35-мавзу. ТЕХНИКА ХАВФСИЗЛИГИ, УНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАСИ ВА АҲАМИЯТИ.
Режа:
1.Хавфсизлик техникаси тўғрисида умумий маълумотлар
2.Машина ва механизмларнинг хавфли зоналари
3.Хавфсизликни таъминловчи техник воситалар
1.Хавфсизлик техникаси тўғрисида умумий маълумотлар
Меҳнат муҳофазасининг асосий вазифаларидан бири, ишчиларга хавфсиз иш шароитини яратиб беришдан иборатдир.
Хавфсиз иш шароити, яаъни меҳнат хавфсизлиги – бу ишлаб чиқариш шароитида ишчиларга барча хавфли ва зарарли омиллар таъсири бартараф этилган меҳнат шароити ҳолатидир. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ишлаб чиқариш шароитида кўпгина физик ва кимёвий омиллар таъсирида юз беради. Бундай хавфли омилларни юзага келиши технологик жараённинг хусусиятига, иш жиҳозларининг конструксиясига, меҳнатни ташкиллаштириш даражасига ва шу каби бир қанча омилларга боғлиқ бўлади. Хавфли омиллар юзага келиш хусусиятига боғлиқ ҳолда аниқ ва яширин бўлиши мумкин.
Аниқ хавф кўзга кўринарли ташқи белгилари билан тавсифланади. Масалан, машинанинг ҳаракатланувчи қисми, кўтарилган юк ва б. Яширин хавф машина, механизмлар ва иш жиҳозларида яширин нуқсонлар, носозликлар бўлиши билан хусусиятланиб, маълум бир шароитда хавфли ҳолатга, ҳалокатга олиб келади. Яширин хавфларга иш жойининг тартибсизлиги, ифлослиги, хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, иш жиҳозлари ва мосламалардан ноўрин, уаъни бошқа мақсадларда фойдаланиш, узилган электр симлари, ишчининг хато ва нотўғри ҳаракати кабилар ҳам киради.
Ишлаб чиқаришда жароҳатланишларнинг олдини олиш – бу мураккаб муаммо ҳисобланиб, биринчи навбатда машина ва механизмларни лойиҳалаш босқичида хавфсизлик талабларига катта эътибор беришни талаб этади.
2.Машина ва механизмларнинг хавфли зоналари
Инсоннинг ҳаётий-фаолиятида доимий ёки вақтинча хавфли омиллар юзага келадиган жой хавфли зоналар деб аталади. Инсонга, хавфли омиллар бевосита у билан мулоқотда бўлиш орқали ёки белгиланган масофадан кам масофада яқинлашилганда таъсир этиши мумкин. Хавфли зоналар машиналарнинг ҳаракатланувчи ва айланувчи механизмлари атрофида, юк кўтариш-тушириш машиналарининг ишлаш вақтида кўтарилган юк атрофида юзага келиши мумкин.
Айниқса, катта тезликда айланувчи ёки ҳаракатланувчи механизмлар иш кийимини ёки сочни ўраб кетиши эҳтимоли мавжуд жойлар хавфли ҳисобланади. Хавфли зоналар ўлчами доимий ёки ўзгарувчан бўлади. Шу сабабли хавфли омиллардан ҳимояланиш тадбирларини ишлаб чиқишда хавфли зоналар ўлчамини аниқлаш ва ҳисобга олиш талаб этилади.
Юқоридагиларга мос ҳолда барча машина ва механизмларнинг лойиҳасига уларнинг бажариши лозим бўлган вазифаларини ҳисобга олган ҳолда хавфсизлик талаблари ўрнатилади. Умумий ҳолда машина ва механизмлар лойиҳасига қўйилган хавфсизлик талабларига қуйидагиларни киритиш мумкин:
машина вамеханизмларнинг барча ҳаракатланувчи ва айланувчи механизмларига ҳимоя тўсиқлари ўрнатилган бўлиши;
механизм ёки деталлар юзалари ўткир қиррали, нотекис бўлмаслиги (технологик жараён талаби бўйича тайёрланган деталлар бундан мустасно);
машинанинг ўлчамлари хавфсиз ва қулай транспорт ҳолатини таъминлаши;
бошқариш азолари қулай бўлиши;
кабиналарда ишчи учун қулай ва комфорт шароит бўлиши;
тегишли ёритилганлик жиҳозлари билан таъминланиши;
тегишли назорат асбоблари, ишончли тормоз қурилмалари, сигнализатсия тизими бўлиши ва б. Шунингдек, машина ва механизмларнинг айрим механизмларига ҳам алоҳида техник талаблар ўрнатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |