1.1.6. Биолаборатория шароитида бракон кўпайтириш технологиялари
Бракон - пардақанотлилар (Hymenoptera) туркумига, браконидлар (Braconidaе) оиласига, Bracon (Habrobracon) hebetor Say турига мансуб. Бу энтомофаг асосан кўсак қурти, тут парвонаси ва шунга ўхшаш қурт шаклидаги зараркунандаларга қарши биологик усулда қўллаш учун тавсия қилинган. Бракон ташқи паразит бўлиб, кўсак қуртининг ўрта ва катта ёшдаги қуртларини фалажлаб, сўнг устига 4-5 тадан 16 тагача тухум қўяди. Ҳар бир урғочи зот 400 тагача ва ундан ортиқ тухум қўйиши мумкин [132; 416–417-б.].
Вояга етган браконнинг ранги сарғиш қонсимондан деярли қорамтиргача ўзгариб туради. Урғочисининг ўлчами 2-3 мм, қанотлари ёзилганда эса 4-5 мм мўйлаби 16-17 бўғимли, маржонсимон, тўқ жигарранг тусда бўлиб, усти сарғиш тукчалар билан қопланган. Қорни олти бўғимли, оёқлари сарғиш-кулранг, устки томони тўқ-кулранг ва тукчалар билан қопланган, қорни охирида сарғиш жигарранг 0,9-1 мм узунликдаги тухум қўйгичи жойлашган. Эркакларининг мўйлаби 23-26 бўғимли, улар урғочиларига нисбатан бироз кичикроқ. Браконнинг тухуми сутсимон-оқиш, камдан-кам оч-сарғиш, узунлиги 0,45-0,50 мм, эни 0,20 мм, цилиндрсимон, устки қисми бироз ингичкалашган, одатда бироз эгилган [20; 26–28-б., 185; 55–58-б.].
Ғумбаги эркин 2,5-3 мм узунликда, эни 1,6 мм бўлиб, 4 мм ўлчамдаги оқ пиллача ичида жойлашган. Ғумбак охирги ривожланиш даврида малла-жигарранг тус олади. Табиатда браконнинг оталанган урғочи зотлари ўсимлик қолдиқлари остида, дарахтларнинг тўкилмай қолган баргларида, дарахтлар пўстлоқлари остида қишлайди [20; 26–28-б., 185; 55–58-б.].
Эрта баҳорда (март-апрел) ўртача бир кеча кундузги ҳаво ҳарорати 17-20°С га етганда бракон қишлашдан чиқиб 1,5-2 ойгача яшайди ва соябонгуллилар, дуккаклилар ҳамда бошқа маданий ва ёввойи ўсимликлар гул нектари билан озиқланади. Чунки урғочиси тухумларининг етилиши учун улар албатта гул нектари ёки хўжайин гемолимфаси билан озиқланиши шарт [20; 26–28-б., 185; 55–58-б.].
Урғочи бракон зотлари ўлжа танасига тухум қўйишдан олдин уни елкасига тухум қўйгичини санчиб фалажлайди. Натижада қурт ҳаракатсизланиб, озиқланишдан тўхтайди. Шуни қайд қилиш лозимки, бракон ўлжасини зарарлаганда фақат заҳар безидаги қўшимча заҳардан фойдаланади. Умуман олганда битта урғочи бракон заҳаридан 1 млн. 600 минг хўжайин қуртлари фалажланиши мумкин. Браконни ривожланиши учун қулай ҳарорат 27-32°С, ҳаво намлиги эса 75-80 % бўлиши керак. Бу шароитда браконни тўлиқ ривожланиши учун 8-12 кун керак бўлади. Вояга етган бракон ёзда озуқасиз 2-3 кун яшай олади, турли озуқалар билан озиқланганда эса 12 кундан 30 кунгача яшаши мумкин [20; 26–28-б., 185; 55–58-б.].
Браконнинг жинсий маҳсулдорлиги 28-30°С ҳароратда бир кунда ўртача 10-30 дона бўлса, 32-35°С ҳароратда 60 дона. Ҳарорат 16°С дан пасайганда у тухум қўйишдан тўхтайди. Урғочи бракон қуртларни зарарласада, уларнинг ҳаммасига ҳам тухум қўявермайди. Бракон тухум қўйишда хўжайин танаси сиртининг силлиқлигига, сийрак туклигига, унинг тана ўлчамига эътибор беради, яъни юқорида келтирилган кўрсаткичлар қанчалик қулай бўлса, паразит қўядиган тухум сони ҳам шунчалик юқори бўлади. Шунинг учун ҳам, яйдоқчи кўпинча ўрта ва катта ёшдаги қуртларни зарарлайди. Кўп йиллик тажрибаларда кузатилишича, ҳар бир ғўза тунлами қуртининг танасига 50 дан кўпроқ (ўртача 20-25 та), маккажўхори капалаги қурти танасига 40 тагача (ўртача 15 та), катта мум куяси қурти танасига 35-60 тагача (ўртача 20 та), ун куяси қурти танасига 10-12 (ўртача 5 та) тухум қўйиши аниқланган [18; 35–36-б., 20; 26–28-б.].
Ҳаво ҳарорати ва нисбий намлигига қараб тухумлардан личинка чиқиши учун 1-5 кунгача, личинкаларнинг тўлиқ ривожланиши 2 - 6 кунгача ва ниҳоят ғумбаклардан етук зотлар учиб чиқиши учун эса 6-13 кунгача вақт керак бўлади [50; 10–12-б.].
Бир дона ғўза тунлами (Helicoverpa armigera Hbn.) қуртида 60 тагача, маккажўхори (Pyrausta nubilatis Hb.) 40-60, жанубий омбор (Plodia interpunctella H.G.) ва ун парвоналари (Puralis farinalis L.) қуртларида 10 тагача, мум куяси қуртида 30 тагача, арвоҳ капалаги қуртида эса 250 тагача бракон личинкалари ривожлана олиши мумкин. Бракон жуда серпушт бўлиб, уни кўпайтириш шароитларига қараб ва хўжайин турига мос равишда ҳар бир урғочи 100 тадан 800 тагача тухум қўйиши кузатилган. Браконнинг оталанган тухумидан урғочи ва эркак, уруғланмаган тухумларидан эса фақат эркак зотлар ривожланади. Личинкалар хўжайин қурт танасида 3-5 кун озиқланади, кейин эса узунчоқ оқ пиллача ўраб, унинг ичида ғумбакка айланади. Орадан 5-8 кун ўтгач ғумбаклардан вояга етган браконлар учиб чиқади. Одатда жинслар нисбати 1:1 га тенг бўлади. Табиатда урғочи бракон ўз хўжайинини қурти ёшига қаpaб 150-300 тага қадар унинг қуртларини зарарлайди. Экинзорлардаги зараркунанда популяцияси зичлиги катта бўлса, урғочи бракон уларнинг кўпчилигини зарарласада, зарарланган қуртларнинг фақат 60-70 фоизигагина тухум қўяди. [20; 26–28-б.].
Бу тур табиатда учраши билан бир қаторда уни лаборатория шароитида мум куяси қуртларида ёки тегирмон куяси қуртларида кўпайтирилади.
Браконга илмий ва иқтисодий аҳамият берилишининг асосий сабабларидан бири, унинг табиатда зараркунанда капалакларнинг қуртларини миқдорини камайтириши билан боғлиқ. Олиб борилган илмий изланишлар шуни кўрсатдики, Молдавия ва Жанубий Украинада бу энтомофаг табиатда эркин учраб маккажўхори поя парвонаси, қуртларини 5% дан 22% гача, дала тунлами қуртларини эса 35% гача зарарлаганлиги аниқланган [33; 1509–1515-б.].
Марказий Осиё ҳудудларида кўсак қуртини табиатда бракон билан зарарланиши 10-50% ни ташкил қилганлиги аниқланган. Ўзбекистонда эса, июл-август ойларида ғўзада, бракон, кўсак қуртининг 20-45% ини, помидорда 60% гача, карамда эса 30% гача ҳар хил тунламлар қуртларини зарарлагани аниқланган [108; 21–23-б.].
Зараркунанда ҳашаротлар қуртлари сонини ўзгаришига уларда паразитлик қилувчи броконоид оиласига мансуб ҳашаротлар ва тахина пашшасининг таъсири каттадир. Асосан пахтачиликда кўсак қуртини табиий кўпайишини олдини олишда бракон, апантелес казак, тахин пашшалари аҳамиятлидир [113; 42–45-б.].
Браконни оммавий кўпайтириш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади: асалари муми парвонасини кўпайтириш; браконни кўпайтириш; браконни сақлаш. Биолабораторияда бракон кўпайтириш учун пробиркага мум куяси қуртининг 5 ёшдагисидан солинади. Сўнгра 3-4 кун 20%ли шакар суви билан озиқлантирилган ва оталанган битта она браконни қурт солинган пробиркага солинади. Дастлаб она бракон тухум қўйгичини етилган қурт танасига санчади ва шу тариқа қуртни ҳолсизлантиради, орадан 15-30 минут вақт ўтгандан сўнг, ана шу қуртга ўзининг тухумини қўя бошлайди. Она бракон бир дона қуртга 3 донадан 20 донагача тухум қўяди. Унинг тухум қўйиши 18-20 кунгача давом этади. Шунинг учун ҳам бир она браконни 4-5 дона қуртга қўйса бўлади. Бракон қўйган тухумдан 1-2 кунда личинкаси чиқади, у қурт танасига ёпишиб унинг ички борлиғи билан озиқлана бошлайди ва ичида ривожланиш даврини тугатиб пиллачага айланади. 5-6 кундан сўнг пиллачадан вояга етган бракон учиб чиқади. Бу браконларнинг камида 50-60% и оналик бўлиши лозим, агар бракон тўғри етиштирилмаса, оналиги кам бўлади. Шунинг учун ҳам ҳаво ҳарорати 30-35 даражада, намлиги 75-85% бўлганда браконнинг бир авлодининг ўтиши 12-16 кунни ташкил қилиши мумкин. Она браконни (ота бракон билан) 3-4 кун давомида озиқлантириш билан чекланади, шу муддат ичида она бракон оталанади, сўнгра она бракон ажратиб олиниб, қўшимча озиқлантирилади. Шу тарзда тўғри озиқлантирилса, она бракон 24-26 кунгача ҳаёт кечиради акс ҳолда у 5-6 кун яшаши мумкин [23; 49–50-б., 132; 418–425-б., 185; 55–58-б.].
Браконнинг кўп миқдорда тухум қўйишини таъминлаш учун асосан бракон етиштирилаётган хонанинг иссиқлиги, намликни бир меъёрда тутиб туриш, тўғри озиқлантирилиши ва вақти-вақти билан уни авлодини янгилаш ҳамда касалланган имаголардан фойдаланмаслик керак. Бракон парваришида катта мум куяси қурти катта кичиклигига, тўйинганлигига катта эътибор берилиши лозим. Битта она бракон қўшимча озуқа билан озиқлантириб турилса 150-300 донагача тухум қўяди. Талаб этилган миқдордаги оталанган браконлар 3 литрли банкага жойлаштирилади. Сақланаётган бракон ҳар 10 кунда 12 соат давомида асал билан боқилади [23; 49–50-б., 132; 418–425-б., 185; 55–58-б.].
Далага олиб чиқишдан олдин пахта майдонидаги ҳар 100 туп ўсимликка нечтадан қурт тўғри келиши аниқланади ва қуртларнинг қалинлигига қараб турли меёрларда она бракон қўйилади. Браконни лаборатория шароитида доим бир хил озуқада (мум куяси қуртида) кўпайтирилса, унинг морфологик, биологик хусусиятлар ўзгаради, тобора майдалашади, тухум қўйиш сони камаяди, қуртларни фалажлаш хусусияти заифлашади. Далага қўйилганда ҳам қишлоқ ҳўжалиги экинларининг кемирувчи зараркунандаларини зарарлаш хусусияти ёмонлашади. Шунинг учун браконни табиатдаги қуртларда кўпайтириб, янгилаб чиниқтириб, сифатини яхшилаб олиш керак [23; 49–50-б., 132; 418–425-б., 185; 55–58-б.].
Ҳозирги кунда Республикамизда фойдали энтомофагларни ишлаб чиқариш бўйича 873 та биолабораториялар фаолият юритаётган бўлиб, улар томонидан йилига ўртача 44446 млн. донадан ортиқ олтинкўз, 2921 млн. дона бракон ва 9930 кг трихограмма ишлаб чиқарилмоқда [139; 1–12-б.].
Маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотларда бологик воситалардан бири бўлган браконни лаборатория шароитларида кўпайтириш, мавжуд технологияларни такомиллаштириш борасида илмий изланишлар ўтказилган. Шу нуқтаи назардан ушбу бологик воситани лаборатория шароитида янги технологиялар асосида кўпайтиришга қаратилган тадқиқотлар муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |