма, нав хусусиятлари ҳисобга олиниб, йиллик ўғитлар миқдори белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |