Алмашлаб экишдаги ўрни. Суғориладиган ерларда арпа учун энг яхши ўтмишдошлар қатор оралари ишланадиган экинлар ва дуккакли ўтлардан бўшаган ерлардир.
Ўғитлаш. Кузги арпа минерал ўғитларга талабчан. Айниқса суғориладиган ерларда ўғитлашнинг самарадорлиги юқори бўлади. Кузда органик ва минерал ўғитлар ерга солиниб шудгор қилинади. Суғориладиган ерларнинг ҳар гектарида 20 тонна гўнг, 180-200 кг таъсир этувчи модда ҳисобида азотли, 100 кг фосфорли ва 80-100 кг калийли ўғитлар берилиши керак. Органик ўғитлар, фосфорли ва калийли ўғитлар ҳамда азотли ўғитнинг 35 кг кузда ерни хайдашдан олдин тупроққа солинади. Суғориладиган ерларда арпани ўсув даврида яъни тупланиш ва най ўраш даврида икки маротаба азотли ўғит билан озиқлантириш катта ижобий натижа беради. Пиво саноати учун етиштириладиган арпа майдонларида кечки муддатда озиқлантириш тавсия қилинмайди. Арпа кеч муддатларда озиқлантирилса дондаги оқсилнинг миқдори ортади ва дон пиво саноати учун яроқсиз ҳолга келади.
Ерни экишга тайёрлаш. Суғориладиган ерларда кузда кузги арпа экиладиган майдонлар чимқирқарли плуглар билан 25-27 см, лалмикорликда 20-22 см чуқурликда хайдалади ва бир йула бороналаш ўтказилади. Хайдаш чуқурлиги ўтмишдош экин ва ўтмишдош экинни олдинги хайдаш чуқурлиги ҳисобга олиниб ўтказилади.
Экиш. Экиш учун йирик, нав сифати юқори ва ҳосилдорлиги юқори бўлган сара уруғлар ишлатилиши керак. Бу арпани бир текис ва қийғос униб чиқишини ва яхши майса ҳосил қилишини таъминлайди. Арпа ҳар бир минтақанинг табиий иқлим шароити учун энг мақбул муддатларида экилиши керак. Суғориладиган ерларда биологик кузги арпа навларини сентябрнинг охири октябрнинг бошида ярим кузги типдаги навларни октябрни иккинчи ва учинчи ўн кунлигида экиш энг мақбул муддат ҳисобланади. Агар ярим кузги дуварак типдаги арпа навлари жуда ҳам эрта экилса, совуқ тушгўнга кадар поя чиқариб қишга чидамсиз бўлиб қолади ва совуқдан зарарланади. Арпанинг барча турдаги навлари жуда кеч экилса совуқ тушиб колиши оқибатида сийрак бўлиб, хатто мутлақо кўкариб чиқмаслик ҳоллари содир бўлиши мумкин. Уруғлар 1 ва 2 синф талабларига жавоб бериши ҳамда фунгицидлар билан ишланиши талаб қилинади.
Экиш усули. Тор қаторлаб (7-8 см), қаторлаб (13-15 см), қаторларни кесиштириб экиш. Очиқ майдонларда қаторларни кесиштириб экиш усули яхши натижа беради. Экиш чуқурлиги 4-6 см.
Экиш меъёри. Арпанинг экиш меъёри экиладиган минтақанинг табиий иқлим шароитига, навнинг биологик хусусиятига, уруғнинг йириклигига, уруғликнинг экишга яроқлилигига қараб белгиланади. Суғориладиган ерларда экиш меъёри ўртача гектарига 4-4,5 млн дона унувчан уруғ бўлиши мақсадга мувофиқ. Экиш энг мақбул муддатдан кечикса, экиш меъёри 10-15 % оширилади. Лалмикорликда кузги арпа гектарига 2-2.5 млн дона унувчан уруғ ҳисобида экилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |