Мавзу бўйича асосий тушунча ва атамалар
Кутубхона-ахборот фаолияти иқтисодиёти - давлат ва жамоат маблағларини сарфлашга ўйлаб муносабатда бўлиш ва бошқа масалалар – адабиётлар сотиб олиш, кутубхона муассасаларининг бошқа эҳтиёжлари учун харажатларни белгилайдиган нормативлар, мезонлар ( критериялар) ни илмий асослаш.
Мустақил кутубхоналар -маблағлар бевосита давлат бюджетидан ажратиладиган кутубхоналар. Уларни таъминлаб турувчи харажатларни эса улар мансуб бўлган идоралар ҳам, молиявий органлар ҳам режалаштиради
Номустақил кутубхоналар - касаба уюшмалари, ўқув кутубхоналар, илмий-тадқиқот ва лойихалаш институтлари, корхона ва ташкилотлар қошидаги ва уларга бевосита бўйсунувчи, молиявий жихатдан мустақил бўлмаган кутубхоналар.
Операцион харажатлар- бу китобларга, вақтли матбуотга обуна бўлиш, кутубхона техникаси ва жихозлари харида қилиш, оммавий тадбирларга ҳақ тўлаш ва шу каби харажатлар.
Маъмурий- хўжалик харажатлар -ходимларни иш ҳақи, хизмат сафарлари учун харажатлар, бинони сақлаш ва бошқа хўжалик эҳтиёжларига қилинадиган харажатлар.
Смета – бу молиявий режа ва маблағ олиш учун асосий хужжатдир. У календарь йил учун белгиланган шаклда тузилади. Сметага бюджет классификациясига мувофиқ моддалар бўйича келгуси йил учун маблағ ва харажатлар рўйхати киритилади
Мавзуни ўзлаштириш учун саволлар
1. Кутубхона - ахборот муассасалари иқтисодиёти нима?
2. Кутубхона ва ахборот ташкилотлари иқтисодиётининг вазифаси нима?
3. Маблағ ажратилиш характерига кўра кутубхоналар қандай турларга бўлинади?
4. Қандай кутубхоналар мустақил кутубхоналар дейилади?
5. Қандай кутубхоналар номустақил кутубхоналар дейилади?
6. Операцион харажатларга қандай харажатлар киради?
7. Маъмурий-хўжалик харажатларига қандай харажатлар киради?
8. Кутубхона сметаси нима?
16-мавзу: Ахборот-кутубхона муассасаларининг иқтисодий ташаббускорлик фаолияти
1.Кутубхона даромади ва харажатлар сметаси: уларнинг таркибий қисмларини характеристикаси, харажатларни гурухлаш.
2.Бюджетдан ташқари даромадларни режалаштириш шакллантириш ва тақсимлаш..
Смета – бу молиявий режа ва маблағ олиш учун асосий ҳужжатдир. У календарь йил учун белгиланган шаклда тузилади. Сметага бюджет классификациясига мувофиқ моддалар бўйича келгуси йил учун маблағ ва харажатлар рўйхати киритилади. Бунда жорий йилда қанча маблағ тасдиқлангани ва қанчаси сарфлангани, келгуси йилга қанча сўралаётгани ва харажатлар рўйхати кўрсатилади. Ҳўжалик харажатларини асослаш учун зарур бўлган маълумотлар (бинонинг майдони, иситиш тизими, сув билан таъминланиш, канализация ва х.к.) ҳам киритилади. Ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг (китобхонлар миқдори, китоб берилиши, қатновлар, кўчма кутубхоналар ва х.к.) қанчаси бажарилганлиги ва келгуси йилга қанча мўлжалланаётгани кўрсатилган холда хисобланади. Сметага хисоблар илова қилинади ва бу харажатларнинг ҳар бири асосланган бўлиши керак. Сметага кутубхона- ахборот ташкилоти раҳбари қўл қўяди.
Тасдиқланган сметага мувофиқ ажратиладиган маблағ бюджетли (сметали) кредит дейилади, уларни ажратилган миқдорда фақат кредит бошқарувчи тасарруф қила олади. Ҳуқуқий даражасига кўра асосий бошқарувчилар – вазирлар, идораларнинг раҳбарлари, бош бошқарма бошлиқлари хисобланади. Иккинчи даражали бошқарувчилар – ўзига қарайдиган идораларга ажратилган барча маблағларни тасарруф қилиш ва зарур бўлиб қолган холатда, улар ўртасида умумий маблағлар чегарасидан чиқмай, ажратмаларни қайта тақсимлаш хуқуқига эга бўлган хокимиятларни бўлим мудирлари хисобланади. Республика ва йирик соха кутубхоналарнинг, шунингдек Ахборот- кутубхона марказлари ва Ахборот-ресурс марказларининг директорлари учинчи даражали бошқарувчилар хисобланади. Улар сметадан ортиқча ва кредитсиз харажатларга йўл қўймаган холда, сметада ажратилган маблағларни аниқ мақсадлар учун тежаб ва ўз вақтида фойдаланишга мажбурдирлар.
Смета моддалари бўйича кредитларни, истисно холлардагина, юқори кредит бошқарувчиларининг рухсати билан қайта тақсимлаш мумкин. Хисоблар ва пул операциялари тўғри расмийлаштирилган ишончли хужжатлар асосида амалга оширилади.
Давлат бюджети бўйича сметага мувофиқ бериладиган маблағларни олиш ва асраш учун давлат банкида нақд пул билан ва нақд пул тўламайдиган барча операциялар учун жорий рақам (счёт) очилади.
Кутубхона-ахборот ташкилотлари сметаларида қуйидаги асосий харажат моддалари қўлланилади.
Иш ҳақи фонди штат бирлиги, тасдиқланган тариф ставкаси лавозимлари миқдорига қараб хисобланади. Штатлар бирлиги миқдорини кўпайтириш юқори органлар томонидан ишлаб чиқилади. Ходимларга иш ҳақи белгилашда Республикамиз бюджет муассасалари учун иш ҳақини белгилашнинг ягона тарификациясига асосланади. Ходимларни разрядлари уларни эгаллаган лавозимлари, маълумот цензи, иш стажи ва бажарадиган вазифаларига кўра белгиланади. Ойлик маош ва унга қўшимчалар ҳамда йиллик умумий маблағ белгиланади. Бу маблағларнинг жами эса йиллик иш ҳақи фонди талаб қиладиган миқдорни ташкил қилади.
Иш ҳақига қўшимча – бу ижтимоий химоя фондига тушадиган, вақтинча ишга яроқсизлик бўйича бюллетенлар ва бошқа ижтимоий тадбирларга ҳақ тўлашга сарфланадиган маблағдир. Эсда тутиш лозимки, бу маблағлар касаба уюшмаларига жўнатиладиган пулнинг фақат мезони, ўлчови хизматини бажаради ва у иш ҳақи фондидан олинмайди. Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тассаруфидаги муассасаларда бу моддага иш ҳақи фонди йиғиндисидан 5,5 % маблағ ажратилади.
Канцелярия ва хўжалик харажатлари ( қоғоз, бланкалар, ёзув анжомлари ва бошқалар) ойлик харажатларнинг ўртача миқдори асосида ёки йил давомида битта китобхонга сарфланадиган ўртача харажат хисобидан чиқилади. Бу моддага алоқа харажатлари- телефон ҳақи, почта, телеграф харажатлари ҳам киради. Шу билан қиммат бўлмаган ёки фойдаланиш муддати бир йилдан ортиқ бўлмайдиган хўжаллик буюмлари сотиб олиш харажатлари, иситиш харажатлари, сув билан таъминланиш, канализация, бинони тоза тутиш, жорий ремонт учун харажатлар ҳам шу моддага киради.
Хизмат сафарлари ва хизмат юзасидан борди- келди харажатлари учун маблағ ажратишни хисоблаш учун тахминий муддати кўрсатилган хизмат сафарлари режаси тузилади. Бориш ва қайтиш қиймати ҳамда, меҳмонхона ва кунлик харажатлар (суткалик) ҳақи белгиланади.
Китоблар ва кутубхона техникаси буюмларини сотиб олиш учун харажатларни аниқлаб зарур китоблар сони, уларнинг ўртача қиймати; вақтли ва обуна нашрларига ёзилиш харажатлари; китобларни муқовалашга, кутубхона техникаси сотиб олишга маблағлар белгиланади.
Жихозлар ва инвентарлар сотиб олишга маблағлар ажратиш қуйидагича режалаштирилади. Керакли мебеллар (стол ва стуллар, стеллажлар, каталог жавонлари ва бошқалар) ва инвентарлар (ёриткичлар, ёзув машинкалари ва компьютерлар, стендлар ва бошқалар) нинг қиймати кўрсатилган рўйхати тузилади. Рўйхат асосида уларнинг умумий қиймати ҳамда модда бўйича тўла харажатларнинг жами хисоблаб чиқилади.
Бошқа харажатларга оммавий ишлар ўтказиш: мусиқали- адабий кечаларда иштирок этган актёрга тўланадиган ҳақ, кўргазмаларни жиҳозлаш ёки плакатлар учун рассомга тўланадиган пул харажатлари киритилади. Оммавий тадбирлар режаси тузилганда унинг бир қисмини жамоатчилик асосида ўтказишни хисобга олиш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |