2.Электр токининг турлари
Электр токини турларга ажратилишида дастлаб ўзгарувчан ва ўзгармас, уларни саноат корхоналарида ишлатилиш соҳаларидан келиб чиққан ҳолда юқори(1000 В дан юқори) ва паст(1000 В гача) кучланишли турларга бўлинади. Ишлаб чиқариш корхоналарида паст кучланишли, асосан 380 В, 220 В кучланишли электр токлари кўп ишлатилади.
Булардан ташқари электр токини ишлатилиши бўйича икки турга бўлинади:
-маиший хизмат электр токлари – буларнинг кучланиши 110÷220 В;
-ишлаб чиқариш электр токлари - кучланиши ≥ 380 В. Юқорида кўрсатилган барча турдаги электр токлари инсон ҳаёти учун хавфли бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам улардан фойдаланишда дастлабки монтаж, яъни улаш ишларидан бошлаб хавфсизлик қоидаларига амал қилиш лозим.
Электр токига улаш ишлари сақлагич, автоўчиргич, рубилниклар орқали амалга оширилади. Инсон ток таъсирига тушиб қолган пайтда дастлаб рубилникдан ток узилади. Агар рубилниклар ишламай қолса, электр токининг таъсиридан инсонларни қутқариш учун ток кучланиши катталигига қараб, 1000 В гача бўлса, ток таъсирида қолган кишининг қуруқ кийимидан тортишга рухсат этилади. 1000 В дан юқори кучланиш таъсирида қолган кишиларни симни узун ёғоч дасталардан фойдаланган ҳолда кўтариб олиш ёки ток симларини қуруқ диэлектрик материалли дастали болталар ёрдамида кесиш билан узиб, токдан тўла озод этиш орқали қутқариш иши бажарилади.
Инсонга таъсири бўйича ток кучи ўлчамлари бўйича ҳам гуруҳларга ажратилади. Бунга кўра, инсон организмига таъсир этиши бўйича ўзгарувчан электр токлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади:
0,5 – 1,5 мА ток кучига эга бўлган электр токи. Бу сезиш бўсағаси деб юритилади. Сабаби бу катталикдаги ток таъсир этганда инсон буни сезади, зарурат бўлганда ўзини бу токнинг таъсиридан олиб қоча олади.
10 – 15 мА ли электр токи. Бу хавфли электр токи ҳисобланиб, бунинг таъсирига тушган киши бировнинг ёрдамисиз ток таъсиридан қутула олмайди(ўзгармас токларда эса 20 мА ли токларда ҳам ўзи қутилиб олиши мумкин).
100 – 110 мА ли ток кучи. Бу ҳалок қиладиган ток дейилади. Бунинг таъсирида 3-4 минут қолган одам ҳалок бўлади.
Инсонга таъсири бўйича ишлаб чиқариш корхоналари ва маиший мақсадларда ишлатиладиган токларнинг кучланишларига қараб ҳозирги кунда қуйидаги турларга ҳам бўлинади:
0 – 42 В. Бу инсон организми сезиши мумкин бўлган, унинг таъсиридан ўзи қутилиши мумкин бўлган кучланишли электр токи ҳисобланади. Бундай электр токлари асосан хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўчма ёритгичлар ҳамда лаборатория машғулотларини ўтказишда ишлатилади;
110 – 220 В. Бу маиший хизматлар, хонадонларда ишлатиладиган электр кучланишлари. Бунинг таъсиридан инсон ўзи қутилиши мумкин эмас;
220 - 1000 В. Бу саноат ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатиладиган асосий электр токи. Бундай катталикдаги ток таъсирида 3-4 минут қолган инсон ҳалок бўлади.
1000 В дан юқори. Бундай турдаги электр токларини юқори кучланишли электр токлари деб аталади ва бу токлар таъсирига тушган инсон албатта ҳалок бўлади.
Инсон танасидан ўтаётган токнинг катталиги электр қурилманинг ва электр токи ҳаракатланаётган занжирдаги барча элементларнинг қаршилигига, шу жумладан инсон танасининг қаршилигига боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |