2. ЎСИМЛИКЛАРНИНГ ЁРУҒЛИК ОМИЛИГА МОСЛАШИШИ
Ўсимликларни ёруғликка бўлган муносабатига кўра уч гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Ёруғсевар (гелиофит) ўсимликлар. Улар ёруғлик етарли бўлгандагина нормал ўсиши ва ривожланиши мумкин. Бундай ўсимликларга дашт, чўл зоналаридаги ўсимликлар, ўтлоқзорлардаги қўнғирбошдошлар ва бошқа баъзи турлар, ўрмон ўсимликлар жамоасининг биринчи қатламини ташкил этувчи баланд бўйли дарахтлар, Ўрта Осиё шароитидаги қисқа вегетация қилувчи кўп йиллик ўт ўсимликларининг эфемероид типидаги ҳаёт шакллари ва бошқалар киради.
2. Соясевар (сциофитлар) ўсимликлар. Улар кучсиз ёруғлик тушаётган жойларда ўсувчи ўсимликлардир. Буларга ўсимликлар қопламининг пастки қатламларида ўсувчи турлар, мохлар, плаунлар, папоротниклар, ёнғоқзолар остида ўсувчи ёввойи хина, тоғгунафша кабиларни кўрсатиш мумкин. Ёруғсевар ва соясевар ўсимликлар морфологик, анатомик ва физиологик хусусиятлари билан бир-бирларидан фарқланади.
3. Сояга чидамли ёки факультатив гелиофит ўсимликлар. Уларнинг кўпчилиги ёруғсевар ҳисобланса-да, ёруғлик унча етарли бўлмаганда ҳам, ортиқча ёруғликда ҳам нормал ўсиб ривожланадиган турлардир. Уларга қўнғирбош, қулупнай, арғувон ва бошқаларни киритиш мумкин.
3. ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЁРУҒЛИК ОМИЛИГА МОСЛАШИШИ
Ёруғлик ҳайвонлар ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Чунончи: а) ёруғлик кўпчилик ҳайвонлар учун фазода мўлжал олишда ёрдам беради. Масалан, асаларилар асалшира кўп бўлган жойни билдириш учун инига қайтгач, узоқ муддат давомида гир айланиб Қуёш билан озуқа жойлашишига нисбатан маълум бурчак ҳосил қилган ҳолда тўҳтайди.
Қушлар эса узоқ жойларга учиб кетаётганида Қуёшга қараб мўлжал олади; б) денгиз ва океан сувлари тагида яшайдиган жониворлар, қуруқликда яшайдиган бахзи қўнғизлар ўз танасидан нур чиқариш хусусиятига эга. Бу ҳодиса биолюминесценция деб аталади. Бундай хусусият содда ҳайвонлардан тортиб балиқларгача хосдир. Бактериялар, замбуруғлар ва айрим тубан ўсимликлар ҳам шундай хусусиятга эгадир. Биолюминесценция ҳайвонлар ҳаётида сигнал вазифасини ўтайди. Сигнал туфайли улар турли ҳаёт жараёнлари (жинсий маросим, душмандан ҳимояланиш, душманни чалғитиш, ўлжага ташланиш кабилар)ни бажаради; в) ёруғлик организмларнинг ривожланишига ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, ўрмон сувсарига қиш мавсумида қўшимча ёруғлик таъсир этилган унинг ҳомиладорлиги тезлашиб, муддатидан олдинроқ болалаган.
Ҳаракатда бўладиган ҳайвонлар ўзига жой танлашда ёритилиш даражасини ҳам ҳисобга олади. Кеча-кундуз давомидаги фаоллик учун маълум даражада ёруғлик талаб этилади. Ҳайвонлар кундузги, тунги ва ғира-ширада фаол ҳаёт кечирувчи турларга ҳам ажратилади.
Шундай қилиб, ҳайвонлар ҳам ёруғликка бўлган муносабатига кўра бир неча гуруҳга чунончи, ёруғсевар, соясевар ҳайвонларга ва ёруғликнинг ўзгаришига кенг ёки тор (қисқа) доирада мослашган гуруҳларга бўлинади.
Саволлар:
1. Ёруғлик организмлар ҳаётида қандай рол ўйнайди?
2. Ўсимликларнинг ёруғлик омилига нисбатан гуруҳланишларини айтинг?
3. Ёруғлик ҳайвонлар ҳаётида қандай аҳамиятга эга?
4. Ҳайвонларда ёруғлик омилига қараб қандай мослашишлар кузатилади?
5. Ҳарорат тирик организмлар учун қандай аҳамиятга эга?
6. Ҳарорат омилига қараб ўсимликлар қандай гуруҳларга ажратилади?
7. Ҳайвонларнинг ҳарорат омилига нисбатан мослашишини тушунтиринг?
8. Намлик шароитига кўра ўсимликларнинг экологик гуруҳланишини тушунтиринг?
9. Ҳайвонлар намлик омилига қандай йўллар билан мослашади?
Do'stlaringiz bilan baham: |