Алмашлаб экишдаги ўрни. Кузги буғдой экишдан олдин уни алмашлаб, навбатлаб экиш тўғри амалга оширилиши муҳимдир. Чунки буғдой якка зироатчилигига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Кузги буғдой ўн йил давомида сурункали равишда битта майдонга экилганда дон ҳосилдорлиги гектар ҳисобига 14,2 центнердан, мунтазам битта далага беш йил давомида экилганда 17,1 центнердан ғўза билан навбатлаб экилганда 51,2 центнердан, ғўза-беда алмашлаб экиш тизимида эса 62,8 центнерни ташкил қилган. Бинобарин кузги буғдойни беда ва соя каби дуккакли экинлардан бўшаган ва ғўзадан бўшаган далаларга экиш юқори дон ҳосилдорлигини таъминловчи омил ҳисобланади. Бу тадбирнинг яна бир муҳим томони шундаки, амлашлаб экиш далаларига экилган кузги буғдой ниҳоятда дуркун ўсади, баравж ривожланади, касаллик ва хашоратлар зарарлай олмайди. Бундай далаларни бегона ўтлар ҳам кам босади, натижада сарф ҳаражат камайиб даромад ошади.
Кузги буғдой ўтмишдошларга талабчан. Далани бегона ўтлардан тозалаш экиш олдидан нам туплайдиган суғоришларни ўз вақтида ўтказиш, ўғит солиш, тупроқни экишга тайёрлаш ҳамда кузги буғдойни оптимал муддатларда экиш учун ўтмишдош экин ҳосили эртароқ йиғиштириб олинади.
Ўзбекистон шароитида суғориладиган ерларда кузги буғдой ҳосили ва сифатига ўтмишдошларнинг таъсири кам ўрганилган. Суғориладиган ерлардаги алмашлаб экишлар учун 50; 62 ва 75 % майдонларни ажратиб, шундан 50 % ёки кўпроғини кузги буғдой учун ажратиш мумкин.
Суғориладиган ерлардаги алмашлаб экиш кузги буғдойни уч йиллик бедадан, ғўзадан, дон ва силосга экилган маккажўхоридан, дуккакли дон, картошка, сабзавот, полиз экинларидан кейин жойлаштириш яхши натижа беради.
Суғориладиган ерларда ўтмишдошларнинг кузги буғдой маҳсулдорлигига таъсирини ўрганиш, алмашлаб экишларда уч йиллик беда ва дуккакли дон экинларидан кейин экилганда ҳосилдорлик маккажўхори силосга экилгандан кейингига нисбатан 3-5 ц/га кўп бўлган.
Кузги буғдой суғориладиган ерларда экилганда ғўза, маккажўхори, сабзавот, полиз, картошка, ем-хашак экинлари, илдиз мевалар, дуккакли дон экинлари учун ўтмишдош ҳисобланади.
АҚШ, Хитой, Хиндистон, Мисрда алмашлаб экишларда ғўзанинг хиссаси 25-50 % дан ошмайди.
Республикада суғориладиган ерларда алмашлаб экишда ғўзанинг хиссаси тупроқ шароитига кўра 40; 50; 60 % бўлиши таклиф қилинмоқда. Бундай алмашлаб экишда кузги буғдой ҳам катта ўрин эгаллайди.
Кузги буғдойни суғориладиган ерларда сурункасига бир майдонда ўстириш, бедали алмашлаб экишдагига нисбатан ҳосилини гектаридан 8,3 ц, кўп йиллик ўтларсиз алмашлаб экишлардагига нисбатан гектаридан 6,7 ц камайтиради.
Кузги буғдойдан кейин экилган ғўза вилт билан кам зарарланади. Яхши ривожланган кузги буғдой, бегона ўтларнинг майсаларини ўстирмайди, ерни улардан тозалайди.
Тажрибаларнинг кўрсатишича, бошоқли дон экинларининг, шу жумладан, кузги буғдойни ҳам сурункали икки йил устма-уст ўстириш, касаллик ва зараркунандалар, бегона ўтларнинг кўпайиб кетишига, тўпланишига олиб келади ҳамда ҳосилдорликни пасайтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |