I-боб бўйича хулосалар:
Катта мум куясини сунъий озуқа мухитларида озиқлантириш ва бракон кўпайтириш ҳамда сувни электрокимёвий фаоллаштириш ва ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиш бўйича чет эл ва республикамиз олимлари томонидан бир қатор илмий тадқиқот ишлари олиб борилган. Бироқ ҳозиргача олиб борилган тадқиқот ишларида катта мум куяси куртини озиқлантириш ва ундан бракон кўпайтиришда электрокимёвий фаоллаштирилган сувдан фойдаланиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмаган.
Юқорида келтирилган маълумотлар туфайли сувни электр токи билан фаоллаштириш жараёнларини саноатда ва қишлоқ хўжалигида экологик тоза электр технологияларда қўллаш учун ишлаб чиқиш ва ўрганишга қаратилган илмий изланишлар долзарб бўлиб, муҳим аҳамиятга эга.
II-БОБ. ТАДҚИҚОТ ҲУДУДИНИНГ АГРОИҚЛИМИЙ ТАВСИФИ,
ТАДҚИҚОТ МАТЕРИАЛЛАРИ ВА УСЛУБЛАРИ
2.1-§. Тадқиқот ҳудудининг агроиқлимий тавсифи
Биофабрика шароитида катта мум куяси қуртини электрокимёвий фаоллаштирилган сув асосида озиқлантириш бўйича лаборатория тажрибалари ва ундан кўпайтирилган браконни дала шароитидаги биологик самарадорлигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар 2016-2018 йилларда Наманган муҳандислик-қурилиш институти, Кимёвий ва озиқ-овқат технологиялари кафедраси қошидаги илмий текшириш синов лабораторияси (лабораторияни аттестатлаш тўғрисида гувохнома № 000293), Наманган “Сувоқава” ДК марказий лабораторияси (ўзаро ҳамкорлик шартномаси №2/2015), Наманган “Биосервис” МЧЖ (ўзаро ҳамкорлик шартномаси, 4.01.2016 й.), Наманган вилоятининг Наманган тумани, “Зардўст замин зилол”, Тўрақўрғон тумани “Қўрғонча оқ олтини” ва “Мехринса ая набираси Садоқат” фермер хўжаликларида ўтказилган.
Тадқиқот ўтказилган Наманган вилояти ҳудуди Фарғона водийсининг шимолий-шарқий қисмини ташкил этиб, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон республикалариниг оралиғида жойлашган. Вилоятнинг умумий майдони 7,9 минг км2 га тенг. Наманган вилоятининг Чотқол ва Фарғона тоғлари ўраб олганлиги сабабли бу ерга совуқ оқимларни кириб келиши қийин, табий иқлими жуда юмшоқ бўлиб пахта ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларни ўсиши учун қулай. Бу ерда совуқсиз кунлар 210-230 кунни ташкил этади. Қорли кунлар йилига ўртача 17-40 кундан ошмайди. Ер 30-40 сантиметргача музлаши мумкин.
Вилоятда шўрланган ерлар умумий майдоннинг 25 фоизини ташкил этади, шу жумладан, кучли шўрланган майдонлар 3,2 ўртача шўрланган майдонлар 5,5 ва кучсиз шўрланган майдонлар 14,3 фоизга тенг. Тупроқ-иқлим шароитига кўра, вилоят ҳудудини икки зонага ажратиш мумкин:
1. Шимолий тоғ олди ярим дашт-субтропик зона. Бу зонага Мингбулоқ ва Поп тумани ҳудудларининг жанубий қисмидан ташқари барча туманлар ҳудудлари киради.
2. Жанубий субтропик-чўл зонаси. Бу зонага Мингбулок ва Поп туманининг жанубий қисми киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |